16:15 / 08.01.2020
2 687

Президентга TÜRKSAV мукофоти берилишининг 5 омили ҳақида

Президентга TÜRKSAV мукофоти берилишининг 5 омили ҳақида
2019 йил якунларига кўра Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев «Турк дунёсини тиклаш учун қўшган улкан ҳиссаси учун» халқаро мукофоти билан тақдирланди. ИИВ Малака ошириш институти бошлиғининг ўринбосари Зафар Жуманов ушбу мукофотнинг топширилиши омиллари ҳақида фикр юритди.

«Янги йилнинг илк кунлариданоқ барчамиз меҳнат фаолиятимизни давлатимиз раҳбарининг «Туркий дунё тикланишига қўшган улкан ҳиссаси учун» халқаро мукофоти билан тақдирлангани ҳақидаги хушхабарни эшитиш билан бошладик. Бу бежиз эмас, албатта...

Маълумот ўрнида таъкидлаб ўтиш жоизки, ушбу мукофот турк дунёси ёзувчилари, зиёлилари ва санъат арбоблари жамғармаси TÜRKSAV (Türk Dünyası Yazarlar ve Sanatçılar Vakfı) томонидан таъсис этилган. TÜRKSAV эса қардош Туркия давлатидаги фуқаролик жамиятлари ўртасида муҳим ва ўз ўрнига эга ташкилотлардан ҳисобланиб, унга 1996 йилда асос солинган.

Ўтган давр мобайнида ушбу нуфузли мукофот билан Туркиянинг собиқ президенти Сулаймон Демирел, Озарбойжон президенти Ҳайдар Алиев, Қозоғистоннинг биринчи президенти Нурсултон Назарбоев ва турк дунёсининг бошқа давлатлари сиёсатчилари, тадбиркорлари ва санъат вакиллари тақдирланган.

Қайд этилишича, мукофот соҳибининг исми-шарифи TURKSAV​ ҳайъати ҳайъат қўмитаси томонидан Туркия ва хорижий давлатларнинг таниқли сиёсатчилари, иқтисодчилари, фан ва санъат намоёндаларининг 2019 йилдаги фаолиятини ўрганиш натижалари асосида эълон қилинган.

Ҳар йили бир марта бериладиган ушбу халқаро мукофот ҳайъатининг қарори Ўзбекистон раҳбарининг «мамлакатнинг ташқи дунё, Туркия ва Марказий Осиё давлатлари билан сиёсий ва иқтисодий алоқаларини изчил мустаҳкамлашдаги беқиёс хизматлари ва амалий ҳиссаси, шунингдек, Туркий кенгашдаги ҳамкорликни сезиларли даражада жонлантиргани, ушбу ташкилот доирасидаги янги ташаббуслар, шу жумладан 2020 йилда Хива шаҳрини «турк дунёсининг маданий пойтахти» деб эълон қилиш бўйича ташаббуси» учун бир овоздан қабул қилингани маълум қилинди.

Албатта, мазкур юксак эътирофнинг замирида қанчадан-қанча эзгу ташаббуслар, машаққатлар ва самарали меҳнат ётибди.
Муҳтарам президентимизга ушбу халқаро мукофотнинг берилиши қуйидагилар омиллар билан узвий боғлиқ деб ўйлайман.

Биринчидан, давлатимиз раҳбарининг жадал ислоҳотчилик фаолияти, унинг нафақат мамлакатимиз, балки Марказий Осиёнинг барча давлатлари халқлари фаровонлиги учун қулай ташқи ва ички шароитларни шакллантиришга хизмат қилаётганидир.

Жумладан, президентимизнинг сиёсий иродаси, очиқ ва амалий ташқи сиёсати натижасида Марказий Осиёда вазият ўзгаргани, минтақа давлатлари ўртасида дўстона алоқалар мустаҳкамлангани барчамизга маълум.
Қолаверса, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратишга қаратилган кенг кўламли ислоҳотлар ҳамда уларнинг натижадорлигида кўрмоқдамиз.

Иккинчидан, Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг ўтган йилнинг 3 сентябрида бўлиб ўтган олтинчи саммитида муҳтарам президентимиз ўхшаш тил, муштарак маънавий қадриятлар ва ҳамкорлик ришталари бир-бирига боғлаб келаётган халқларимизнинг ҳаётий манфаатларига тўла жавоб берадиган қатор ташаббусларни илгари сургани билан бевосита боғлиқ.

Хусусан, мазкур халқаро ҳукуматлараро ташкилотнинг йиғилишида давлатимиз раҳбари савдо-иқтисодий ва инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш, етакчи саноат корхоналари, банк-молия институтлари ва тадбиркорлик тузилмалари ўртасида кооперация алоқаларини кучайтириш зарурлигини таъкидлаб ўтди.

Транспорт йўналишларининг интеграциялашган тармоғини яратиш, дунё ва минтақадаги асосий бозорларга чиқиш масаласига алоҳида эътибор қаратишди.
Мамлакатларни инновацион асосда ривожлантириш, бу соҳага масъул бўлган идоралар, илмий-тадқиқот марказлари ва венчур компаниялар ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш зарурлиги эътироф этилди.

Туризмни ривожлантириш бўйича улкан имкониятлар борлиги, маданий-гуманитар алоқаларни мустаҳкамлаш халқларимизни янада яқинлаштириши қайд этилди.
Шунингдек, тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш, ёш авлодни илм-маърифат асосида тарбиялаш масаласига ҳам алоҳида эътибор қаратилди.

Учинчидан, 2019 йил 14 сентябрда мамлакатимиз Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашини тузиш тўғрисидаги Нахичеван битимини ратификация қилганлигидадир.

Фаол ривожланаётган алоқаларни ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамлашга қаратилган мазкур қонун халқимизнинг туркийлар тарихидаги ўрни, бугунги салоҳияти ва аҳамиятини эътироф этишга хизмат қилади.

Зеро, жаҳон илм-фани ва маданиятига унутилмас ҳисса қўшган Муҳаммад Хоразмий, Аҳмад Фарғоний, Абу Райҳон Беруний, Ибн Сино, Мирзо Улуғбек каби мутафаккирлар, муқаддас динимиз тарихида ўчмас из қолдирган Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Мотуридий, Баҳоуддин Нақшбанд сингари буюк алломалар, туркий дунёни қалам билан бирлаштирган Алишер Навоий сингари улуғ шоирлар нафақат ўзбек халқи, балки барчанинг фахр-у ифтихори эканлиги барчамизга маълум.

Қолаверса, асосий мақсади қардош мамлакатлар ўртасида ишонч ва алоқаларни мустаҳкамлаш, савдо-иқтисодиёт, транспорт, энергетика, туризм ва маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни ривожлантириш, минтақада тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш борасидаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштириш ҳисобланган ушбу ташкилотга аъзолик ҳам тарихий мероси, ҳам аҳоли сони, демографик таркиби нуқтайи назаридан юртимизнинг туркий давлатлар интеграциясида муҳим ўрин тутади.

Тўртинчидан, мамлакатимизнинг халқаро майдонда нуфузи тобора ошиб бораётган ушбу кенгашнинг тўлақонли аъзоси эканлигидадир.

Энг аввало таъкидлаб зтиш жоизки, мазкур тузилмага аъзо бўлиш юртимизга савдо ва инвестициялар учун қулай шароитлар яратиш, товарлар, капиталлар, хизматлар ва технологияларнинг эркин ҳаракатланишини босқичма-босқич амалга ошириш имконини беради. Шу билан бирга, туркий давлатлардан Ўзбекистонга сайёҳлар оқими ҳам тобора ортиб боришига замин яратади.

Қолаверса, кенгаш доирасидаги икки томонлама ва минтақавий ҳамкорликнинг янада ривожланиши ҳамда ташкилотнинг институционал тузилма сифатида ҳам минтақавий, ҳам халқаро мавқейи юксалишига хизмат қилади.

Мамлакатимизнинг илк бор тўла ҳуқуқли аъзо сифатида кенгаш таркибида ва фаолиятида иштирок этиши ташқи сиёсат ва халқаро ҳамкорлик доирасидаги янги ҳамда муҳим қадам бўлди, десак муболаға бўлмайди, албатта.

Кенгашнинг 2019 йил 15 октябрда Боку шаҳрида бўлиб ўтган еттинчи саммитида ҳам давлатимиз раҳбари бир қатор таклиф ва ташаббусларни илгари сурган эди. Жумладан, президентимиз ўз нутқида йирик транспорт-коммуникация лойиҳаларини амалга ошириш Марказий Осиё – Туркия транспорт йўлаги орқали Европа, Хитой ва Жанубий Осиё бозорларига чиқиш учун салмоқли имкониятлар яратишини, «Боку – Тбилиси – Карс» янги темир йўлининг салоҳиятидан унумли фойдаланиш зарурлигини таъкидлади.

Сайёҳлик ва туризмни ривожлантириш борасида ҳамкорликни жадаллаштириш мақсадида кенгаш томонидан ишлаб чиқилган «Замонавий Ипак йўли» сайёҳлик дастури мамлакатимизнинг туризм салоҳиятини оширишга кенг имконият яратиши эътироф этилди.

Тадбиркорлар ўртасида тўғридан-тўғри ва ишончли алоқаларни ўрнатиш учун энг қулай шароитлар яратиш мақсадида қўшма технопарклар, стартап инновация компаниялари ва венчур жамғармалари ташкил этиш, қўшма инвестиция фонди ва туркий давлатлар савдо уйларини биргаликда барпо этиш ташаббуси илгари сурилди.

Кенгаш доирасида Ёш тадбиркорлар форумини таъсис қилиш ва унинг биринчи йиғилишини 2020 йил Ўзбекистонда ўтказиш таклиф қилинди.

Кенгашга аъзо давлатлар адабиётининг энг сара намуналаридан иборат «Туркий адабиёт хазинаси» номли китоблар туркумини ҳар бир мамлакатнинг она тилида нашр этиш зарурлиги таъкидланди.

Бешинчидан, мамлакатимизнинг ҳар доим туркий дунёнинг марказий қисмларидан бири бўлиб келганлиги, Буюк Ипак йўлидаги Самарқанд, Бухоро ва Хива каби шаҳарларимиз билан Турк-Ислом тарихининг иқтисодий ва маданий бешиги сифатида эътироф этилганлиги билан изоҳланади.

Бу борада юртбошимиз ташаббуси билан сўнгги йилларда нафақат марказий жуғрофий жойлашуви ва ортиб бораётган имкониятлари билан ўзининг қардош мамлакатлари учун, балки бутун минтақани ривожлантириш учун янги ва замонавий таклифлар илгари сурилаётганлиги долзарб аҳамият касб этмоқда.

Айни пайтда, Турксой халқаро маданияти ташкилотига аъзо давлатлар маданият вазирлари кенгашининг Қирғизистонда бўлиб ўтган 37-йиғилишида кўҳна Хива шаҳрининг 2020 йилда «Туркий дунёнинг маданият пойтахти» деб эълон қилиниши ҳам қардош халқларимизни янада яқинлаштиришга, абадий дўстлигимизни мустаҳкамлашга катта ҳисса қўшди.

Шунингдек, Ислом таълим, фан ва маданият ташкилотига (ISESCO) аъзо давлатлар маданият вазирларининг 2019 йил

18 декабрда Тунисда бўлиб ўтган 11-Ислом конференциясида Бухоро шаҳрининг 2020 йил 1 январдан Ислом маданияти пойтахти деб эълон қилинганлиги ҳам мамлакатимиз ўзининг бой миллий ва тарихий мероси билан жаҳон тамаддунига улкан ва бебаҳо ҳисса қўшиб келаётганлигидан далолат беради.

Хулоса қилиб айтганда, ушбу халқаро эътироф муҳтарам Президентимизнинг элларни элларга яқинлаштириш, келажакни ўйлаб иш тутишдек буюк мақсадни амалга оширишга қаратилган қатъий сиёсий иродаси, доно раҳбарлиги ва фаол дипломатияси маҳсулининг натижаси ҳисобланади ҳамда ҳар биримизга ғурур ва ифтихор бағишлайди», дейилади мақолада.

Маълумот учун, TURKSAV​ мукофотини топшириш маросими жорий йилнинг май ойида Анқарада Туркия парламенти, ҳукумати, кенг жамоатчилиги, ишбилармон доиралари ва санъат арбоблари иштирокида тантанали тарзда ўтказиш режалаштирилган.

Dasturlash foundation


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президентга TÜRKSAV мукофоти берилишининг 5 омили ҳақида