23:14 / 12.11.2024
26

Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”

Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Шавкат Мирзиёев 11 ноябр куни амалий ташриф билан Саудия Арабистонида бўлиб, навбатдан ташқари араб-ислом саммитида қатнашди. Ар-Риёд шаҳрида ўтган халқаро тадбирда Яқин Шарқ, Марказий ва Жанубий Осиё, Африка қитъасининг етакчи мамлакатларидан давлат ва ҳукумат раҳбарлари қатнашди.

Кун тартибидаги асосий масала – Ғазо ва Ливандаги кескинликни юмшатиш, юзага келган инқирозли вазиятни тез фурсатда сиёсий йўл билан ҳал этиш. 2023 йилдаги шундай йиғилишдан кейин уруш кўлами янада кенгайиб, Ливан ҳудудини ҳам қамраб олди. Йиғилган сиёсатчилар бундан афсусдалигини билдирган, ҳарбий ҳаракатларни зудлик билан тўхтатиш, хавфсиз гуманитар йўлакларни таъминлаш ва тинчлик музокараларини бошлаш чақириқлари янграган.

Президент Мирзиёев ҳам ўз нутқида яна бир бор Фаластин–Исроил муаммосини тинчлик ва дипломатия йўли билан ҳал этишга чорлаб, фаластинлик болалар ва аёлларни Ўзбекистон ўз касалхоналарида беғараз даволашга тайёр эканини айтиб ўтди.

Фаластин халқи 1967 йилги чегараларда пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил ва озод давлат тузишга ҳақли, дея таъкидлади Ўзбекистон раҳбари.

Шавкат Мирзиёев Саудия Арабистони ташаббуси билан тузилган икки давлат ечими учун глобал алянс фаолиятини қўллаб-қувватлади. Фаластин ва Ливан ҳудудидаги гуманитар инқирознинг олдини олиш мақсадида етакчи давлатлар ва халқаро ташкилотлар, шу билан бирга БМТ махсус агентлиги доирасида ёрдам кўламини кенгайтиришни таклиф этди.

Ўзбекистон Фаластин халқига амалий ёрдам кўрсатиш масалаларини келгуси йили Самарқандда ўтиши белгиланган “Кўрфаз араб давлатлари – Марказий Осиё” саммитида ҳам муҳокама қилмоқчи.

Муқаддас Ал-Ақсо масжиди, Қуддусдаги бошқа ноёб тарихий-маданий ёдгорликларнинг дахлсизлигини таъминлаш ҳамда уларнинг бешикаст сақлаб қолиниши муҳим, дейди Мирзиёев.

Сўзи якунида президент бу учрашув шунчаки расмиятчилик эмас, балки Яқин Шарқ муаммосини ҳал этишда катта қадам бўлишига умид билдирди.

Саммит қатнашчилари можаронинг сиёсий-дипломатик ечимини жадал излашга содиқлигини тасдиқловчи қўшма резолюцияни қабул қилди.

Шавкат Мирзиёев ўтган ҳафта Қирғизистон пойтахти Бишкекда ўтган Туркий давлатлар ташкилоти саммитида ҳам Яқин Шарқдаги низога тўхталганди. Давлат раҳбари Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нима билан оқлаб бўлмаслигини таъкидлаганди.

Ўзбекистон раҳбари ўтган ойда Россиянинг Қозон шаҳрида ўтган “БРИКС+” саммитида Яқин Шарқдаги вазият кундан кунга кескинлашиб бораётганидан хавотир билдирганди. Қўшни мамлакатлар ва йирик давлатларнинг бу можарога тортилиши билан минтақа глобал инқирознинг йирик ўчоғига айланиб бормоқда, деганди Шавкат Мирзиёев Қозондаги халқаро саммитда.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”