19:12 / 21.05.2019
5 175

Қамашидаги болалар боғчаларига ҳамма нарса мумкинми, уларни ҳеч ким назорат қилмайдими?

Қамашидаги  болалар боғчаларига ҳамма нарса мумкинми, уларни ҳеч ким назорат қилмайдими?
Қашқадарё вилоятининг Қамаши туманида жами 17 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд. Бундан ташқари, 8 та нодавлат болалар боғчаси фаолияти ҳам йўлга қўйилган. Туман Мактабгача таълим бўлими ходимининг сўзларига кўра яқинда яна 6 та давлат хусусий шерикчилик асосида боғчалар очилиши кутилмоқда.

Бу ишларнинг амалга оширилиши яхши чунки хонадонларда ташкил қилинадиган боғчалар нафақат кичкинтойлар, балки уларнинг ота-оналари учун ҳам ҳақиқий хушхабар бўлди. Аммо, гап мутлақо бошқа мавзуда.

Баҳонами ёки талаб?

Анчагина таъмирталаб ва кўримсиз ҳолга келиб қолган “Ойнакўл” МФЙ да жойлашган 10-сонли мактабгача таълим муассасаси Қамаши туманидаги энг катта ва “кекса” болалар боғчаси саналади. Бу ерда бугунги кунда 100 дан ортиқ болажонлар таълим-тарбия олишади. Айни дамда боғчада кенг миқёсда қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаяпти. Ишлар жадал суръатларда бораётганлиги туфайли муассаса тез кунларда фойдаланишга топширилиши ҳақида маҳалла раиси билдириб ўтди.

- Узоғи билан 2 ойда болалар боғчага қайтишади. Ҳозирча шу маҳаллада жойлашган бир хонадонда таълим-тарбия ишлари олиб борилаяпти. Аслида ходимлар ва болалар учун икки ойлик таътил эълон қилинган экан, аммо нимадир сабаб бўлиб фаолият тўхтатилмади,-дейди биз билан суҳбатда маҳалла раиси Хайрулла Болтаев.

Қизиқсиниб, ўша хонадон сари йўл олдик. Бизни боғча мудираси Сабоҳат Икромова кутиб олди. Айни тушлик маҳали борганимиз сабаб, кичкинтойлар тамадди столи атрофида жам бўлишган. Афсуски, бу столни тамадди учун мўлжалланган деб бўлмайди. Кир-чир идишлар, санитар ҳолатга умуман риоя этилмаган ҳолда тортилган тушлик таоми, ёғ босиб анчадан буён сув тегмаган стол-стуллар… буларни кўриб табиийки савол назари билан мудирага юзландик.

- Биласизми, тарбиячиларим ҳозир таъмирланаётган боғчага ишлагани кетишган,-дейди Сабоҳат опа. Ўзим ҳам ҳозиргина келдим. Ошпазим, 2 нафар тарбиячим билан болажонларга қараб турибмиз. Тўғри, айб менда. Мана шу югур-югур ва ташвишлар билан бўлиб бу нарсаларга эътибор қарата олмадим. Яқинда боғчамиз ишга тушса, бу камчиликлар ҳам бартараф этилади. Унгача шу тахлит ишлаб туришга мажбурмиз.

Ота-оналарга кўп тушунтирдим, бироз сабр қилинглар, яқинда боғчамиз очилади. Қулай, шинам шароитларда болажонларни қабул қилаверамиз, дедим. Нима қилай, улар кўнишмади. Биз ишлаймиз, болаларимиз ҳам боғчага кўникиб улгуришган. Шароити қандай бўлса ҳам болаларни қабул қиласиз, деб туриб олишди. Наилож, ота-оналарнинг хоҳиши биз учун қонун. Шу тахлит ишлаяпмиз.

Тартиб устунми ёки ҳохиш?

Хўп, ота-оналар талаб қилишаётган экан, бу ҳақда раҳбарият хабардорми? Нега ҳеч қандай шароитга эга бўлмаган, бунинг устига боғча талабларига умуман жавоб бермайдиган хонадонда болалар тарбияланмоқда? Афсуски, мудирадан бу ҳақда туман Мактабгача таълим бўлими хабардорми деган саволимизга ҳам аниқ жавоб ололмадик. Ҳомийлик маблағи асосида қурилиш-таъмирлаш ишлари олиб борилаётган мазкур болалар боғчаси таъмир сабаб вақтинча бу хонадонда фаолият юритаяпти.

Лекин Сабоҳат Икромова таъкидлаганидек, ишлар икки ойда якунига етмади. Аксинча, ҳали-ҳамон давом этмоқда. Болалар ҳам ҳеч бир тартиб-интизом, тозалик ва хавфсизлик қонун-қоидаларига амал қилинмаётган ушбу хонадонда таълим-тарбия олишмоқда.

Масъуллар эса доимгидек жим. Балки уларга шуниси маъқулдир?!

Ноқонуний, аммо “рухсати” бор боғча

Шунингдек, ҳудудда Саида Бердиёрова томонидан ташкил қилинган яна бир “уй боғча”нинг ноқонуний фаолият юритишидан ҳам ҳеч кимнинг хабари йўқ экан. На хокимлик, на бўлим, на маҳалла раисини огоҳлантирмасдан, ҳеч бир қонуний ҳужжат ёки рухсатномага эга бўлмай туриб, бу муассаса қандай фаолият олиб бораётгани жуда ғалати. Энг ачинарлиси эса, бу хонадон уй боғча шароити талабларига умуман жавоб бермайди.

Биргина ошхонанинг ахволини қуйидаги суратлар орқали билиб олишингиз мумкин. Бундан ташқари, болалар учун мўлжалланган ягона хонада ҳам овқатланиш, ҳам таълим-тарбия жараёни, ҳам уйқу вақти белгиланган. Ҳовлида юрган каттагина ит бегоналарни унча хушламаслиги кўриниб турибди. Кун бўйи у ёқдан бу ёққа югуриб чарчамайдиган болажонлар хавфсизлиги ҳам таъминланган деб айтиш қийин.

- Менга бу боғчани очишга шўъба мудири Шахринисо Тоштемирова рухсат берганлар. У киши сиз ишни бошлайверинг, мен бу ёғини ўзим тўғирлайман деганлари учун боғчани очдим,-дейди Саида опа. Болалар тарбиясида тажрибам бор. 18 йил шу соҳада ишлаганман. Мутахассислигим – тарбиячи. Тўғри, камчиликларим бор, албатта. Секин-секин тўғирлаб бораман.

Саида опанинг ўзини таништиришни истамаган қизининг сўзларига кўра, бўлимдагилар уларнинг хонадонини келиб кўришган ва маъқул деб кетишган экан. Аммо, раҳбариятнинг фикри мутлақо бошқача. Бу ҳақда бизга Қамаши туман Мактабгача таълим бўлимининг давлат хусусий шерикчилик асосида МТМ ташкил қилиш шўъба мудири Шахринисо Тоштемирова шундай дейди: – Саида Бердиёрова хонадонида ташкил қилинган бу боғчада айни дамда қанча болажонлар қабул қилинганлигини билмайман. Лекин мазкур боғчанинг вазирликдан ҳам, ҳокимликдан ҳам ҳеч қандай рухсатномаси, қонуний фаолият лицензияси ва бошқа меъёрий ҳужжатлари йўқ.

Маълумот ўрнида айтиб ўтаман, мен боғчани ноқонуний фаолият юритишига рухсат бермаганман. Фақат тадбиркор сифатида хатти-ҳаракатларингизни қўллаб-қувватлайман, деганман холос. Ахир Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2018 йил 5-апрелдаги ПҚ-3651-сонли “Мактабгача таълим тизимини янада рағбатлантириш ва ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Қарорига қўшимча равишда 2018 йилнинг 30 июль куни Вазирлар Маҳкамасининг 595-сонли Қарори ижросини таъминлаш вазифамиз саналади.

Бефарқлик ва масъулиятсизликка асл сабаб носоғлом муҳит(ми?)

Исми-шарифи сир тутилишини истаган бир ходимнинг сўзларига кўра, бунга туман мактабгача таълим бўлимида вужудга келган носоғлом муҳит сабаб бўлмоқда.

- Бўлим мудирамиз аслида мутахассислик бўйича мактабгача таълимга умуман алоқаси йўқ инсон. Бошқарма томонидан шу лавозимга тайинланганидан буён бу каби ҳолатлар тез-тез учраб турибди. Афсуски, туман ҳокими ҳам бундан норози. Жамоа иккига бўлиниб қолган. Ҳамма ўз билганича иш қилади. Бошқарма эса вазиятдан хабардор бўлса ҳам негадир бирор чора кўришга шошилмаяпти. Натижада йўл қўйилган ишда мана шу каби камчиликлар жиддий хатоларни келтириб чиқармоқда,-дейди ходим.

Масала юзасидан Қамаши туман Мактабгача таълим бўлими мудираси Нилуфар Саъдуллаева билан бир неча марта боғланишга уриниб кўрдик, натижасиз. Начора. Сўнгсўз ўрнида демоқчи бўлганимиз, ўзим хон-кўланкам майдон дейдиган замонлар аллақачон ортда қолмадими?

Доимгидек, мулоҳазани ўзингизга қолдирамиз.
Муқаддас ИСМОИЛОВА,
Дилшод НАБИЕВ.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Қамашидаги болалар боғчаларига ҳамма нарса мумкинми, уларни ҳеч ким назорат қилмайдими?