date

Улуғбек Рашидов дисквалификациясига аниқлик киритди – ҳақиқат нимада?

Улуғбек Рашидов дисквалификациясига аниқлик киритди – ҳақиқат нимада?
Таэквондо бўйича икки карра Олимпиада ғолиби Улуғбек Рашидов ўзининг Instagram орқали икки йиллик четлатилиш сабабини тушунтирди.

«Ассалому алайкум, қадрли дўстлар. Кўплар бу хабарни эшитган бўлсангиз керак — мен икки йиллик дисквалификацияга учраганим маълум бўлди. Бир нарсани жон-жаҳд билан таъкидлашни хоҳлайман: менга берилган жазо ҳеч қандай ноқонуний дори воситаларини қабул қилганим учун эмас. Бу жазо манзил маълумотлари тўғрисидаги қоидаларга амал қилмаслик натижасида юзага келди», — деб ёзади спортчи.

Рашидовнинг таъкидлашича, бу ҳолат унинг учун оғриқли, бироқ жуда ҳам катта ҳаёт мактаби бўлди.

«Биз албатта кучлироқ бўлиб қайтамиз, Аллоҳ насиб қилса. Менга ишонч билдирган ва ҳар томонлама қўллаб-қувватлаган барча инсонларга чуқур миннатдорлигимни билдираман», — деб изоҳ беради у.

Унинг сўзларига кўра, ҳар бир спортчи ҳар куни қаерда эканлигини, қаерда қолишини ва қаерга сафар қилмоқчи эканини махсус дастур орқали киритиб бориши шарт.

«Мендаги ҳолат ноябрь ойида содир бўлди. Улар эрталабки 6:00 да келди. Ҳолбуки, мен дастурда кечки 21:00 ни кўрсатган эдим. Эрталаб ташриф бўлиши мумкинлигини мутлақо кутмаганман. Ҳатто менга қўнғироқ ҳам қилишмади — шунчаки SMS юборишди», — дея ёзади Рашидов.

Бу воқеадан кейин спортчига расмий хат юборилиб, қонунбузарлик амалга оширилгани ва шу туфайли дисквалификация белгилангани маълум қилинган.

«Сўнгги бор 22 апрел куни келишиб, мендан допинг назорати учун намуна олишди. Улар таҳлилларим мутлақо соф эканлигини тасдиқлашди ва шунга қарамай, қарор ўзгармади», — деб изоҳ қўшди Олимпия чемпиони.

Халқаро допинг текширув агентлиги (ITA) маълум қилишича, 23 ёшли спортчи 12 ой ичида уч бор манзилини нотўғри кўрсатган. Бу эса қоидалар бузилиши сифатида баҳоланади, чунки бу ҳолат кутилмаган текширувларни ўтказишга халал беради.

Рашидовнинг четлатилиши 2025 йил 13 майдан бошланади ва 2027 йил 12 майгача амал қилади. Ушбу муддат унинг хоҳиши билан вақтинча тўхтатиб туриш санаси асосида ҳисобланади.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Спорт » Улуғбек Рашидов дисквалификациясига аниқлик киритди – ҳақиқат нимада?