"Фуқароларнинг давлат пенсия таъминоти тўғрисида"ги қонунга кўра, айрим тоифадаги фуқароларга имтиёзли шартларда пенсияга чиқиш ҳуқуқи берилади. Бу ҳуқуқ уларнинг касби, иш шароити ва меҳнат стажига боғлиқ ҳолда белгиланади.
Янги тартибларга мувофиқ, айрим соҳалар ходимлари ёшидан қатъи назар, ёки умумий белгиланган пенсия ёшидан 10 ёки 5 йил илгари нафақага чиқиш имконига эга бўлади.
Хусусан, уруш ногиронлари, болаликдан ногирон фарзанд тарбиялаётган оналар, лилипутлар ва паканаларга ҳам имтиёзли пенсия ҳуқуқи берилади.
Ёшидан қатъи назар, қуйидаги тоифадаги фуқаролар пенсияга илгари чиқиши мумкин:
– Кончилик соҳасининг етакчи мутахассислари (иш стажи камида 20 йил бўлса);
– Ер ости ва очиқ кон ишларида 25 йил тўлиқ иш куни билан фаолият юритган шахтёрлар ва қурилиш ходимлари;
– Учувчилар ва синов парвоз таркиби вакиллари (эркакларда камида 25 йил, аёлларда 20 йил иш тажрибаси билан);
– Театр ва томоша соҳаси артистлари (ижодий стажи 20, 25 ёки 30 йил бўлса);
– Спортчиларнинг айрим тоифалари (20 йиллик иш стажига эга бўлса).
Шу билан бирга, ҳужжат билан имтиёзли пенсия берувчи ишлаб чиқаришлар, муассасалар, касблар ва лавозимлар рўйхатига ўзгартириш киритиш тартиби ҳам қайта ишлаб чиқилди.
Эндиликда корхоналар рўйхатга ўзгартириш ёки қўшимча киритиш учун меҳнат шароити, хавфсизлик даражаси ва жароҳат хавфи бўйича аттестациядан ўтган бўлиши керак.
Янги тартиблар ишчиларнинг меҳнат шароитига қараб уларнинг ижтимоий ҳимоясини янада мустаҳкамлашга қаратилган.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!