
Гидрометеорология хизмати 2025–2026 йиллар қиш мавсуми учун дастлабки мавсумий башоратни эълон қилди. Мутахассислар таъкидлашича, бу йилги қиш умумий ҳолатда кўп йиллик меъёрларга яқин кечиши кутилмоқда, аммо айрим кунларда ҳудудлар кесимида сезиларли ҳарорат ўзгаришлари кузатилиши мумкин. Шу боис фуқаролар, хизматлар ва иқтисодий тармоқлар олдиндан тайёргарлик кўришлари зарурлиги эслатиб ўтилди.
Декабр: нисбатан илиқ ва ўзгарувчан ой
Қишнинг дастлабки ойи меъёрдан 1–1,5 даража баландроқ ҳарорат билан бошланиши прогноз қилинмоқда. Ойнинг илк ўн кунлигида ҳаво айниқса юмшоқ бўлади: тунлари 0…+5°, кундузлари +10…+15° атрофида.
Аммо декабрнинг иккинчи ярмидан бошлаб об-ҳаво кескин алмашиб туради: тунлари +2…+7° дан 0…–5° гача тушса, кундузлари +12…+17° дан +2…+7° гача пасайиши мумкин. Ёғингарчилик эса норма ёки ундан бироз кам бўлиши тахмин қилинмоқда.
Январ: аста-секин совуш ва кучли шамоллар эҳтимоли
Январ ойи бир қарашда одатий қишни эслатса-да, айрим ҳудудларда совуқлар меъёрдан бироз кучлироқ кечиши мумкин. Ойнинг дастлабки икки ўн кунлигида ҳарорат катта тебранишда бўлади: тунлари +3…+8° дан –3…–8° гача, кундузлари +10…+15° дан –2…+3° гача ўзгариб туради.
Учинчи ўн кунликда эса қишнинг энг қаттиқ даври кутилмоқда: кўпчилик ҳудудларда тунлари –12…–17°, кундузи –5…–10° гача тушиши мумкин. Нукус ва Урганчда эса ҳарорат –20…–25° даражагача пасайиши эҳтимолдан холи эмас.
Феврал: бошда совуқ, кейин эса сезиларли илиш
Феврал ойининг илк ўн кунлигида аномал совуқлар яна давом этиши мумкин: тунлари –5…–10°, кундузлари –3…+2°. Аммо шундан кейин қиш бироз енгиллашади: тунлари –2…–7° атрофида бўлиб, +3…+8° гача кўтарилиши мумкин. Кундузлари эса 0…+5°дан +10…+15° гача илиши кутилмоқда. Жанубий ҳудудларда баъзи кунлари +15…+20° ҳам қайд этилиши мумкин.
Ёғингарчилик миқдори умумий ҳисобда меъёр доирасида бўлади.
Мутахассислар нима дейди?
Гидрометеорологлар таъкидича, мавсумий прогноз аниқ йўлланма эмас — об-ҳаво шароитига кўра ўзгаришлар бўлиши мумкин. Бироқ юз бериши мумкин бўлган кучли совуқлар, қаттиқ шамоллар ёки ноқулай гидрометеорологик ҳолатлар ҳақида қўшимча ахборотлар ўз вақтида эълон қилиб борилади.
Шу боис фуқаролар, айниқса иссиқлик таъминоти, қишлоқ хўжалиги, энергетика ва транспорт тизими каби соҳалар зиммадаги вазифаларни олдиндан режалаштириб, эҳтиёткорлик чораларини кўришлари тавсия этилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.