date

Маҳалла еттилигига ортиқча юклама қўйиш қатъий чекланади

Маҳалла еттилигига ортиқча юклама қўйиш қатъий чекланади

Маҳаллалардаги иш тизимини тартибга солиш ва “маҳалла еттилиги” деб аталадиган тузилма вакилларини ҳақиқий вазифасига мос равишда ишлатиш бўйича янги ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда. Таклиф этилаётган тартибга кўра, “маҳалла еттилиги” аъзоларини йиғилишлар, турли тадбирлар ва бошқа жамоат ишларига жалб қилиш фақат фуқаролар йиғини раисининг розилиги билан амалга оширилиши белгиланмоқда.

Энг муҳим нуқта — уларга ўз вазифаси ва фаолият йўналишига умуман алоқаси бўлмаган ишларни юклаш қатъий ман этилиши кутилмоқда. Яъни ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ёки солиқ инспектори “ким нима деса шу” қилиб юрмайди — ҳар ким ўз соҳаси бўйича ишлайди.

Лойиҳага кўра, 2026 йил 1 июлдан бошлаб тайинлов ва озод этиш амалиётида ҳам янги тизим жорий этилади. Хусусан, ҳоким ёрдамчиси, ёшлар етакчиси, хотин-қизлар фаоли, ижтимоий ходим ҳамда солиқ инспектори лавозимга улар бўйсунувидаги ташкилотларнинг тақдимномаси асосида туман (шаҳар) ҳокими томонидан тайинланади. Уларни лавозимидан озод этиш эса фуқаролар йиғини раиси тақдимномаси орқали амалга оширилиши кўзда тутилган.

Яна бир қизиқ жиҳат — 500 та маҳаллада эксперимент тариқасида “маҳалла еттилиги” вакилларини айнан ўзи яшайдиган ёки ёндош маҳалладан тайинлаш амалиёти йўлга қўйилиши режалаштирилмоқда. Бу орқали маҳалла муаммосини “сиртдан келган одам” эмас, ўз ҳудудини яхши биладиган киши ҳал қилиши керак деган тамойил кучаяди.

Шу билан бирга, янги талабларни бузганларга нисбатан қаттиқ назорат ҳам белгиланмоқда. Ўзбекистон маҳаллалари уюшмаси ҳар ой бош вазирга мазкур тартибга риоя этмаган давлат органлари ва ташкилотлари масъуллари бўйича таклиф киритиб боради. Энг кескин чора сифатида мансабдор шахсларни лавозимидан озод этишгача бўлган жазо чоралари қўлланиши ҳам мумкин.

Қисқаси, “маҳалла еттилиги” энди “ҳамма ишга югурадиган команда” эмас, аниқ вазифаси бор тизимга айлантирилмоқда. Бу эса маҳаллада иш ҳам самарали, ҳам адолатлироқ бўлишига умид уйғотади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Жамият » Маҳалла еттилигига ортиқча юклама қўйиш қатъий чекланади