Янги ташаббус сифатида Жиноят кодекси ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ўзгартириш ҳамда қўшимчалар киритиш бўйича қонун лойиҳаси жамоатчиликка тақдим этилди. Бу ислоҳотлар асосан вазирликлар, идоралар ва турли ташкилотлар ходимларига тегишли формали кийим-бошни ноқонуний равишда кийиш ҳолатларини олдини олишга қаратилган.
Ҳужжатга кўра, Жиноят кодексининг 56-моддаси биринчи қисмидаги “о” банди қайта кўриб чиқилиб, унинг ўрнига “о” ва “п” бандлари киритилиши белгиланмоқда. Янги таҳрирга кўра:
“о) мастлик ёки гиёҳванд моддалар таъсирида жиноят содир этиш;
п) ҳокимият вакили ҳисобланмаган шахснинг ҳокимият вакили кийими ёки расмий ҳужжатларидан фойдаланиб жиноят содир этиши” каби қоидалар кучга кириши кўзда тутилмоқда.
Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга ҳам янги 209-1-модда қўшилиб, у қуйидагича ифода этилмоқда:
вазирлик ва ташкилотлар хизматчиларига тегишли расмий, ҳарбий ёки махсус формали кийимни ҳеч қандай ҳуқуққа эга бўлмаган шахс кийиб юрса, кийим мусодара қилиниб, базавий ҳисоблаш миқдорининг икки бараваридан беш бараваригача жарима солинади.
Шунингдек, ҳарбий ва идоравий формали кийимнинг ранги, услуби, рамзлари ёки фарқловчи белгиларига ўхшаш кийимларни ишлаб чиқиш ва улардан фойдаланиш ҳам жиддий жарималарга сабаб бўлади. Бу ҳолатда кийим мусодара қилиниб, жарима миқдори базавий ҳисоблашнинг беш бараваридан ўн бараваригача белгиланиши мумкин.
Янги қонун лойиҳаси расмий тарзда қабул қилинса, формали кийимдан суиистеъмол қилиш ҳолатларига барҳам бериш ва жамоат хавфсизлигини кучайтириш мақсад қилинади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг!