
20 ноябрь куни Тошкент шаҳри яна дунё бўйлаб ҳаво ифлосланиши бўйича энг юқори ўринлардан бирини эгаллади. IQAir халқаро портали келтирган охирги маълумотларга кўра, пойтахт дунёнинг йирик мегаполислари орасида 2-ўринга чиқиб олган. Бу кўрсаткич ҳаводаги зарарли зарралар миқдори қанчалик юқори эканини ва аҳоли саломатлиги учун хавф кучайганини яна бир бор кўрсатиб турибди.
Тошкент вақти билан соат 18:55 да қайд этилган ҳолатга кўра, атмосферадаги PM 2,5 турдаги майда заррачалар концентрацияси 166 мкг/м³ ни ташкил этган. Бу эса Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти тавсия қилган йиллик меъёрдан 33,2 баравар юқори экани билан ҳолатнинг жиддийлигини янада очиқлаштириб қўяди.

Шу каби вазиятда аҳолига эҳтиёт чораларини кучайтириш тавсия қилинади. Зарурият бўлмаса, кўчага чиқмаслик, айниқса, нафас йўллари билан боғлиқ хроник касалликка эга инсонлар тиббий ниқоблардан фойдаланиши жуда муҳим. Кўчадан уйга кирганда юз-қўлларни яхшилаб ювиш, хонада чанг йиғилишига йўл қўймаслик, эшик-деразаларни маҳкам ёпиб қўйиш ва хонани нам латта билан кунига бир неча марта тозалаш каби оддий қоидалар ўзини ҳимоя қилишга ёрдам беради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзгидромет ҳам Тошкент ҳавоси ифлосланиши бўйича огоҳлантирув билан чиққан эди. Мутахассислар айтишича, ҳаводаги зарарли зарраларнинг кўпайиши кескин ҳарорат ўзгаришлари оқибатида юзага келган инверсия билан боғлиқ. Бундай шароитда зарарли моддалар ерга яқин ҳаво қатламида тўпланиб қолади ва тарқалиб кетиши қийинлашади.
Пойтахт аҳолиси учун бу вазият яна бир бор экологик хавфсизлик ва шахсий эҳтиёт чораларининг нақадар муҳим эканини эслатиб қўйди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.