Қашқадарё вилоятидаги банкларнинг бирида 20 йилдан зиёд фаолият юритган Г.Х. нима бўлди-ю, ишдан бўшатилди. Кутилмаганда, бундай ҳолатга дуч келган ходима, уйда рўзғор ташвиши, бошқа муаммолар, хуллас ишламаса бўлмайди, бундан ташқари, шунча йиллик меҳнат жамоаси ва меҳр қўйган иш жойи... Ишга қайтиш учун барча чораларни кўрган Г.Х. охири судга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Шунга кўра, Қашқадарё вилоят суди Фуқаролик ишлари бўйича судлов аппеляция инстанция судининг ижро варақасида жавобгар банкнинг даъвогар Г.Х. га нисбатан чиқарилган буйруғини бекор қилиб ишга тиклаш, мажбурий прогул учун иш ҳақи ундириш, иш фаолиятига тўсқинлик қилмаслик мажбуриятини юклаш белгиланган.
Ушбу ижро ҳужжати Бюронинг Қарши шаҳар бўлими иш юритувига жорий йилнинг 12 июль куни келиб тушган ва ижро иши юритиш тўғрисида қарор қабул қилинган. Шу куннинг ўзида бўлим ходимлари банкнинг вилоят филиалига бориб, ижро ҳаракатларига киришган.
Борилганда банк раҳбари йиғилишга кетган экан, раҳбар ўринбосари Бюро ходимлари билан бироз ўтиргач, ҳеч нарса демасдан индамай қаергадир чиқиб кетди. Таътилдаги кадрлар бўлими бошлиғи ва ходимаси ҳам лавозимига ярашмайдиган ҳаракатлар содир этишди. Аммо қилган нотўғри хатти-ҳаракатларини англаб етишларига кўп вақт кетмади. Ҳаммаси тезда ўз жойига тушди.
Ходим ишга тикланди, иш ҳақи эвазига банк балансидаги “Tracker” автомашинаси хатланиб эвакуатор орқали олиб кетилди.
Орадан бир кун ўтиб, иш ҳақи ҳам тўлиқ тўлаб берилди.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг