
Ўзбекистонда “Ёшлар дафтари”га киритилган 16 минг нафар ёшлар иш билан таъминланишига кўмаклашилади. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёевнинг қарорида қайд этилган.
“Китобхонлик” лойиҳаси доирасида илмий-оммабоп ва бадиий китоблар ўқийдиган ёшлар улушини 10 фоизга ошириш режалаштирилмоқда. Келгуси йил февраль ойидан бошлаб кам таъминланган оилалар реестрига киритилган ёшларга ижтимоий ёрдам шартнома асосида тақдим этилади.
Бунда ёрдам олувчи бир қатор талабларни бажариши лозим: узлуксиз ўқиш, яхши ўзлаштириш, “Беш ташаббус олимпиадаси”да қатнашиш. Агар ёрдам олувчи белгиланган талабларни бажармаса, ёрдам миқдори 30 фоизгача камайтирилиши ёки бир ой муддатдан бир йилгача ва ундан кўпроқ муддатга тўхтатилиши мумкин.
Шартнома шартларини бир йил давомида бажариб келган ёшлар ижтимоий ёрдамни навбатсиз ва имтиёзли шартларда олишлари мумкин. Шунингдек, минг нафар энг фаол ёшлар пул мукофоти билан тақдирланади.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.