Бу йилги қиш мавсуми яна илиқ ва қалин қорларсиз ўтадими?

  • 26 октябрь 2019, 20:12
  • 6 806
  • Ўзбекистон
  • Бу йилги қиш мавсуми яна илиқ ва қалин қорларсиз ўтадими?
    Дунёда глобал иқлим ўзгариши жараёни мана охирги уч йилдирки республика ҳудудларида ҳақиқий қиш об-ҳавосини тақдим этмади. Қор ўрнига илиқ ёмғирларни кўрмоқдамиз. Чана-чанғилар ташқарига олиб чиқилмай, қазноқ-ертўлаларда чанг босиб ётибди. Бу кетишда, ёш авлод яқин келажакда катта авлод кўрган қиш манзараси, қорли кунлар тааъсуротларини фақат кинолар ёки тоғли дам олиш масканларида кўра олади холос, шекилли.

    Ҳа, қиш деганда қор ёғиши, музлама йўллар, қалин қор билан қопланган далалар, уйларнинг том ёпилмаларидан осилиб турган яхмалак манзаралари кўз олдимизда бот-бот гавдаланеваради. Аммо, охирги пайтда қиш ойларида ʼʼинжиқʼʼ иқлимнинг ўзгариши бизни бу каби ҳодисалардан маҳрум қилиб қўйди.

    Қиш ойларида Ўзбекистон ҳудудларига кириб келадиган совуқ оқим (циклон ва антициклон)ларнинг деярли ҳаммаси қўшни Қозоғистон республикаси орқали Россия ҳудудларидан кириб келади. Бу табиий...

    Хўш, Россия умуман олганда, Европа давлатларида 2019-2020 йилги қиш мавсуми қандай кутилмоқда?

    Буюк Британия ва Марказий Европанинг катта қисмида 2019-2020 йилги қиш мавсуми фавқулодда охирги 60 йилликдаги ʼʼэнг совуғиʼʼ бўлиши мумкин экан. Хавотирга ўрин йўқ, чунки бу ҳудудларда шаклланган совуқ оқимларнинг Ўзбекистон республикаси ҳудудларига таъсири умуман сезилмайди.

    Украинада ноябр ойининг фақат биринчи ўн кунлигини совуқ кўрсатишмоқда, аммо у ерда қиш мавсуми нисбатан илиқ, кўп йиллик меъёр атрофида ва ундан юқори бўлиши, ерларни қалин қор қоплами қоплашини башорат қилишмоқда. Бу ҳудудда ривожланган айрим кенг масштабли совуқ оқимлар бизнинг республика ҳудудларига 6-7 кунда шимоли-ғарбий совуқ оқим кўринишида кириб келиши исботланган.

    Россия Россгидромет (Россия Гидрометеорология хизмати маркази) маълумотига кўра, сўнгги 19 йил ичида Россия Гидрометеорология хизмати маркази томонидан ишлаб чиқилган қиш мавсуми учун прогнозларнинг тўғрилиги 58-81% оралиқда бўлган экан. Қизиқ томони, Россгидромет Россия ҳудудларида 2019-2020 йил мавсуми учун кузнинг охирги ноябр, қиш ойлари ҳамда баҳор ойининг дастлабки март ойини кўп йиллик меъёр атрофида ва ундан юқори яъни ʼʼилиқ келишиниʼʼ башорат қилмоқда.

    Россгидромет маълумотлари, ва охирги даврларда қўшни Туркманистон орқали Эрон ва Покистон ислом Республикаларида фаоллашган кенг маш​табли илиқ оқимларнинг бизнинг республика ҳудудларига кириб келиш кетма-кетлигини инобатга олиб, Ўзбекистон республикаси ҳудудларида 2019-2020 йилги қиш мавсуми ойлари учун қуйидаги метеорологик ҳолатларни башорат қилиш мумкин.

    Ноябр ойи
    Россиянинг шимолий қутбига яқин қисмида полярний совуқ оқимлар фаоллиги паст даражада эканлигини инобатга олиб, республика ҳудудларига ўта совуқ ҳаво массаларининг кириб келиш давомийлиги деярли кузатилмайди. Шунинг учун, бу ойда ўртача ойлик ҳаво ҳарорати меъёр атрофида ва ундан юқори бўлиши кутилмоқда.

    Декабр ойи
    Ўртача ойлик ҳаво ҳарорати кўп йиллик меъёр атрофида, айрим ҳудудларда ундан юқори бўлиши мумкин. Асосий совуқ - ойнинг ўрталарида совуқ Сибир антициклони(қуруқ совуқ)нинг кириб келиши туфайли юзага келади. Ойнинг биринчи ўн беш кунлигида ёғингарчиликлар кам кутилади. Ойнинг учунчи ўн кунлиги бошларида ёғингарчиликлар кўпайиб боради. Янги йил арафаларида ҳаво илиқроқ бўлиши мумкин.

    Январ ойи
    Келаётган қиш ойлари ичидаги ʼʼэнг совуғиʼʼ дейиш мумкин. Аммо, шунга қарамай, ой давомида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати кўп йиллик меъёр атрофида бўлади. Ойнинг биринчи ярмида асосан ҳаво илиқ, ёмғир кўринишидаги ёғингарчиликлар бўлиши кутилмоқда. Аммо, ойнинг иккинчи ярмида Россиянинг шимоли-ғарбий қисмида совуқ ҳаво оқимларининг кенг масштабли фаоллиги ошгани боис, республика ҳудудларига бу даврда камида бир марта бўлса ҳам совуқ оқимлар ёғингарчиликлар (қор билан) билан кириб келиши мумкин. Ой охирларига бориб, аста-секин кунлар исий бошлайди.

    Феврал ойи
    Ой давомида ўртача ойлик ҳаво ҳарорати кўп йиллик меъёрдан юқори илиқ бўлиши мумкин. Ойнинг биринчи ўн кунлигида асосий ёғингарчиликлар(асосан ёмғир кўринишида) ёғиб ўтади. Жанубдан кириб келувчи илиқ оқимлар ҳаво ҳароратини айнан шу ойда кўтариб юбориши мумкин.

    Юқоридагилардан кўриниб турибдики, 2019-2020 йил мавсумидаги қиш ойлари кутилганидек, илиқ келиши кутилмоқда.

    Гидрометеорология соҳасида узоқ муддатли башоратларнинг аниқлик даражаси 55-70% эканлигини инобатга олиб, бу метеорологик башоратларни маслаҳат ўрнида қабул қилишингизни тавсия бераман.
    Метеоролог-синоптик: Абдулахатов Э.

    Facebook орқали авторизация
    Маълумот

    Посетители, находящиеся в группе Гости, не могут оставлять комментарии к данной публикации.
    » » Бу йилги қиш мавсуми яна илиқ ва қалин қорларсиз ўтадими?