Уч ойда туризм даромади миллиард доллардан ошди

2026 йилнинг биринчи чораги якунлари Ўзбекистон туризм соҳасида сезиларли ўсиш кузатилаётганини кўрсатди. Президент раислигида ўтган видеоселектор йиғилишида маълум қилинишича, ушбу даврда мамлакатга қарийб 3 миллион нафар хорижий сайёҳ ташриф буюрган.
Энг эътиборлиси, туризм хизматлари экспорти ҳажми 1 миллиард 103 миллион долларга етгани қайд этилди. Бу кўрсаткич сўнгги йиллардаги энг юқори натижалардан бири сифатида баҳоланмоқда.
Йиғилишда таъкидланишича, бундай ўсишга “туристик релокация” омиллари ҳам катта таъсир кўрсатмоқда. Яъни, бугунги кунда дунё бўйлаб кўплаб сайёҳлар хавфсиз ва барқарор йўналишларни афзал кўрмоқда. Шу нуқтаи назардан, Ўзбекистон ўз имкониятларидан янада самарали фойдаланиши лозимлиги алоҳида урғуланди.
Шунингдек, мамлакатдаги бой тарихий мерос, маданий обидалар ва янги туристик масканларни ривожлантириш ишлари янада жадаллаштирилиши кераклиги айтилди. Масъулларга ҳар бир сайёҳ учун рақобат кучайиб бораётган шароитда фаол иш олиб бориш вазифаси юклатилди.
Энди ҳар бир туман кесимида туризм салоҳиятини ошириш бўйича аниқ ва комплекс таклифлар ишлаб чиқиш топширилди. Бундан ташқари, барча раҳбарлар эҳтимолий хавф-хатарларни олдиндан баҳолаб, камида бир нечта сценарий асосида иш режаларини тайёрлаши шартлиги таъкидланди.
Вилоят ва туман ҳокимларига иш услубини янгилаш бўйича қатъий талаблар қўйилди. Жумладан, қисқа муддатда “ақл марказлари”, олий таълим муассасалари олимлари ва ёш стартапчиларни жалб қилган ҳолда иқтисодий самарадорликни ошириш, янги иш ўринлари яратиш ва аҳоли даромадларини кўпайтириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш вазифаси белгиланди.
Йиғилиш давомида айрим раҳбарлар фаолияти ҳам танқид остига олинди. Хусусан, Нурафшон шаҳрида тадбиркорлик лойиҳаси икки йилдан бери амалга ошмай келаётгани, маҳаллий раҳбарият эса муаммони ҳал қилиш ўрнига бошқа масалаларга эътибор қаратаётгани қаттиқ танқид қилинди.