
Ўзбекистоннинг Жаҳон Савдо Ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиши учун Россия билан олиб борилган музокаралари деярли якунланмоқда. Бу ҳақда Президент Администрацияси вакили Азизбек Уронов хабар берди.
Россия билан музокаралар ўтган ҳафта давомида бўлиб ўтган. "Музокаралар амалда якунланди: барча асосий элементлар келишиб олинди, фақат бир нечта техник масалалар якуний текширув ва тасдиқни талаб қилади", — деб ёзди Уронов LinkedIn ижтимоий тармоғида.
Кутилишича, Россия томони билан музокаралар йил охирида Швейцариянинг Женева шаҳрида ўтказиладиган савдо альянси кенгаши йиғилишида якунланади. Махсус вакилнинг таъкидлашича, Тошкентга ташкилотга аъзо бўлиш учун Тайван билан муҳокамаларни якунлаш қолмоқда.
Россия 2012 йил август ойида ЖСТнинг расмий аъзоси бўлган. Ушбу ташкилотга аъзо бўлиш бўйича музокаралар 18 йил давом этган. Тайван эса 2002 йил бошида альянсга қўшилган.
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.