Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг БМТ Бош Ассамблеяси 75-сессиясида сўзлаган нутқи кўплаб хорижий босма ва электрон оммавий ахборот воситаларининг диққатини тортди. Уларда президент нутқига бағишланган туркум мақолалар эълон қилинди.
Хусусан, “Комсомолская Правда - Қозоғистон”нинг ёзишича, Ўзбекистон президенти коронавирусга қарши курашда БМТнинг ролини кучайтиришни таклиф қилди.
“Шавкат Мирзиёевнинг фикрича, пандемия пайтида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисида халқаро кодекс ишлаб чиқилиши керак. Ушбу ҳужжат ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва халқаро шериклар олдидаги мажбуриятларини акс эттириши лозим.
Бундан ташқари, Мирзиёев Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ваколатларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Республика раҳбари COVID-19 тарқалиши ва пандемия оқибатларига қарши кураш Ўзбекистонда қандай ташкил этилаётганлигини айтиб берди. Мамлакатда аҳолига, иқтисодиёт тармоқларига ва бизнесга манзилли ёрдам кўрсатиш учун махсус фондлар ташкил этилди. Шунингдек, у шерикларга қийин пайтда қўллаб-қувватлагани учун миннатдорчилик билдирди.
Бош ассамблеяда нутқ сўзлаган Мирзиёев, шунингдек, БМТ шафелигида Марказий Осиё мамлакатлари транспорт ва коммуникация алоқаларини ривожлантириш минтақавий маркази ташкил этишни таклиф қилди. Унинг сўзларига кўра, Ўзбекистон раҳбарияти Марказий Осиё мамлакатлари ўртасида ўзаро ишонч муҳитини яратишга муваффақ бўлди. Натижада, сўнгги тўрт йил ичида мамлакат ва қўшни давлатлар ўртасидаги ўзаро товар айирбошлаш ҳажми деярли беш баробар ўсди”, - деб ёзади нашр.
Россиянинг TopNews нашри “БМТда коронавирус тўғрисида: Ўзбекистон давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги кодексни ишлаб чиқишни таклиф қилди” сарлавҳали мақола эълон қилинди. У Lenta.ru, “Мир 24”, “Рамблер”, ТАСС сайтларида ҳам берилди.
Мақолада ёзилишича, Ўзбекистон БМТ шафелигида пандемия пайтида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ташаббусини илгари сурди.
“Бу йил Бош ассамблея биринчи маротаба коронавирус туфайли онлайн ўтказилмоқда ва Мирзиёев сўнгги юз йил ичида бундай кўламдаги фалокат бўлмаганлигини таъкидлади. У бутун инсониятнинг бундай глобал таҳдидларга нисбатан заифлигини намойиш этди. Шу муносабат билан Ўзбекистон президенти дунёдаги барча мамлакатлар ўртасида мунтазам мулоқот, ишонч ва ҳамкорлик алоҳида аҳамиятга эга эканини билдирди. “Бизнинг мақсад - ҳар бир инсоннинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликлари, соғлиғи ва фаровонлигини таъминлайдиган адолатли глобал тизимни биргаликда шакллантириш”, - деди у.
Бундан ташқари, Мирзиёев Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) ваколатларини кенгайтириш зарурлигини таъкидлади.
Мирзиёевнинг сўзларига кўра, бош котиб Антониу Гутерришнинг давом этаётган инқироз шароитида озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлашнинг долзарб муаммоларига бағишланган саммит ўтказиш тўғрисидаги таклифини Ўзбекистон қўллаб-қувватлайди”, - дейилади мақолада.
БМТ Янгиликлар марказида “Ўзбекистон президенти Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилишни таклиф этди” сарлавҳали мақола берилди.
Унда айтилишича, БМТ Бош ассамблеясининг 75-сессияси делегатларига видеомурожаат билан чиққан Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев Оролбўйини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилишни таклиф этди.
“У Орол денгизи тезлик билан қуригани ва иқлим ўзгаришининг ҳалокатли таъсири ҳақида эслатди. Мирзиёев, шунингдек, ўз мамлакатидаги ислоҳотлар ҳақида гапириб, COVID-19’га қарши биргаликда курашишга чақирди.
Шавкат Мирзиёев Ўзбекистонни “сиёсий, ижтимоий ва иқтисодий модернизациялаш” ҳақида гапирди. “Бугун мамлакатимиздаги демократик ўзгаришлар ортга қайтариб бўлмас тус олди”, деди президент. У аёлларнинг жамиятдаги ўрни ортиб бораётганлиги тўғрисида хабар бериб, уларнинг янги парламентдаги сони икки бараварга ошганлигини таъкидлади. Президент ёшларга ёрдам берувчи лойиҳалар ҳақида гапирди.
Президент ўз нутқида иқлим ўзгариши муаммосига алоҳида эътибор қаратди ва бугунги кунда ҳар бир мамлакат ушбу жараённинг ҳалокатли таъсирини ҳис қилаётганини таъкидлади. “Афсуски, ушбу салбий ўзгаришлар Марказий Осиёнинг барқарор ривожланишига жиддий таҳдид солмоқда. Орол денгизининг қуриши жиддий оқибатларга олиб келганига яна бир бор эътиборингизни қаратмоқчиман. Орол денгизи зонаси экологик офатнинг эпицентрига айланди”, - дея маълум қилди Ўзбекистон президенти.
Унинг сўзларига кўра, мамлакат ушбу ўзгаришларга қарши туришга ҳаракат қилмоқда, жумладан “2 миллион гектар майдонда янги ландшафт, ўрмонзорлар ва тупроқ қопламини яратиш” орқали. Мирзиёев Тошкентнинг ташаббуси билан Орол денгизи минтақаси учун БМТнинг инсон хавфсизлиги бўйича Кўп шериклик траст фонди ташкил этилганини айтди. Президент ушбу жамғарма тўлдирилиб, қийин экологик вазиятга эга ҳудудда яшовчи аҳолига халқаро ёрдам кўрсатишнинг самарали механизмига айланишига умид билдирди.
“Биз Орол денгизи минтақасини экологик инновациялар ва технологиялар зонаси деб эълон қилиш тўғрисида БМТ Бош ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни, ушбу муҳим ҳужжат қабул қилинган кунни эса Халқаро экологик тизимларни муҳофаза қилиш ва тиклаш куни деб эълон қилишни таклиф этамиз”, - деди президент”, - дейилади БМТ хабарида.
Бельгиянинг Eurocontinent нашри “Ўзбекистон Марказий Евросиёда барқарорлик таянчи сифатида” сарлавҳали мақола чоп этилди.
“Агар дунё харитасига қарасангиз, Ўзбекистон Евросиёнинг марказида жойлашган. Шунинг учун Марказий Евросиё - “Марказий Осиё”га қараганда мосроқ атама ҳисобланади. Ички ва ташқи томондан Ўзбекистон Марказий Осиёда, шунингдек, бутун Евросиё қитъасида геосиёсий барқарорлик ва тинчликка ҳисса қўшмоқда.
Ўзбекистон Марказий Евросиёнинг марказида жуда муҳим геосиёсий позицияни эгаллайди ва барқарорликни сақлашда муҳим роль ўйнайди. Мамлакат Марказий Осиёда энг кўп аҳолига эга. Шунингдек, Ўзбекистон Афғонистондан бутун Марказий Осиё, кейинчалик Россия ва Хитойга беқарорликнинг тарқалишини олдини олувчи геосиёсий қасрдир.
Марказий Осиё олдида минтақанинг глобал иқтисодий, транспорт ва транзит йўлакларига интеграциясини таъминлаш каби муҳим стратегик вазифа турибди. Ўзбекистоннинг мақсади - Марказий Осиё давлатларини янада нуфузли ва фаровон қилиш ҳамда “Янги ипак йўли” ташаббусларидан яхшироқ фойдаланиш”, - дейилади мақолада.
Буюк Британиянинг PR Newswire нашри “Ўзбекистон президенти Афғонистон бўйича БМТ доимий қўмитасини ташкил этиш тўғрисида таклиф билан чиқди” сарлавҳали мақола эълон қилди. У The cision (Буюк Британия), Business Insider, The Frontier Post (АҚШ), Xinhua, China.org (Хитой), Ariana News ва Baztab News (Афғонистон), “РИА Новости” (Россия) сайтларида ҳам берилди.
“Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев БМТ Бош ассамблеясига тинчлик ҳаракатларини мувофиқлаштириш ва мамлакатда сиёсий барқарорлик қарор топишига кўмаклашиш учун БМТнинг Афғонистон бўйича доимий қўмитасини тузиш тўғрисида мурожаат қилди.
Президент Мирзиёевнинг Бош ассамблея сессиясининг очилишидаги мурожаатномаси биринчи марта ўзбек тилида янгради.
Президент Ш.Мирзиёев ўз нутқида Афғонистонда тинчликка кўмаклашиш бўйича Ўзбекистон томонидан амалга оширилаётган қадамлар тўғрисида айтиб ўтди”, - дейилган мақолада.
BBC NEWS ўзбек хизмати (Буюк Британия) “Ўзбекистон ва дунё: Шавкат Мирзиёев ўзбек тилида нималар деди?” сарлавҳали мақола билан чиқиш қилди.
“Ўзбекистон раҳбари пандемия боис сиртдан қилган нутқини айнан пандемиядан бошлади, халқаро ҳамжамият қаршисига янги таклифни илгари сурди.
Президент Мирзиёев бу гал Бирлашган Миллатлар Ташкилоти шафелигида Пандемиялар даврида давлатларнинг ихтиёрий мажбуриятлари тўғрисидаги халқаро кодексни ишлаб чиқиш ғоясини ўртага ташлади.
Ўзбекистон раҳбарига кўра, "ҳужжатда ҳар бир давлатнинг ўз фуқаролари ва ҳамкорлари олдидаги мажбуриятлари акс этган бўлиши лозим".
Ўзбекистон жорий пайтда Қозоғистон ва Тожикистондан кейин Марказий Осиёнинг коронавирус энг кўп тарқалган учинчи давлати бўлади.
Шавкат Мирзиёевнинг бу галги нутқи ҳам кенг қамровли экани кўрилган. У яна Ўзбекистондаги ислоҳотлар мавзусига эътибор тортган, ассамблея иштирокчиларига "Ўзбекистондаги демократик ўзгаришлар ортга қайтмайдиган тус олгани"ни айтган.
"Гендер тенглик сиёсати ўзлари учун устувор масала экани"ни таъкидлаган. Ўзбекистонда "инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ҳолат ҳам бутунлай ўзгаргани"ни айтган. Бу гал "мажбурий ва болалар меҳнати Ўзбекистонда тўлиқ тугатилгани"ни баён қилган.
"Ўзбекистонда диний эркинлик борасида ҳам вазият кескин яхшилангани"ни қайд этган. Ишсизлик, коррупция ва ёшлар масаласини ҳам тилга олган. Ёшлар ҳуқуқлари тўғрисидаги БМТ конвенциясини қабул қилиш бўйича ўзларининг ташаббусларини қўллаб-қувватлашга чақирган.
Барқарор тараққиёт мақсадларига эришиш ва инсон ҳуқуқларини таъминлашда парламентлар ролини ошириш тўғрисидаги БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилишни ҳам таклиф этган.
Марказий Осиё билан боғлиқ қатор ташаббусларни ўртага отган. Бу гал ҳам Афғонистон масаласига алоҳида тўхталиб ўтган, БМТ ҳузурида афғон халқининг дард-у ташвишини тинглайдиган, доимий фаолият кўрсатадиган қўмита ташкил этиш лозимлигини айтган.
Ўзбекистон президенти яна глобал иқлим ўзгариши муаммоси ва худди шу фонда Орол денгизи фожиасига эътибор тортган. Оролбўйи минтақасини экологик инновация ва технологиялар ҳудуди, деб эълон қилиш ҳақида БМТ Бош Ассамблеясининг махсус резолюциясини қабул қилиш таклифини ҳам илгари сурган”, - дейилади мақолада.
Бундан ташқари, Süddeutsche Zeitung “Президент Шавкат Мирзиёев Нью-Йоркда Ўзбекистоннинг янги халқаро ташаббусларини тақдим этди”, Berliner Telegraph “Терроризм ва экстремизм билан кураш соҳасида Ўзбекистоннинг янги ташаббуслари”, Gazzetta di Napoli “Коронавирусга қарши глобал курашда Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев ташаббусларининг аҳамияти”, Frankcreations “БМТ Бош ассамблеясида Ўзбекистон президенти минтақавий ўзаро алоқаларни ривожлантириш тўғрисида гапирди”, The Economic Times “Маданиятни юқори даражада тарғиб қилиш: ўзбек тили биринчи марта БМТда ишлатилади” сарлавҳали мақолалар эълон қилинди. «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Халқаро жиноят суди Исроил бош вазири Нетаньяхуни ҳибсга олишга ордер берди
“Ҳизбуллоҳ” бир суткада Исроилга қарши 20 га яқин ҳарбий амалиёт ўтказди
Ҳар пайшанба жисмоний тарбия ва спорт куни сифатида белгиланади
Жосеп Боррел: “Халқаро жиноят судининг Нетаньяхуни ҳибсга олиш бўйича қарори ижро этилиши шарт”
Мeтаболизм секинлашганининг белгилари
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Суперлига. ОКМК сафарда "Пахтакор"ни мағлуб этди ва 11 йиллик қора анъанага чек қўйди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди