Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олийгоҳлар битирувчиларини ишга жойлаштириш бўйича кенгайтирилган йиғилиш бошланди.
Охирги 7 йилда олий таълимда қабул 4,5 баробар ошиб, қамров 42 фоизга етган бўлсада, кадрлар тайёрлаш тизими реал эҳтиёжга мос эмаслиги қайд этилди. Мисол учун, йилига 20 минг автомобил чиқараётган BYD заводида 100 та бўш иш ўрни бор. Шунинг тўртдан бири – робототехника ва бўёқлаш, роботларни дастурлаш муҳандислари.
Заводда кадр етишмаётгани учун хориждан 80 нафар мутахассис келиб ишламоқда. Завод 4-5 йилда тўлиқ қувватга ўтиб, йилига 500 минг автомобил чиқаришни бошласа, 4 минг нафар олий малакали кадрлар керак бўлади.
«Бу – битта лойиҳа бўйича ҳисоб-китоблар. Яқин 3-4 йилда ишга тушадиган 83 миллиард долларлик йирик лойиҳалар ҳисобига саноатни ўзида 500 мингга яқин кадр зарур», - деди давлат раҳбари.
Йиғилишда олийгоҳлар тайёрлаётган кадрлар билан иш берувчиларнинг талаби ўртасида фарқ катта экани кўрсатиб ўтилди. Мисол учун, енгил саноатнинг ўзида 4 минг нафар олий тоифали кадрларга эҳтиёж бор.
Бу йўналишда йилига ўртача 2,5 минг талаба битиргани билан, улар корхоналардаги замонавий ускуналарда ишлашни билмагани учун 42 фоизи ишга жойлаша олмаяпти. Оқибатда тадбиркорлар четдан тайёр мутахассис жалб қилишга мажбур бўлмоқда.
Давлат раҳбари ишга жойлашишни ҳисоб-китоб қилишдаги камчиликларни танқид қилди. Бу йилги 231 минг олийгоҳ битирувчисидан 125 минги иш топди, деб ҳисобот берилаётгани билан ишли бўлганларнинг 42 минги ўзини ўзи банд қилгани аниқланган.
Ҳар бир талабани олийгоҳда ўқитиб, мутахассис қилиб тайёрлаш учун давлат йилига 25-30 миллион сўм сарфламоқда. Лекин, тўрт йил олийгоҳда ўқиб, диплом олган ёшларнинг ярмидан кўпи кам малака талаб этадиган ишларда банд.
Қирқта олийгоҳга молиявий мустақиллик берилгани бугун ўз самарасини бергани таъкидланди. Масалан, иқтисодиёт, юридик, тиббиёт, тиллар ва педагогика йўналишидаги олийгоҳларнинг етарли маблағи бор. Лекин энг долзарб бўлиб турган қишлоқ хўжалиги, ветеринария, муҳандислик, аниқ ва табиий фанлар (STEM) йўналишидаги айрим олийгоҳлар даромад топишга ўрганмаётгани, ёшлар учун жозибадор эмаслиги кўрсатиб ўтилди.
Президент “тармоқ-корхона-олийгоҳ” занжирини йўлга қўйишни жадаллаштириш зарурлиги қайд этди. Бу борада 25 та муҳандислик олийгоҳи ҳамкор корхоналарда 438 та кафедра очди. Масалан, нефть-газ тармоғи таълим-ишлаб чиқариш кластерларини ташкил қилди. Бухоро техника университети эса нефть-газдан ташқари яна 10 та корхонада 20 та кафедра филиали фаолиятини йўлга қўйди.
Бухоро вилоятида яқин йилларда йирик газ-кимё мажмуаси ишга тушиши кутилмоқда. Хорижий компаниялар томонидан Устюртдаги янги лойиҳалар бўйича ишлар бошланган.
Президент бу қувватларга мутахассислар қаерда тайёрланади, илмий изланишлар ким томонидан олиб борилади, деган саволларга ҳозирдан жавоб топиш кераклигини таъкидлади.
Эндиликда қиймати 1 миллион доллардан, ишчилар сони 50 тадан юқори лойиҳалар техник-иқтисодий асосида соҳалар ва йўналишлар кесимида мутахассисларга эҳтиёж кўрсатилади. Бу асосда масъул вазир ва тармоқ раҳбари олийгоҳларга буюртма жойлаштириб, кадрларни мақсадли тайёрлашни йўлга қўяди.
Бунда ректорлар буюртма асосида ўқиётган талабалар учун асосий фанлардан ташқари қўшимча таълим модулларини жорий қилади. Ушбу модулларни ўқиган талабаларга кредит баллари берилади.
Талабаларнинг билими иккинчи курсдан кейин уларни ишга олмоқчи бўлган инвестор иштирокида ҳар йили баҳолаб борилади. Талаба диплом ишини лойиҳада қўйилган масалалардан келиб чиқиб, ҳимоя қилади.
Бир сўз билан айтганда, инвестор эҳтиёжига мос келган битирувчилар у томонидан кафолатли ишга олинадиган тизим бўлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!