
21 декабрь, якшанба куни Ўзбекистон ҳудудларида об-ҳаво ўзгарувчан бўлиб, кўплаб ҳудудларда ёмғир ва қор ёғиши прогноз қилинмоқда. Бу ҳақда Ўзгидромет маълум қилди.
Мутахассислар огоҳлантиришича, айрим йўналишларда ёғингарчилик йўл қопламасида музлама ҳосил қилиши мумкин. Шу боис ҳайдовчилардан эҳтиёткор бўлиш, тезликни оширмаслик ва масофани сақлаш сўралмоқда. Қолаверса, баъзи ҳудудларда қуюқ туман тушиши эҳтимоли ҳам мавжуд.
Кундузги ҳарорат мамлакат бўйлаб 0…+5° даража атрофида бўлиши кутилмоқда. Пойтахт Тошкент шаҳрида ҳам қор ёғиши мумкин, ҳаво ҳарорати 0…+2° даражада сақланади, шамол эса ўртача тезликда эсади.
Тоғли ҳудудларда вазият янада жиддий: бу ерларда кучли қор ёғиши ортидан қор кўчиши хавфи юзага келиши мумкин. Айни ҳудудларда ҳаво ҳарорати кечаси -5° гача пасайиши тахмин қилинмоқда.
Мутахассислар аҳолини, айниқса тоғли ва тоғ олди ҳудудларида ҳаракатланувчиларни эҳтиёт чораларига қатъий амал қилишга чақирмоқда. Қисқаси, якшанба куни қиш ўз қоидаларини эслатади — илиқ кийиниб, хавфсизликни унутмаслик керак.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.