13:30 / 29.09.2020
4 582

Президент янги қарорни имзолади

Президент янги қарорни имзолади
2020 йил 28 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси президенти «Лазги» халқаро рақс фестивалини ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида»ги қарорни имзолади. Унинг матни ЎзАда эълон қилинди.

Қайд этилишича, мамлакатимизнинг бой рақс санъати тарихида алоҳида ўрин эгаллаган «Хоразм лазги рақси» ўзига хос ижро услуби ва жозибаси билан нафақат Ўзбекистонда, балки чет давлатларда ҳам машҳурдир. ЮНЕСКО томонидан «Хоразм лазги рақси» инсониятнинг номоддий маданий мероси рўйхатига киритилганлиги ҳам унинг бетакрор санъат эканлигидан далолат беради.

«Хоразм лазги рақси» санъатининг асрий анъаналарини сақлаш ва ривожлантириш, рақс санъати орқали халқлар ўртасидаги дўстлик, биродарлик ришталарини мустаҳкамлаш, халқаро миқёсда ижодий ҳамкорлик кўламини ва маданий алоқаларни янада кенгайтириш мақсадида Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва Хоразм вилояти ҳокимлигининг 2022 йилдан бошлаб ҳар икки йилда бир маротаба 25-30 апрель кунлари Хива шаҳрида «Лазги» халқаро рақс фестивалини ҳамда унинг доирасида халқаро илмий-амалий конференцияни ўтказиш тўғрисидаги таклифи маъқулланди.

Хоразм вилояти ҳокимлиги ва Маданият вазирлиги Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш бўйича масъул органлар этиб белгиланди.

Маданият вазирлиги, Фанлар академияси ва Хоразм вилояти ҳокимлиги 2021 йил 1 декабрга қадар тажрибали режиссёр, таниқли санъаткор, продюсер, композитор, шоир ва соҳанинг малакали мутахассисларини жалб этган ҳолда Фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарий ва бадиий дастурларини тайёрлайди;

Ташқи ишлар вазирлиги билан биргаликда 2022 йил 1 февралга қадар Фестиваль ва унинг доирасида ўтказиладиган «Ўзбек миллий рақсининг жаҳон рақс санъатидаги ўрни» мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда хорижий мамлакатлардан иштирок этадиган рақс санъати усталари, мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорлар, етук мутахассислар ва фахрий меҳмонлар рўйхатини шакллантиради.

Ташқи ишлар вазирлиги, Маданият вазирлиги, Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги ЮНЕСКО ишлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси, Хоразм вилояти ҳокимлиги Фестивални ЮНЕСКО шафелиги остида ўтказиш чораларини кўради.

Маданият вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси, «Ўзбеккино» миллий агентлиги, Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси, Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси, «Ҳунарманд» уюшмаси ва «Ўзтўқимачиликсаноат» уюшмаси билан биргаликда:

Фестиваль доирасида Хива шаҳридаги «Ичан-қалъа» мажмуаси ҳудудида рақс санъатига оид кўргазмалар, миллий созлар ва либослар, ҳунармандчилик буюмлари, тасвирий ва амалий санъат асарлари, ҳайкалтарошлик намуналари, бадиий ва ҳужжатли фильмлар, аудио ва видео дисклар, китоблар, альбомлар, фотосуратлар намойиши ҳамда уларнинг савдоси ташкил этилишини;

Фестиваль дастурини ишлаб чиқиш ва унинг Фестивалдан уч ой аввал туристик ташкилотларга тақдим этилиши, Интернет тармоғи ва ижтимоий тармоқларда жойлаштирилишини таъминлайди.

Белгиланишича, Фестивални ташкил этиш ва ўтказиш билан боғлиқ сарф-харажатлар Маданият вазирлиги томонидан ишлаб чиқилган ва белгиланган тартибда тасдиқланган смета асосида қуйидаги тартибда қопланади:

70 фоизи — Ўзбекистон Республикаси республика бюджетидан Маданият вазирлигига маданий тадбирлар учун ҳар йилги ажратиладиган маблағлар ҳисобига;

30 фоизи — Хоразм вилоятининг маҳаллий бюджети, ҳомийлик хайриялари ҳамда қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар ҳисобига.

Мазкур қарорнинг ижроси қуйидаги тартибда амалга оширилади:

Бош вазир ўринбосари, Ташкилий қўмита раиси Б.Мусаев — Фестиваль ва унинг доирасида ўтказиладиган халқаро илмий-амалий конференцияни юқори бадиий ва илмий савияда ташкил этилишини таъминлайди;

Бош вазирнинг ўринбосари — Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси А.Абдуҳакимов — Фестивални туризм календарь режасига киритиш, унга хорижий сайёҳларни жалб қилиш ҳамда Фестиваль қатнашчилари ва меҳмонлар учун меҳмонхоналардан жойларни олдиндан банд қилиш чораларини кўради;

Маданият вазири О.Назарбеков — мусиқашунос ва санъатшунос олимлар, таниқли санъаткорларни жалб қилган ҳолда Фестивалнинг очилиш ва ёпилиш маросимлари сценарий ҳамда бадиий дастурларини юқори савияда ишлаб чиқади;

Хоразм вилояти ҳокими Ф.Эрманов — Хива шаҳрида ободонлаштириш ва кўкаламзорлаштириш ишлари амалга оширилишини, Фестиваль ўтказиладиган саҳна майдонлари ва залларнинг талаб даражасида тайёрланишини ҳамда «Ичан-қалъа» мажмуаси ҳудудида рақс санъатига оид кўргазмалар ташкил этилишини таъминлайди;

Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги, Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси, «Дунё» ахборот агентлиги — Фестивалга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича амалга оширилаётган ишларни атрофлича ёритиб боради.

Мазкур қарорнинг ижросини назорат қилиш Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А.Н.Арипов ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг маслаҳатчиси А.А.Абдувахитов зиммасига юклатилди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Президент янги қарорни имзолади