date

1 майдан “тонировка” арзонлайдими? Расмий жавоб маълум бўлди

1 майдан “тонировка” арзонлайдими? Расмий жавоб маълум бўлди

Ўзбекистонда 1 майдан бошлаб ёз фасли учун тўрт ой муддатга “тонировка”га рухсатнома олиш 412 000 сўм этиб белгиланиши ҳақида саволлар ортиб боргач, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизмати вакили бу масалага ойдинлик киритди.

Унинг таъкидлашича, туси ўзгартирилган (қорайтирилган) ойнали транспорт воситаларидан фойдаланиш тартиби Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 18 июлда қабул қилинган 547-сонли қарори билан белгилаб берилган. Яъни мазкур қарорга кўра, ҳозирги вақтда БҲМнинг саккиз баробари — 3 296 000 сўм тўлов эвазига транспорт воситаси ойна тусини ўзгартириш учун рухсатнома бериш амалиёти жорий этилган.

“Ушбу тартиб ҳозирча ўзгаришсиз қолмоқда. Ижтимоий тармоқларда ёз мавсуми учун 412 000 сўм ‘тонировка’ рухсатномаси жорий этилди, деган мазмундаги хабарлар норасмий ва асоссиз, яъни ёлғон маълумот ҳисобланади”, дея изоҳ берди ЙҲХХ вакили.

Шунингдек, қайд этилишича, “тонировка”, яъни транспорт воситалари ойна тусини ўзгартириш бўйича рухсатнома тартибига оид қонунчиликка қандайдир ўзгартириш ёки янгиликлар киритиладиган бўлса, албатта, Йўл ҳаракати хавфсизлиги хизматининг расмий манбалари орқали бу ҳақда батафсил ва тўлиқ маълумот тақдим этилади.

Шу сабаб, барча фуқаролардан норасмий ва тасдиқланмаган ахборотларни ижтимоий тармоқларда тарқатмаслик сўралмоқда.

Эслатиб ўтиш жоиз, Ўзбекистонда “тонировка” учун ёз фаслида арзонлаштирилган нарх жорий қилиниши мумкинлиги 2025 йил август ойида маълум қилинган эди. Қонун лойиҳасига кўра, енгил автомобиллар тоифасига кирувчи автотранспорт воситаларининг орқа ва олд ён ойналарини қорайтириш учун ҳар йили 1 майдан 31 августгача амал қиладиган рухсатномаларни жорий этиш режалаштирилган.

“Тонировка” ҳақида қисқача

Ҳозирги кунда автомобилларнинг орқа ён ойналари ва орқа ойнасини қорайтириш учун рухсатнома талаб этилмайди ва бу жараён бепул амалга оширилади. Бироқ олд эшиклар ойналарини қорайтириш учун албатта рухсатнома олиш зарур. Ушбу рухсатнома йиллик тартибда берилади.

Шу билан бирга, автомобил орқа ойнасининг тусини, шунингдек автотранспорт воситаси олд ойнасининг юқори қисмида 14 сантиметрдан ошмаган “полоса” шаклида ёруғлик ўтказувчанлигини чекламасдан ўзгартириш (қорайтириш) рухсатномасиз, белгиланган давлат стандартлари асосида амалга оширилиши мумкин.

Олд эшиклар ойналарини қорайтириш учун рухсатнома нархи БҲМнинг 8 баравари — 3 миллион 296 минг сўмни ташкил қилади. “Тонировка” учун рухсатномани онлайн тарзда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали расмийлаштириш мумкин. Онлайн мурожаат қилинганда ҳайдовчиларга 10 фоиз миқдорида чегирма тақдим этилади.

Рухсатномасиз “тонировка” қилиш эса қонунчиликка зид ҳисобланади. Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 126-1-моддасига мувофиқ, бундай ҳолат учун жарима БҲМнинг 25 баравари — 10 миллион 300 минг сўмни ташкил этади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Ўзбекистон » 1 майдан “тонировка” арзонлайдими? Расмий жавоб маълум бўлди