21:54 / 12.11.2024
28

Шавкат Мирзиёев ЕТТБ ва Ислом тараққиёт банки раҳбарлари билан учрашди

Шавкат Мирзиёев ЕТТБ ва Ислом тараққиёт банки раҳбарлари билан учрашди
Фото: Президент матбуот хизмати
Боку шаҳрида ўтаётган CОP29 саммити доирасида президент Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одиль Рено-Бассо билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Ушбу нуфузли халқаро молия институти билан кенг қамровли ҳамкорлик қилиш бўйича амалий жиҳатлар кўриб чиқилди.

Банкнинг мамлакатга инвестициялари 5 миллиард евродан ошгани алоҳида мамнуният билан қайд этилди. Ушбу кўрсаткич бўйича Ўзбекистон банкнинг минтақамиздаги энг йирик ҳамкори ҳисобланади.

ЕТТБнинг фаол иштирокида банк секторини хусусийлаштириш чора-тадбирлари амалга оширилмоқда, инвестициялар ва ер қаъридан фойдаланиш соҳасидаги меъёрий-ҳуқуқий база такомиллаштирилмоқда.

Давлат раҳбари лойиҳаларни тайёрлаш сифати ва самарадорлигини ошириш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Ўзбекистон ва ЕТТБ ўртасидаги ҳамкорлик стратегиясини амалга ошириш ва уни янада бойитиш муҳимлиги таъкидланди. Энергетика самарадорлиги, кичик ва ўрта бизнес, аёллар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, ижтимоий соҳа ва инфратузилмада давлат-хусусий шериклик механизмларини жорий этиш, шунингдек, “яшил” шаҳарларни ривожлантириш соҳаларида янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш ҳамкорликнинг асосий йўналишлари сифатида белгиланди.

2025 йилда Хорижий инвесторлар кенгашининг навбатдаги йиғилишини тайёрлаш ва ўтказиш юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Шавкат Мирзиёев, шунингдек, Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон ал-Жассир билан учрашди.

Фото: Президент матбуот хизмати
У билан халқаро молиявий институт бўйича ҳамкорликни янада кенгайтириш масалалари муҳокама қилинди.

Давлат раҳбари Ислом тараққиёт банки билан шериклик жадал ривожланиб бораётганини юқори баҳолади. 2024 йилнинг март ойида Тошкентда ислом дунёсининг етакчи молия институтлари иштирокида банк раҳбарлигидаги Араб мувофиқлаштириш гуруҳининг йиғилиши муваффақиятли ўтказилди.

ИTБ билан лойиҳалар портфели 4 миллиард доллардан ошди, уларнинг 40 фоизи хусусий секторга тўғри келмоқда.

Банк иштирокида ташкил этилган Ўзбекистоннинг иқтисодий имкониятларини кенгайтириш юзасидан қўшма жамғарма капитали изчил шакллантирилмоқда.

Таълим, соғлиқни сақлаш, инфратузилма, тадбиркорлик, экология соҳаларида янги лойиҳа ва дастурларни амалга ошириш бўйича ҳамкорликни кенгайтириш, хусусий инвестицияларни сафарбар этиш, банк тузилмаларини лойиҳа ишларига фаол жалб қилишга алоҳида эътибор қаратилди.

Мамлакат саноати ва тоғ-кон тармоғидаги йирик инвестиция лойиҳаларини молиялаштиришда ИTБнинг иштироки юзасидан ҳам фикр алмашилди.

ЕТТБ билан ҳамкорлик
Шавкат Мирзиёев жорий йил 1 май куни ушбу банк президенти Одиль Рено-Бассо бошчилигидаги делегацияни қабул қилган эди. Унда давлат раҳбари сув таъминоти, энергетика, йўл инфратузилмаси, “яшил” шаҳарларни ривожлантириш борасида янги лойиҳаларни тез фурсатда тайёрлаш ва амалга ошириш муҳимлигини таъкидлаганди.

Май ойида Европа тикланиш ва тараққиёт банки билан 4Р156 Урганч—Хонқа—Ҳазорасп—Тошсоқа орқали—Амударё—А380 автойўли автомобиль йўлини цемент-бетон қопламаси билан реконструкция қилиш бўйича битим имзоланган эди.

Август ойида эса ЕТТБ Ўзбекистонда қайта тикланадиган водород ишлаб чиқариш учун 65 млн доллар кредит ажратиши ҳақида хабар берилганди.

Сентябрь ойи охирида Европа тикланиш ва тараққиёт банки Ўзбекистон иқтисодиёти 2024 ва 2025 йилларда 6 фоизга ўсишини прогноз қилган эди.

Ислом тараққиёт банки билан ҳамкорлик
2023 йил февралида Ислом тараққиёт банкининг Ўзбекистонда мактаблар қуриш ва таъмирлашга маблағ ажратишни режалаштираётгани тўғрисида хабар берилганди. Март ойида эса банк Ўзбекистондаги қишлоқ жойларни ривожлантиришга 200 млн доллар ажратган.

2023 йилнинг апрелида Тошкент халқаро инвестиция форуми доирасида ташриф буюрган Ислом тараққиёт банки президенти Муҳаммад бин Сулаймон Шавкат Мирзиёев қабулида бўлганди. Ўзбекистон президенти ИTБ билан янги шериклик дастурини биргаликда амалга ошириш муҳимлигини қайд этиб, янги ўрта муддатли шериклик дастури доирасида банк гуруҳи билан ҳамкорликни янада кенгайтириш масалаларини муҳокама қилганди.

Июль ойида Ислом тараққиёт банки Ўзбекистондаги фаолиятини кенгайтириши айтилганди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Шавкат Мирзиёев ЕТТБ ва Ислом тараққиёт банки раҳбарлари билан учрашди