Мармуш ва Семеньонинг голлари "Сити"га ишончли ғалаба келтирди (видео)

АПЛнинг 23-тури доирасида “Манчестер Сити” ва “Вулверхэмптон” ўртасидаги баҳс ўз якунига етди. “Этихад”да ўтган беллашувда Хосеп Гвардиола бошқарувидаги жамоа рақибини ишончли тарзда енгиб, 2:0 ҳисобида ғалабага эришди.
Учрашув жуда тез суръатда бошланди. “Шаҳарликлар” илк дақиқаларданоқ ташаббусни қўлга олди ва бу босим тез орада ўз самарасини берди. 6-дақиқада Омар Мармуш тўпни дарвоза тўрига жойлаб, ҳисобни очди. Бу гол уй эгаларига қўшимча руҳий куч берди, “Вулверхэмптон” эса ўзини ҳимояга ташлашга мажбур бўлди.
Биринчи бўлим сўнгги лаҳзаларда “Сити” яна бир бор ҳужумда ўз сўзини айтди. Қўшиб берилган вақтнинг 2-дақиқасида Антуан Семеньо вазиятдан фойдаланиб, жамоасининг иккинчи голини уриб қўйди. Шу тариқа танаффусга “Манчестер Сити” икки тўплик устунлик билан йўл олди.
Иккинчи бўлимда ҳам “шаҳарликлар” ўйинни назоратда ушлаб турди. “Бўрилар” ҳисобни қисқартириш учун ҳаракат қилди, аммо ҳимоядаги ишончли ўйин ва тартибли тизим меҳмонларга катта имконият беришга қўймади.
Ушбу баҳсда Ўзбекистон миллий терма жамоаси ҳимоячиси Абдуқодир Ҳусанов тўлиқ 90 дақиқа майдонда ҳаракат қилди. У орқа чизиқда вазиятни ўқий билиши, курашларда қатъиятлилиги ва хавфли эпизодларни бартараф этиши билан кўзга ташланди.
АПЛ. 23-тур. 24 январ
Манчестер Сити — Вулверҳэмптон 2:0
Голлар: Мармуш (6), Семенё (45+2).
Манчестер Сити — Доннарумма, Геҳи, Ҳусанов, Нунеш, О'Райли, Родри, Рейндерс, Силва, Шерки, Семенё, Мармуш.
Вулверҳэмптон — Са, Гомес, Мане, Андре, Ариас, С.Буэно, Крейчий, У.Буэно, Чачтуа, Москера, Ҳван.
Қайд этиш жоиз, мазкур ғалабадан кейин “Манчестер Сити” очколарини 46 тага етказиб, турнир жадвалида 2-ўринни сақлаб қолди. Гвардиола жамоаси учун бу натижа нафақат турнир нуқтаи назаридан, балки кайфият ва ишончни қайта тиклаш йўлида ҳам муҳим қадам бўлди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!