
Тошкентда охирги кунларда сезиларли ёмонлашган ҳаво сифати атрофида муҳокамалар кучайди. “Ўзгидромет” раҳбари Шерзод Ҳабибуллаев вазиятга ойдинлик киритиб, нега ҳаво ифлосланиши ошгани ва қачон барқарорлашиши ҳақида маълумот берди. Унинг таъкидлашича, бир нечта табиий омил бир вақтда тўқнаш келиб, муаммони янада чуқурлаштирган. Вазирлик кузатувига кўра, ҳолат 24 ноябрдан кейин босқичма-босқич енгиллашади.
Ҳавонинг кескин булғинишига асосий таъсир этган омил — ҳарорат инверсияси. Яъни совуқ ҳаво пастда йиғилиб, илиқ ҳаво юқори қатламда қолиб кетиши туфайли атмосфера қаватлари аралашмай қўйган. Бундай шароитда инсон саломатлигига хавф солувчи PM10 заррачалари пастда жамланиб, ифлосланиш даражасини оширган. Шундай ҳолат ҳар йили куз-қиш мавсумида Олмаота, Бишкек ва Душанбе каби шаҳарларда ҳам кузатилади.
Иккинчи омил — ёғингарчиликнинг деярли йўқлиги. Ноябрь давомида ёмғир тушмагани учун ҳаво табиий равишда тозаланмади, натижада чанг ва куйик заррачалари узоқ вақт атмосферада сақланиб қолди.
Учинчи омил сифатида хушклик ва табиий чангнинг ортиши қайд этилди. ЎЗбекистон қуруқ иқлимга эга, вегетация пасайган, глобал исиш кучайган — бу омиллар чанг миқдорининг йил сайин ўсишига олиб келмоқда. Бу йил эса ҳатто шамолсиз кунларда ҳам PM10 кўрсаткичлари меъёрдан юқори бўлиб қолган.
Ҳабибуллаев бу ҳолат мавсумий эканини таъкидлаб, барча жараёнлар кузатув остида эканини, зарурат бўлса қўшимча чоралар кўрилишини билдирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.