date

Нигерияда зўравонлик: динми ёки ресурс талашуви?

Нигерияда зўравонлик: динми ёки ресурс талашуви?
Жорий йил 1 ноябрь куни АҚШ Президенти Дональд Трамп Нигерия ҳукуматини "насронийларнинг оммавий ўлдирилишини тўхтата олмасликда" айблаб, "исломчи террорчиларга" қарши ҳарбий зарбалар билан таҳдид қилди. Нигерияда аҳолининг 56,1 фоизи ислом динига, 43,4 фоизи эса насронийликка эътиқод қилади.

Мамлакат ҳукумати муаммо мавжудлигини тан олса-да, "насронийлар геноциди" тушунчасини рад этади. Расман Абужа бундай баёнотларни мамлакатдаги хилма-хиллик ва мураккабликни етарлича тушунмасликнинг натижаси деб ҳисоблайди.

Дарҳақиқат, Нигерия насронийлари АҚШ раҳбари айтганидек "ҳаёт-мамот таҳдиди" билан юзлашмоқдами? Бу низода дин қандай роль ўйнайди?

Ва турли минтақалардаги ҳужумлар ортида кимлар турибди? Маълумотларга кўра, 2019 йил октябрдан 2023 йил сентябрга қадар Нигерияда камида 16 769 насроний ўлдирилган ва яна 11 185 киши ўғирланган.

Статистикага кўра, насронийлар мусулмонларга нисбатан 2,7 баробар кўпроқ ўлдирилади ва 1,4 баробар кўпроқ ўғирланади. Аммо можароларнинг кўпчилиги диний сабаб эмас, балки иқтисодий омилларга асосланган.

Мамлакатнинг марказий ҳудудларида мусулмон фулани кўчманчилари ва насроний деҳқонлар ўртасида сув ва ер учун кураш кузатилмоқда. Иқлим ўзгариши ва шимолий ҳудудларнинг саҳролашиши фуланиларни жанубга, асосан насронийлар яшайдиган ҳудудларга кўчишга мажбур қилмоқда, бу эса можароларни кенгайишига олиб келмоқда.

Шу билан бирга, мусулмонлар ҳам зўравонликнинг қурбонига айланмоқда. 2019 йил октябрдан 2023 йил сентябргача камида 6 235 мусулмон ўлдирилган.

Диний жиҳатдан нотаниш бўлган қурбонлар ҳисобга олинганда, бу рақам 8 314 нафарга етиши мумкин. Мусулмонлар орасида "Боко Ҳарам" каби экстремист гуруҳларнинг ҳужумлари натижасида ўлим ҳолатлари кўпроқ учрайди.

"Боко Ҳарам" 2002 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади Ғарбий таълимотни йўқ қилиш ҳисобланади. Ушбу гуруҳ кўплаб жиноятларга қўл урган, жумладан ўғирлаш, қотиллик ва террористик ҳужумлар.

Кейинчалик гуруҳнинг ичида бўлинишлар юзага келган ва "Ислом давлати – Ғарбий Африка вилояти" каби янги ташкилотлар пайдо бўлган. Ушбу вазият Нигерияда диний ва иқтисодий муаммолар бирлашиб, мураккаб можаро ҳолатини юзага келтираётганини кўрсатади.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Дунё » Нигерияда зўравонлик: динми ёки ресурс талашуви?