08:30 / 25.11.2019
2 562

Ўзгараётган Ўзбекистоннинг муаммолари: сайлов дебатлари

Ўзгараётган Ўзбекистоннинг муаммолари: сайлов дебатлари
Ўзбекистон, қаттиқ авторитаризмдан, диктатурадан воз кечишга интилар экан, унинг эски кўникмаларига эҳтиёж қолмайди, янги малака шакллантириш эса – анча машаққатли бўлади. Жумладан, сайловларни ташкил қилиш, партияларни ривожлантириш, кучли парламент шакллантириш борасида ҳам, муаммоларнинг кўламини кўряпмиз.

Кўпгина дўстларимиз, парламент сайловларидаги дебатлардан ниҳоятда қониқмаётганини, дебатлар савияси мислсиз паст эканлигини урғулашмоқда. Мен ҳам вақт топиб, дебатларни баъзиларини кузатдим. Муаммолар ҳақиқатда сероб. Бу муаммолар, бамисоли, 27 йил гапирмасдан эшитган одамнинг тўсатдан тилга кириб, омма олдида гапиришга ҳаракат қилаётганини эслатади. Одам ўзининг тасаввурида, фикрларини тиниқ ва жўн гапираётгандек. Лекин, омма кўз ўнгида, у ғалати кўринади, сўзлари ва фикрлари жўяли чиқмайди, фикрларини йўқотиб қўяди, дудуқланади.

Ўзбекистонда партиялар қурилиши жуда мўрт. Партияларга, шу пайтгача сиёсий тизим витринасида туриб, овоз чиқармасдан оғиз қимирлатиш, пантомима кўрсатиш топшириғи берилган эди. Партиялар ва депутатлар, ўтган 27 йил давомида эрталабдан кечгача «демократия ва плюрализм» театрини ижро этишди. Бу саҳналар, образлар, қилиқлар жуда кучли ўзлаштирилган эди, ҳар бир актёр ўз ролини маҳорат билан ўзлаштирган эди. Энди эса, партияларга бу роллардан чекинишни, оз-оздан бўлсада, реал ролларни ўйнашни айтишди. Янги вазият, янги роллар: партиялар қийналишмоқда.

Дебатлар жуда нотўғри ташкиллаштирилган. Профессионаллик йўқ. Ҳаваскорлик устун! Ташаббус асосан партияларнинг ёшлари ва норасмий вакиллари қўлида. Саволларга жавоб бераётган партия вакилларида, арзон эҳтиросларни қўзғаш, арзон популизмга мурожаат ниҳоятда устун. Партия мутасаддиларининг иштироки кам. Кўтарилаётган муаммолар – анча юзаки. Мени назаримда, дебатларни қуйидагича ташкил қилиш мумкин эди.

Бир кун, дебатларда фақат партияларнинг лидерлари бўлади, ва уларга, олдиндан келишилган конкрет масалалардан саволлар берилади, партиялар ўртасида фақат шу мавзулар доирасида баҳслар бўлади. Ҳар сафар, жуда аниқ ва жуда долзарб масалалар олинади. Масалан, ўқишлардаги контрактлар муаммоси; административ ислоҳотлар: ҳокимларни тайинлаш еки сайлаш; ЕОИИга аъзолик борасидаги қарашлар ва ҳ.к. Яъни, ҳар бир жиддий масалага партиялар жиддий тайёрланиб келиши, ва ўз позицияларини тушунтириши, уни ҳимоя қилиши назарда тутилади.

Бошқа кун, аниқ бир сайлов участкасининг беш партиядан номзодлари билан, аниқ мавзулар борасида баҳс уюштирилади. Дебатларни олиб бориш, ташкиллаштириш, тўлиқ профессионалларга топширилади. Партиялар ва ташкилотчилар эса, арзон эҳтиросларга, арзон популизмга йўл қўймасдан, дебатларни имкон қадар профессионал ўтказишга ҳаракат қилишади.

Партияларнинг бугунги заифлиги – уларнинг айби эмас, авторитаризмнинг айби, лекин жамият учун катта йўқотиш ҳисобланади. Вазиятнинг оғирлиги шундаки, Ўзбекистоннинг ижтимоий муаммолари, 10-20-30 йилдан кейин эмас, шу бугунги кунда кучли, малакали партия ва парламентларга буюртма беряпти.

Камолиддин Раббимов

Эслатма: Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назарини ифодаламаслиги мумкин.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Ўзгараётган Ўзбекистоннинг муаммолари: сайлов дебатлари