date

1 июндан электр ва газ тарифлари янгиланади: нималар ўзгаради?

1 июндан электр ва газ тарифлари янгиланади: нималар ўзгаради?

Ўзбекистонда 2026 йил 1 июндан бошлаб электр энергияси ва табиий газ нархлари қайта кўриб чиқилиб, янги тарифлар жорий этилади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамасининг ёқилғи-энергетика ресурслари нархларини белгилашга оид қарорида маълум қилинди.

Мазкур қарорга кўра, I ва II гуруҳ истеъмолчилари учун электр энергиясининг 1 кВт/соат нархи 1 100 сўм этиб белгиланди. IV гуруҳ истеъмолчилари учун ҳам айни шу тариф амал қилади. Аҳоли кирадиган III гуруҳ учун эса аввалгидек табақалаштирилган (босқичли) тариф тизими сақлаб қолинди.

Хусусан, электр плиталар билан жиҳозланган кўп қаватли уйлар ва ётоқхоналарда истиқомат қилувчи фуқаролар учун:

  • ойига 200 кВт/соатгача — 325 сўм,
  • 201 дан 500 кВт/соатгача — 450 сўм,
  • 501 дан 1 000 кВт/соатгача — 550 сўм этиб белгиланди.

Бошқа маиший истеъмолчилар учун эса:

  • 200 кВт/соатгача — 650 сўм,
  • 201 дан 500 кВт/соатгача — 900 сўм,
  • 501 дан 1 000 кВт/соатгача — 1 100 сўмни ташкил этади.

Белгиланган меъёрдан юқори истеъмол қилинганда оширилган коэффициентли тарифлар амал қилишда давом этади.

Табиий газ нархлари ҳам янгиланиб, умумий тартибда 1 куб метр газ учун 2 000 сўм этиб белгиланди. Автомобилларга газ тўлдириш компрессор шохобчалари учун эса бу кўрсаткич 2 750 сўмни ташкил этади.

Аҳоли учун газ таъминотида ҳам босқичли тарифлар сақлаб қолинди. Хусусан, иситиш мавсумида ойига 500 куб метргача, бошқа даврларда эса 100 куб метргача бўлган истеъмол учун 1 куб метр газ 1 100 сўмдан ҳисобланади.

Ҳукумат қарорига мувофиқ, энергия ресурсларини етказиб беришдаги йўқотишларни камайтириш, энергия самарадорлигини ошириш ва хизматлар сифатини яхшилаш бўйича қўшимча вазифалар ҳам белгилаб берилган.

Эслатиб ўтамиз, амалдаги тартибга кўра, электр ва табиий газ тарифлари ҳар йили бир марта — 1 майдан бошлаб 10 фоиздан ошмаган миқдорда индексация қилиб борилади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » 1 июндан электр ва газ тарифлари янгиланади: нималар ўзгаради?