
Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев тиббиёт соҳасидаги муаммоларни таҳлил қилиб, бу борада долзарб масалаларни кўтарди. Давлат раҳбари матбуот хизмати хабарига кўра, таҳлиллар натижасида сўнгги беш йил ичида ошқозон-ичак касалликлари 1,5 баробарга камайгани қайд этилган, аммо Қашқадарё ва Навоий вилоятларида сезиларли ўзгаришлар кузатилмаган.
Яккабоғ туманида мурожаатларнинг 33 фоизи ошқозон-ичак касалликлари билан боғлиқ. Ғузор туманида бу кўрсаткич 29 фоиз, Косон ва Миришкор туманларида эса 25 фоизни ташкил қилади.
Шифокорлар, хусусан, болаларга антибиотикларни назоратсиз буюришгани учун танқид қилинди. Қишлоқ ҳудудларида тиббиёт ходимларини ўқитиш ишлари суст кетмоқда.
Шунингдек, аҳолининг буйрак касалликлари билан боғлиқ муаммолари ҳам ўртага ташланди. Қорақалпоғистон, Хоразм, Фарғона ва Андижон вилоятларида буйрак касалликларининг улуши ўртача кўрсаткичдан 40-50 фоизга юқори экани қайд этилган.
Маъмурият урология ва нефрология марказларига жойларда кенгроқ тушунтириш ишларини олиб боришни топширди.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.