
Ўзгидромет маълумотларига кўра, 22–25 декабрь кунлари Ўзбекистон ҳудудларида асосан ўзгарувчан, айрим жойларда совуқ об-ҳаво сақланиб қолади. Кўп ҳудудларда ёғингарчилик кутилмайди, бироқ туман ва йўлларда яхмалак кузатилиши мумкин.
Қорақалпоғистон ва Хоразмда ҳаво қуруқ бўлади, кечалари 10 даражагача совуқ, кундузлари эса 5 даража илиқ атрофида бўлади. Бухоро ва Навоий вилоятларида ҳафтанинг бошида айрим жойларда енгил қор ёғиши мумкин, кейинги кунлари эса ёғингарчилик тўхтайди.
Тошкент, Сирдарё, Самарқанд ва Жиззах вилоятларида ҳам ҳаво барқарор, баъзи кунлари қор ёғиши ва йўлларда яхмалак юзага келиши эҳтимоли бор. Кундузги ҳарорат аста-секин кўтарилиб, 10 даража илиққача етиши мумкин.
Қашқадарё ва Сурхондарёда 22 декабрь куни қисқа муддатли қор кузатилиб, кейин ҳаво очилади. Фарғона водийси вилоятларида ёғингарчилик кутилмайди, аммо эрталабки туман ҳайдовчилар учун қийинчилик туғдириши мумкин.
Тоғли ҳудудларда эса 22–23 декабрда қор ёғиши, айрим жойларда қор кўчиши хавфи сақланиб қолади. Мутахассислар йўлларда ҳаракатланишда ва иссиқлик қурилмаларидан фойдаланишда эҳтиёткор бўлишга чақирмоқда.
Қисқаси, ҳафта бошида қиш ўз қоидасини эслатади: совуқ, туман ва эҳтиёт талаб этувчи кунлар олдинда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.