
10-ноябр, 2025-йилда Самарқандда, Регистон майдонида халқаро хайрия югуриши — Самарқанд Марафони–2025 бўлиб ўтди. Тадбир ЮНЕСКОнинг 43-Бош конференцияси доирасида ташкил этилиб, дунёнинг турли бурчакларидан минглаб иштирокчиларни бирлаштирди.
Марафон стартида 53 мамлакатдан 8 мингдан ортиқ югурувчи қатнашди. Иштирокчиларга 5, 10, 21,1 ва 42,2 километр масофалар таклиф этилди.
Асосий марафоннинг соврин жамғармаси 75 миллион сўмни ташкил этди: биринчи ўрин эгаларига 30 миллион сўм, иккинчи ўринга 25 миллион сўм, учинчи ўринга эса 20 миллион сўм берилди. 42,2 километр масофада эркаклар ўртасида мутлақ ғолиб Сурхондарёлик Шоҳруҳ Давлатов бўлди, аёллар ўртасида эса биринчи ўринни кенийалик Жасинта Чепкойеч эгаллади.
Ярим марафон масофасида россиялик Ринас Ахмадиев ва София Каменева ғолиб бўлди. 10 километр югуришда японлик Юта Шитара ва россиялик Анастасия Сличенкова етакчи бўлди.
Энг қисқа масофа бўлган 5 километрда эса ўзбекистонлик Алишер Ахмедуллаев ва Дарья Андропова биринчи ўринни эгаллашди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.