
Янги йил байрами ҳам тобора яқинлашяпти. Қувонарлиси, мазкур эзгу тилаклар айёмини ўз уйида эмас, айнан Ўзбекистонда нишонлашни истаётган хорижликлар сони ҳам тобора кўпайиб бормоқда. Яқинда энг йирик “Tutu.ru” сайёҳлик сервиси томонидан эълон қилинган маълумотга кўра, россияликлар ўртасида айнан Ўзбекистон Янги йилни кутиб олиш учун энг оммабоп ва машҳур мамлакат деб топилибди.
Ваҳоланки, ўтган йил диёримиз ушбу рейтингда еттинчи поғонани эгаллаган бўлса, Германия, Чехия ва Молдавия етакчилар қаторидан жой олганди. Бу сафар эса юртимиз олти ўрин юқорилаб, немислар, чехлар ва молдованлар ўлкаларини ҳам ортда қолдириб кетди.
Бинобарин, Россияда Европага янги йил авиачипталари сотилиши 20 фоиз пасайган бўлса, Ўзбекистон йўналиши бўйича бу кўрсаткич 2017 йилга нисбатан икки баробар кўпайган. Экспертларнинг айтишича, рус туристларининг асосий қисми диёримизга унинг меҳмондўстлиги, миллий таомларидан баҳраманд бўлиш ва Чимён тоғида чанғида учишга катта қизиқиш билдирмоқда.
“Байрам саналарига сотилган чипталар бўйича энг тотли палов мамлакати ҳатто Европанинг машҳур шаҳарлари, масалан, Берлин ва Прагадан ҳам ўзиб кетди”, - деб ёзади россиялик журналист Мария Науменко. Унинг айтишича, россияликлар бу танловни бежиз қилишмаган. Зеро, Ўзбекистонда сермазмун ҳордиқ чиқариш учун барча шароитлар муҳайё ва саёҳат учун у қадар кўп сарф-харажатлар талаб этилмайди.
“Масалан, Тошкентда икки киши меҳмонхонада бир кеча-кундуз туриши учун тахминан 30-50 доллар кетади. Бунинг ичида нонуштаси ҳам бор”, - дея қайд этиб ўтади ижодкор. Унинг таъкидлашича, Ўзбекистонда мулоқот бўйича ҳам ҳеч қандай тўсиқ йўқ: кўпчилик аҳоли рус тилида бемалол гаплашади ва ҳар қандай вазиятда чин юракдан туристларга ёрдам беради. Владимир Путиннинг яқинда Ўзбекистонга амалга оширган ташрифи ҳам мамлакатга бўлган қизиқишни янада оширгани аниқ.
Журналист туристлар қишки таътил учун чемоданларини тайёрлаётган бир пайтда меҳмондўст Ўзбекистонда дам олишни ташкил этишнинг энг яхши сценарийларига ҳам тўхталиб ўтган.
1-сценарий: тотли
Нима учун оливье ёки шуба остидаги селёдкани палов ёки кулчаларга алмаштириш мумкин эмас? Боз устига, анъанавий гўштли таом — нориннинг ҳам мазасини татиб кўриш керак. Ўзбек оилалари уни Янги йилда тайёрлашни ёқтиришади. Байрам кечаси чойхонага бориш ёки хушмуомала ва самимий ўзбеклар билан тўкин дастурхон устида бирга ўтириш мумкин.
Бироқ диетологлар маслаҳатини эслаб қолинг: меъёрни сақланг ва барча хуштаъм таомларни бирданига тановул қилишга уринманг.
2-сценарий: тоғли
Ўзбекистонга хуштаъм неъматлар, кўҳна меҳмоннавозлик ва гўзал табиатдан баҳра олиш учун боришади. Яна Чимён тоғларида чанғида ёки сноубордда учиб ҳам маза қилиш мумкин. Шунингдек, қишки спорт турлари билан Белдерсой ва Янгиободда ҳам шуғулланса бўлади. Чимён трассалари жуда оддий ва у қишки спорт турларида ҳали янги бўлган одамлар ва спортчилар ўз техникаларини такомиллаштиришлари учун мос келади. Бироқ Белдерсойдаги тепаликлардан тушиш ҳатто тажрибали чанғичилар учун ҳам қийин кечади. Тоғ чанғиси трассаларида кўп йиллик стажга эга профессионал йўриқчилар фаолият олиб боради.
3-сценарий: мусиқали
Нима учун Янги йилни Тошкентдаги Мустақиллик майдонига ўрнатиладиган арча олдида кутиб олиш мумкин эмас? Байрам кайфиятини биз учун таниш бўлган қиш совуғи ҳам буза олмайди.
Умуман олганда, байрам арафасида арча атрофида хушчақчақ муҳит пайдо бўлади: ўзбек эстрадаси юлдузлари қўшиқ куйлайди, таниқли ансамбллар рақсга тушади, болаларга эса кўчаларда эртак қаҳрамонлари ширинликлар улашади.
Соҳа мутахассисларининг айтишича, ҳозирги кунда Ўзбекистон учун энг муҳими Янги йилда дам олиш йўналишидаги етакчилигини мустаҳкамлаб олиш учун сайёҳларнинг ишончини оқлашдир. Бунга шубҳа қилмаса ҳам бўлади, зеро, Ўзбекистон меҳмонларни қандай қабул қилишни жуда яхши билади.
Таниқли саёҳатчи блогер Наталья Черкес айтганидек, Ўзбекистондаги муҳит миллий урф-одатларга максимал сингиб кетиш, мамлакат нафасини ҳис этиш ва ундан завқ олиш имконини беради.
Саид МАХСУМОВ тайёрлади.
«Замин»ни Telegram’да ўқинг! Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар