
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги ташаббуси билан фуқаролар учун яна бир қулай рақамли ечим ишга туширилди. Энди мамлакат бўйлаб олиб борилаётган қурилиш ишлари ҳақида батафсил маълумотни махсус интерактив харита орқали олиш мумкин.
Мазкур хизматдан фойдаланиш учун DShQ.shaffofqurilish.uz платформасига кириш кифоя. Сайтда фойдаланувчи танлаган ҳудуд интерактив харитада алоҳида ранглар билан белгиланган зоналар кўринишида намоён бўлади. Бу эса қурилиш ҳолатини бир қарашда тушуниш имконини беради.
Харитадаги барча объектлар учта асосий тоифага ажратилган. Қизил рангда қурилиши тўхтатилган объектлар акс эттирилади. Кўк рангда айни пайтда қурилиш жараёни давом этаётган лойиҳалар кўрсатилади. Қора ранг эса бутунлай музлатилган ёки бекор қилинган қурилиш ишларини англатади.
Қўшимча равишда, харита орқали ҳар бир объект жойлашган ҳудуднинг сейсмик даражасини ҳам кўриш мумкин. Бу айниқса янги уй-жой сотиб олишни ёки қурилишга қизиқувчи фуқаролар учун муҳим ахборот ҳисобланади.
Вазирлик маълумотларига кўра, ҳозирга қадар 20 миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қиладиган ҳудудлар тўлиқ рақамлаштирилган. Келгусида ушбу интерактив тизим янада кенгайтирилиб, аҳоли учун очиқлик ва шаффофликни кучайтиришга хизмат қилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.