«Telegraph» нашри Нукус шаҳрини ғайриодатий сайёҳлик йўналишларининг ўнталигига киритди » Ўзбекистон янгиликлари – Zamin.uz

«Telegraph» нашри Нукус шаҳрини ғайриодатий сайёҳлик йўналишларининг ўнталигига киритди

«Telegraph» нашри Нукус шаҳрини ғайриодатий сайёҳлик йўналишларининг ўнталигига киритди

Британияда чоп этиладиган «Telegraph» нашри ғайриодатий сайёҳлик йўналишларининг ўнталигини тузди. Қорақалпоғистон пойтахти Нукус шаҳри ҳам бу ўнталикдан жой олди. Бу ҳақда «Gazeta.uz» нашрига асосланиб «Kun.uz» маълум қилмоқда.

Нукусни таърифлашда асосий урғу Игор Савицкий номидаги Қорақалпоғистон Давлат санъат музейига қаратилган. Рўйхатни тузувчилар «Савицкий коллекцияси»ни «тенгсиз дурдона» деб аташган.

«Ман этилган санъат музейи сифатида танилган бу музей ўзида ХХ аср рус авангард рассомлик санъатининг етакчи коллекциясини намоён этади», деб таъриф берилади музейга.

Музей директори Мариника Бабаназарова «gazeta.uz»га берган шарҳида хорижий сайёҳлар орасида Нукус ва Савицкий музейининг оммавийлашиб бораётгани ҳақида айтиб ўтди.

«Нукус Ўзбекистонда Бухоро, Самарқанд ва Хивадан кейин кейин оммавийлашув бўйича тўртинчи ўриндаги сайёҳлик йўналишига айланди», деб қўшимча қилди музей раҳбари.

Дунё ОАВлари Савицкий музейига кўп маротабалаб эътиборларини қаратганлар, мисол учун, «Guardian» нашри бу музейни «дунёдаги энг ажойиб музейлардан бири» деб атаган, «New York Times» нашри эса, уни дунёнинг ғайриодатий сайёҳлик объектлари рўйхатига киритган.

Бугунги кунда бу музейнинг янги мажмуаси қурилиши ишлари олиб борилмоқда. Музей раҳбарининг сўзларига кўра, бу янги мажмуа унинг кўркига янада кўрк қўшади.

«Telegraph» нашри таклиф этган ғайриодатий сайёҳлик йўналишлари орасида яна Жанубий Судандаги меморий обидалар, Шимолий Судандаги Мероэ қадимий шаҳри, Эроннинг Машҳад шаҳри, Грузиядаги Кахетия, Ҳиндистонда жойлашган Канха йўлбарслар макони, Яманга қарашли Сокотра ороли, Ҳиндистондаги яна бир Занскар обидалари, Россиянинг Камчатка яримороли ва Аргентинадаги етти рангли Cerro de los Siete Colores тоғлари жой олган.

Фото: gazeta.uz / kun

Бизни Телеграм орқали кузатиб боринг: https://telegram.me/zaminuz

Рейтинг:
  • Dislike
  • 0
  • Like
Ҳавола:
Рейтинг@Mail.ru