Ўзбекистонда уч ойда қанча ишчи иш жойида ҳаётдан кўз юмди?

Ўзбекистонда 2026 йилнинг биринчи чорагида меҳнат фаолияти билан боғлиқ бахтсиз ҳодисалар оқибатида ўнлаб инсонлар ҳалок бўлди. Расмий маълумотларга кўра, уч ой давомида 62 нафар фуқаро иш жойида юз берган кўнгилсиз ҳодисалар сабаб ҳаётдан кўз юмган.
Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги хабарига кўра, ҳисобот даврида жами 198 та ишлаб чиқариш билан боғлиқ бахтсиз ҳодиса қайд этилган. Уларнинг 9 таси гуруҳий тусга эга бўлган бўлса, 139 таси оғир оқибатларга олиб келган, 49 таси эса ўлим билан якунланган.
Мазкур ҳодисалар натижасида жами 223 нафар шахс жабрланган. Шундан 146 нафари оғир тан жароҳати олган, 15 нафари енгил жароҳат билан чекланган, 62 нафари эса вафот этган.
Ҳудудлар кесимида таҳлил қилинганда, энг кўп бахтсиз ҳодисалар Тошкент шаҳрида қайд этилган — 44 та ҳолат. Шунингдек, Сурхондарё вилоятида 36 та, Тошкент вилоятида 29 та ҳолат аниқланган. Кейинги ўринларда Навоий вилояти (18 та), Бухоро вилояти (16 та), Андижон вилояти (15 та) қайд этилган.
Бундан ташқари, Сирдарё вилояти ва Самарқанд вилоятида 13 тадан, Қорақалпоғистон Республикаси, Фарғона вилояти ва Қашқадарё вилоятида 10 тадан ҳодиса кузатилган. Энг кам кўрсаткич Хоразм вилояти ва Жиззах вилоятида — 5 тадан ҳолатни ташкил этган.
Соҳалар кесимида эса энг кўп бахтсиз ҳодисалар саноат тармоғида содир бўлган — 71 та. Қурилиш соҳасида 54 та ҳолат қайд этилган бўлса, қишлоқ ва сув хўжалигида 9 та, транспорт ҳамда савдо ва хизмат кўрсатиш соҳаларида 8 тадан ҳодиса аниқланган. Шунингдек, таълим тизимида 6 та, соғлиқни сақлаш йўналишида эса 4 та бахтсиз ҳодиса рўй берган.
Мутахассислар бу каби ҳолатларнинг олдини олиш учун меҳнат хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этиш, иш жойларида назоратни кучайтириш ва ходимларнинг техника хавфсизлиги бўйича билимларини ошириш зарурлигини таъкидламоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!