
Европада яна бир шов-шувли жиноий иш — Испаниянинг Жирона шаҳрида “Ростех” вице-президенти Владимир Артяковнинг ўғли Дмитрий Артяков ҳибсга олинди, деб хабар берди theins.ru. Маҳаллий ҳуқуқ-тартибот органлари уни пул ювишда гумон қилмоқда, тергов тафсилотлари эса халқаро молиявий схемаларга доир жиддий саволларни кўндаланг қўйди.
Маълумотларга кўра, бу ишнинг марказида Дмитрий Артяковнинг бувиси Анна Курепина туради. Тергов материалларига асосланганда, у Испания банкидаги ҳисоб рақамига заём кўринишида 12,7 миллион евро қабул қилган. Бу пул эса кўчмас мулк харид қилишга йўналтирилган, кейинроқ эса мулк набираси — яъни Артяков номига расмийлаштирилган. Ҳуқуқ-тартибот органлари айтишича, бу маблағлар қайтарилмаган ва операцияларнинг қонунийлиги шубҳа остида қолган.
Энг қизиқ жиҳати — терговчилар ҳисоблашича, Курепинанинг ҳисоб рақамига тушган катта сумма Россия бюджетига оид пул бўлиб юрист Сергей Магнитский фош этган солиқ қайтариш схемаси орқали ўғирланган бўлиши мумкин. Шу жиҳати билан иш халқаро молиявий қонун бузилишлари ва санкция сиёсати билан боғланмоқда.
Дмитрий Артяков 2022 йилдан буён Украина, АҚШ ва Канада санкциялари остида бўлса-да, Европа Иттифоқи унга чеклов қўймагани туфайли у Испанияда бемалол ҳаракатланиш ва мулк сотиб олиш ҳуқуқига эга бўлган. Айнан шу имкониятдан фойдаланиб, у молиявий амалиётларни амалга оширгани тахмин қилинмоқда.
Ҳозирда иш бўйича тергов ишлари давом этмоқда ва Испаниядаги расмийлар қонунбузарлик ҳолатларига алоқадор барча шахсларнинг иштирокини ўрганмоқда. Бу иш Европада жиноий йўл билан олинган капитални аниқлаш ва халқаро молиявий хавфсизликни таъминлаш учун яна бир долзарб мисол бўлиб қолмоқда.
Дмитрий Артяковнинг келажакдаги тақдири, пулларнинг ҳақиқий манбаи ва бу молиявий схема орқали яна кимлар манфаатдор бўлгани эса яқин кунларда аниқ бўлиши кутилмоқда. Вақт кўрсатади: Испания полицияси ва халқаро ҳуқуқ-тартибот идоралари мазкур ишни қандай якунига етказади? «Замин»ни Telegram’да ўқинг!
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг Мавзуга оид янгиликлар