15:35 / 28.03.2019
4 270

Электр энергияси соҳасида узоқ кутилган ислоҳот бошланди

Электр энергияси соҳасида узоқ кутилган ислоҳот бошланди
27 март куни Ўзбекистон президенти энергетика соҳасида узоқ кутилган ислоҳотларга ҳуқуқий асос яратадиган қарорни имзолади.

Ҳужжатга кўра электр энергияси соҳасида якка монополист бўлган “Ўзбекэнерго” АЖ уч қисмга ажратилади:

“Иссиқлик электр станциялари” акциядорлик жамияти. Электр ва иссиқлик энергияси ишлаб чиқарувчи иссиқлик электр станциялари электрмарказларини бошқаради.
“Ўзбекистон миллий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти. Мамлакатдаги магистрал электр тармоқларини ривожлантириш ва бошқариш, ушбу тармоқлар орқали электр энергиясини етказиб бериш, электр энергиясини экспорт ва импорт қилиш, электр энергияси ишлаб чиқарувчи корхоналар фаолиятини мувофиқлаштириш, электр энергиясини ишлаб чиқарувчилардан олиб, ҳудудий электр тармоқларига сотилишини таъминлайди.
“Ҳудудий электр тармоқлари” акциядорлик жамияти. Электр энергиясини “Ўзбекистон миллий электр тармоқлари”дан олиб, охирги истеъмолчи – аҳолига сотади. Аҳолида электр билан боғлиқ муаммо бўлса, мана шу жамият ҳал қилиши керак.

Бу ислоҳотлар нега муҳим?
Монополист “Ўзбекэнерго” ишлаб чиқарувчи, етказиб берувчи ва аҳолига сотувчи учта алоҳида-алоҳида жамиятга бўлинди.

Аввалги тизимда рақобат ва хусусий бизнес йўқ эди. Ишлаб чиқариш, етказиб бериш, аҳолига сотиш фақат битта тизимда эди. "Ўзбекэнерго"нинг ўзи электр энергиясини ишлаб чиқарарди, ўзи етказарди, ўзи сотарди. Рақобат муҳити мавжуд эмасди.

Оқибатда: чўнтак битта бўлгани учун ўзи хоҳлаган нархни қўярди, рақобат бўлмагани учун соҳани ривожлантиришга кучли стимул йўқ эди, ишлаб чиқарувчи ҳам, етказиб берувчи ҳам, ижрочи ҳам, назоратчи ҳам битта бўлгани боис электр энергиясини ўғирлаш осон эди, назорат эса самарали эмасди.

Бу соҳадаги самарасиз бошқарув натижасида "Ўзбекэнерго"нинг ўзи ачинарли аҳволга келган. Компаниянинг қарзи 2 млрд долларга етди. Иссиқлик электр станцияларининг 84 фоизи 50 йил аввал ишга туширилган. Бу станциялар замонавий жиҳозланган станцияларга нисбатан икки баробар кўп иссиқлик энергияси сарфлайди. 20 фоиздан ортиқ электр энергияси эскирган электр тармоқларида йўқ бўлиб кетади. Йўқотилган энергия эса ё компания қарзига қарз қўшади, ё охирги истеъмолчининг елкасига тушади.

Янги йўлга қўйилган тизимда учта чўнтак бўлади. Ҳар бир чўнтак эгаси ўзиникини бойитишга уринади ва улар ўртасида ўзаро назорат ва рақобат пайдо бўлади. Масалан, охирги тақсимловчи электрни ўғирласа, ўзининг чўнтагига зарар, унинг учун электр ишлаб чиқарувчи корхона тўламайди. Электр ишлаб чиқарувчи корхона ўз-ўзини ривожлантирмаса, ишини самарали ташкил қилиб, арзон ва сифатли энергия етказиб бермаса, чўнтагига зарар, истеъмолчи тўламайди.

Электр энергияси соҳасида давлат-хусусий ҳамкорлигини йўлга қўйиш мумкин. Электр ишлаб чиқариш ва истеъмолчига тақсимлашни хусусий секторга бериш имкони вужудга келади. Бу эса турли дистрибютерлар ёки ишлаб чиқарувчилар ўртасида, улар хоҳ давлатники, хоҳ хусусий бўлсин, рақобатни пайдо қилади. Масалан, етказиб берувчи электр энергиясини самарали ва арзон сотувчи корхона билан ҳамкорлик қилади. Охирги истеъмолчи ҳам арзонроқ ва сифатлироқ энергия етказиб берадиган дистрибютерга боради.

Уч чўнтак бир-бирини назорат қилади. Масалан, етказиб берувчи тўловни охирги истеъмолчидан эмас, дистрибютердан талаб қилади. Дистрибютер эса етказиб берувчи олдидаги қарзини тўлаши керак. Электр энергиясини шунчаки ўғирлаб, кимнингдир ҳисоблагичини орқага айлантириб беришнинг иложи бўлмайди. Чунки пул тушуми камаяди. Тушум камайса, қарзини тўлолмайди. Қарзини тўлолмаса, етказиб берувчи бошқа дистрибютер қидиради.

Ислоҳот авваламбор энерготарифларга таъсир қилиши кутилмоқда, яъни оддий истеъмолчи учун электр нархлари пасайиши керак.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Электр энергияси соҳасида узоқ кутилган ислоҳот бошланди