
Қозоғистонда миллий анъаналарни асраб-авайлаш ва оммалаштиришга бағишланган яна бир тарихий воқеа рўй берди — мамлакатда қуроқ кўрпа йиғиш бўйича дунё миқёсида рекорд ўрнатилди. Бу ҳақда Kursiv.media хабар берди.
Олмаота шаҳрида ўтказилган ушбу маданий лойиҳа доирасида Alaman Quraq жамоаси ташаббуси билан Medeu муз аренаси майдонида катта ҳажмдаги қуроқ кўрпа йиғилди. Мазкур гўзал анъанавий иш Global Book of Records (GBR) вакиллари томонидан расман баҳоланди.
GBR'нинг Осиё ва Африка бўйича бош инспектори Қуандиқ Қудайбергенов бу ташаббуснинг аҳамияти ва ноёблигини алоҳида таъкидлади. Унинг сўзларига кўра, “дунёда тўртта асосий жаҳон рекордлари китоби мавжуд бўлиб, улардан Global Book of Records маданий меросга алоҳида эътибор қаратади. Олмаотадан тушган ариза бизда қизиқиш уйғотди, чунки бу лойиҳада Қозоғистоннинг барча 20 ҳудудидан 660 нафар қуроқчи иштирок этди”.
Шунингдек, у қуроқ кўрпа тикиш санъатининг илдизлари 2500 йиллик тарихга бориб тақалишини таъкидлади ва GBR томонидан ЮНЕСКО дастурларига уйғун ҳолда маданий лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш муҳимлигини қайд этди.
Қуандиқ Қудайбергенов таъкидлашича, ҳар бир қуроқ кўрпа бир хил рангда, бир хил ўлчамда ва оғирликдаги материаллардан тикилган. Бу уни бошқа маданий рекордлардан ажратиб туради. Ушбу параметрлар Чехия ва Франция мутахассислари билан ҳамкорликда текширилган, якуний қарор эса Мумбайдаги бош офис томонидан қабул қилинган.
660 нафар қатнашчи орасидаги энг ёши 6 ёшда, энг кекса иштирокчи эса 90 ёшда бўлган. Улар орасида 5 нафар эркак, 24 нафар бола ва 17 нафар ўсмир ҳам бўлган. Энг йирик делегациялар Олмаота шаҳри (93 киши) ва Туркистон вилоятидан (99 киши) келган.
Alaman Quraq лойиҳасининг асосчиси Нургул Абайханнинг сўзларига кўра, мазкур анъанавий тадбир уч йилдан буён амалга оширилмоқда ва ҳар йили янги рекорд билан бойитилмоқда.
– “Биринчи йили 200 киши иштирок этган эди ва Қозоғистон рекордлар китобига кирди. Кейинги йили Кўчманчилар ўйинлари доирасида 450 қуроқчи иштирок этди. Бу йил эса 660 киши бутун мамлакат бўйлаб бирлашди. Ҳамма кўрпа бир хил шаклда олдиндан тикилиб келтирилди ва катта гиламга улаштирилди”, – дейди у.
Қуроқчи аёллар нафақат қўл меҳнатини намоён этмоқда, балки миллий қадриятларни, анъаналарни ва кўп асрлик меросни кенг тарғиб этишга ҳисса қўшмоқда. Уларнинг ҳаракати қуроқни миллий брендга айлантириш сари қадам бўлмоқда. «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар