
Ўзбекистонда ҳарбий хизматга чақириш ва танлов тизими янада шаффоф ва самарали бўлиши учун янги низом тасдиқланди. Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорига асосан, чақирилувчиларни танлаб олиш тартиби ҳамда уларни ҳарбий хизматга тайёрлашда янги қоидалар жорий этилди.
Ушбу ҳужжат мамлакат ёшлари учун ҳарбийлар сафига танлаб олиш жараёнини яхшилашга ва тайёргарликни юқори босқичга кўтаришга қаратилган. Энди чақирилувчиларнинг ўз яшаш манзилида уларнинг ота-оналари ва маҳалла фаоллари иштирокида махсус суҳбатлар ташкил этилади. Бу орқали номзодларнинг руҳий, маънавий ва ижтимоий ҳолати ҳам тўлиқ ўрганилади.
Янги тартибга кўра, ҳарбий-техник тайёргарлик ва муддатли ҳарбий хизматга чақириладиган фуқароларни танлаб олиш жараёнида Мудофаа вазирлиги ва унинг ҳудудий бўлинмалари билан бир қаторда маҳаллий давлат органлари, маҳалла ва жамоатчилик вакиллари ҳам иштирок этади.
Танлов жараёнида қабул комиссияси тузилади, унинг таркибига турли соҳалар вакиллари, хусусан, мудофаа соҳаси мутахассислари, жамоат фаоллари ва маҳаллий раҳбарлар киритилади. Комиссия номзодларнинг жисмоний ҳолати — куч, чидамлилик ва тезкорлик каби асосий мезонлар бўйича баҳоланади. Бу тестлар ёшларнинг ҳарбий хизматга тайёрлик даражасини аниқ кўрсатади.
Танлов натижалари бўйича комиссия аъзолари қарор қабул қилади ва тегишли тавсиялар беради. Айнан шу асосда ҳарбий-техник мутахассисликка ўқишга қабул қилинадиганлар рўйхати шакллантирилади. Мудофаа ишлари органлари эса тегишли қарор чиқаради ва бу жараёнда шаффофликни таъминлашга алоҳида эътибор қаратилади.
Бошқа томондан, Қорақалпоғистон, барча вилоятлар ва пойтахтдаги мудофаа бошқармалари ҳузуридаги Раҳбарият кенгаши муддатли хизматга чақириш бўйича якуний қарорни қабул қилади.
Эътиборлиси, чақирилувчилар мазкур танловда йилига фақат бир марта иштирок этиши мумкин. Бу эса ҳар бир номзод учун масъулиятни ошириб, тайёргарликка жиддий ёндашишга туртки беради. Агар натижалар қониқарли бўлмаса, кейинги йилгача кутиш талаб этилади.
Янги низомнинг қабул қилиниши — давлатнинг ёшлар келажагига бўлган эътибори ва ҳарбий соҳага масъулият билан ёндашувидан далолат беради. Бундай тартиблар ёшлар орасида адолат ва тенглик тамойилларини мустаҳкамлашга, ҳарбий хизматга фақат муносиблар танланишига хизмат қилади.
Яқин йилларда мазкур қарорнинг амалда ўзини қандай оқлашини вақт кўрсатади. Бир нарса аниқ: янги тартиблар орқали ҳарбий хизматга танлаб олиш жараёнида янада очиқлик, адолат ва замонавий мезонлар таъминланади. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар