23:50 / 12.11.2024
22

Биткоин: қандай қилиб оддий тўлов тизими энг қиммат активга айланмоқда?

Биткоин: қандай қилиб оддий тўлов тизими энг қиммат активга айланмоқда?
Сўнгги ойларда Биткоин дунё молия бозорларида шов-шув кўтарди. Унинг нархи деярли 89,000 долларга яқинлашиб, уни яна бир бор диққат марказига олиб чиқди. Биткоин бозор капиталлашуви бўйича энг қиммат активлар рейтингида кумушдан ўзиб кетди.

Фото: Форклог
Айни пайтда криптовалютанинг бозор капитали 1,76 трлн доллардан ошади.

Йил охиригача Bitcoin бозор капиталлашуви бўйича ҳатто Сауди Aramco’ни ҳам ортда қолдириши мумкин. Бу асосан нефть билан шуғулланувчи Саудия Арабистонининг энг йирик компанияси ҳисобланади.

Биткоиннинг нархи кескин кўтарилишига бир нечта сабаблар бор. Биринчидан унга бўлган талаб ўсиб бормоқда. Хусусан, йирик корпорациялар ва институционал инвесторлар (масалан, компаниялар ва фондлар) Биткоинни ўз сармоялари портфелига қўшиб бормоқда. Бу эса талабни оширади ва нархни кўтаради.

Биткоинда мавжуд бўлган чекланган миқдор (21 миллион) уни камёб актив эканини намойиш қилади. Бу камёблик эса Биткоиннинг қийматини оширади. Ҳар қандай ортиб бораётган талабда етарли таклиф бўлмаса, нарх кўтарилади.

Сўнгги йилларда давлатлар иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш учун кўп миқдорда пул нашр этмоқда, бу эса инфляцияни ошириб, миллий валюталарнинг қийматини пасайтиради.

Инвесторлар инфляциядан ҳимояланиш учун Биткоин каби рақамли активларга сармоя қилишни афзал кўрмоқда.

Криптовалютага бўлган ижобий қараш ҳам унинг нархини оширади. Масалан, АҚШ ва Европа давлатлари уни тўлов воситаси сифатида эркин муомалага киритди.

Яна бир омил бу инсон психологияси билан боғлиқ. Мавжуд вазиятдан қуруқ қолмаслик эффектида (FОМО – Fear of Missing Out) одамлар нархи ошиб бораётган маҳсулотга қизиқиши ортади. Бу эса унинг қийматини яна ошишига сабаб бўлади.

Фото: Cryptotimes
Дональд Трампнинг 2024 йилдаги президентлик сайловида ғалаба қозониши Биткоин нархининг ошишига сабаб бўлди, деб ҳисобламоқда. Лекин бу воқеликни бевосита ва аниқ сабаб сифатида кўриб бўлмайди. Трамп ёки бошқа консерватив сиёсатчиларнинг ҳокимиятга келиши баъзи инвесторлар ва молия бозорларига ўз таъсирини ўтказмай қолмайди, аммо бундай жараён тўғридан тўғри нарх ошишига сабаб бўлди дейиш қийин.

Бу ўсишнинг сабаблари ва Биткоиннинг келгуси йўналишлари ҳақида кўпроқ билиш учун аввало криптовалюталар, Биткоиннинг ўзи ва унинг ривожланиш тарихига тўхталиб ўтиш зарур.

Интернет ривожлангани сайин одамлар “узоқдан туриб” пул тўлашига тўғри кела бошлади. Пулни қўлдан қўлга беришни эса умуман иложи йўқ. Шунинг учун “ўртакаш”ларга, яъни электрон тўлов тизимлари, банк ёки курерга мурожаат этиш керак.

Ҳар қандай “ўртакаш” бажараётган амалиёти учун ҳақ олиб қолади, чунки текинга ишлашни ҳеч ким хоҳламайди. Ўтказилаётган пул қанча кўп бўлса, солиқлардаги йўқотиш ҳам шунчалик кўп. Ахборот технологиялари ривожлангани сайин одамлар ўйланиб қолди: “қандай қилиб харажатларни камайтириш ва ФИКни (фойдали иш коэффициенти) 100 фоизга оширган ҳолда бизнес юритиш мумкин?”.

Фото: Coinaute
Бунинг ечими 2009 йил Сатоши Накамото математик ҳисоб-китоблар натижасида ишлайдиган, янги тўлов тизимини оммага тақдим этганида топилди. Тўловни амалга оширишда ишлатиладиган пул бирлиги — биткоин деб номланди. Улар махсус ҳамёнларда сақланади ва уларни бошқа ҳамёнга тушириш ҳамда ишлатиш мумкин. Бу пуллар рақамли пуллар — криптовалюта оламига илк қадам бўлди.
Криптовалюта — бу рақамли ёки виртуал валюта бўлиб, у марказий банк ёки ҳукумат томонидан бошқарилмайди. Криптовалюталар блокчейн технологияси асосида ишлайди, бу уларнинг хавфсизлигини, шаффофлигини таъминлайди.

Криптовалютанинг асосий хусусиятлари унинг марказлашмагани ҳисобланади. Рақамли пуллар ҳеч бир давлат ёки банк томонидан назорат қилинмайди. Бу эса транзакцияларни тезкор ва чегара билмас қилади.

Криптовалюта транзакциялари блокчейнда қайд қилинади. Бу эса транзакцияларни ўзгартириб бўлмайдиган қилиб сақлайди. Айнан шу жиҳати унинг хавфсизлигини таъминлайди.

Фойдаланувчилар транзакцияларни ўз шахсий маълумотларини ошкор қилмасдан амалга оширишлари мумкин. Бу эса криптоактивга эга шахсларнинг анонимлигини таъминлайди.

Фото: Тechcabel
Криптовалюталар турли мақсадларда ишлатилади: улар инвестиция воситаси, тўлов тури ёки ҳатто баъзи хизматлар учун чегирма воситаси бўлиши мумкин. Бугунги кунда минглаб турли криптовалюталар мавжуд, улардан энг машҳурлари Биткоин, Ethereum каби валюталардир.

Биткоин — бу ҳеч қандай моддий эквиваленти йўқ ва шунчаки маълумотлар базасидаги қайдлар жамланмасидан иборат виртуал пуллар ҳисобланади.

Бир Биткоин ҳамён ҳисобидан пул кетган ёки унга келганини аниқлаш учун, мутахассислар барчага очиқ ҳолда, бир ҳамёндан ёки бошқа манзилдан қанча биткоинлар кетгани ва келганини кўрсатишни таклиф этди. Яъни криптовалюта тармоғига уланилганда, барча Биткоинлар олди-сотдисини кўриш мумкин бўлди. Шунингдек, барча ҳамёнлар анонимдир (эгаси ким эканлиги айтилмайди), шунинг учун кимдир қайсидир ҳамён уники эканини айтмаган бўлса, ҳеч қачон бу ҳақида билиб бўлмайди.

Биткоин 2009 йилда яратилганида, у дастлаб пул сифатида ишончсиз эди ва унга аниқ нарх белгиланмаган эди. Дастлабки бир неча йил давомида асосий фойдаланувчилар технология ихлосмандлари бўлиб, Биткоинни кўпроқ тажриба сифатида ишлатган.
2010 йилга келиб танганинг илк нархи шакллана бошлади. 2010 йилнинг май ойида илк савдо қилинадиган нарх пайдо бўлди ва биринчи реал транзакция амалга ошди: ўша пайтда бир фойдаланувчи 10,000 БТC эвазига 2 та пизза сотиб олди. Бу транзакция Биткоиннинг илк нархини шакллантирди — тахминан 0.003 доллар.

2011 йили Биткоиннинг нархи биринчи марта 1 долларга етди. Бу босқич Биткоиннинг қизиқиш уйғотишини ва одамлар уни инвестиция сифатида кўришни бошлаганини англатади. 2011 йил охирида эса нарх тахминан 5 доллар атрофида эди.

2012 йили Биткоиннинг нархи тахминан 10 долларга етди ва ўртача 5-10 доллар оралиғида турди. Бу даврда Биткоин ҳақида кўпроқ маълумот тарқала бошлади, лекин ҳали кенг жамоатчилик орасида танилмаган эди.

Фото: Инвестопедиа / Aлиса Морган
2013—2024 йиллар оралиғида Биткоиннинг нархи кескин ўзгаришларга учради. 2013 йилда биринчи марта 1,000 долларга етган Биткоин 2017 йилда 20,000 долларгача ўсди. Бироқ 2018 йилда бозор пасайиб, нарх 3,000 долларга тушди, лекин 2020 йилда пандемия таъсирида инфляциядан ҳимояланиш воситаси сифатида қизиқиш ошиб, Биткоин йил охирига бориб 29,000 долларга кўтарилди. 2021 йилда нарх янги чўққига етиб, 64,000 долларга чиқди, аммо 2022 йилда крипто-компаниялар инқирози ва крипто бозорининг тартибга солишга уринишлар кучайиши сабабли нарх яна пасайиб кетди.

2023 йилда эса институционал инвесторларнинг қайта қизиқиши ва АҚШда Биткоинларга тўлов воситаси бўлишига рухсат берилиши эҳтимоллари туфайли Биткоин нархи 35,000 доллардан ошди. 2024 йилнинг бошига келиб нарх 50,000 доллардан юқорига кўтарилди. Умуман олганда, Биткоин нархига институционал инвестициялар, иқтисодий ноаниқлик, регуляция ўзгаришлари ва технологик янгиликлар каби омиллар катта таъсир кўрсатди.

Ўзбекистонда криптовалюталар савдоси легаллашгандан сўнг уларни мамлакатда ҳам сотиб олиш мумкин бўлди.

Криптовалюта сотиш фақат ихтисослашган крипто биржалари орқали амалга оширилиши мумкин. Шу билан бирга, крипто биржа савдоларининг электрон тизимлари Ўзбекистон ичидаги серверларга жойлаштирилиши керак, фақат лицензияси бор жисмоний шахсларга крипто валюта сотишга рухсат берилади.

Ўзбекистонда крипто-активлар айланмаси билан боғлиқ фаолият тартибга солинувчи соҳалардан бири ҳисобланади. Ҳозирда крипто-активлар айланмаси соҳасида лицензияга эга иштирокчилар сони 15 тани ташкил этади.

2019 йилнинг декабрида Кobea Group компаниясига Ўзбекистонда UzNEX крипто-биржаси фаолиятини юритиш учун лицензия берилган.
Натижада у нафақат Ўзбекистондаги, балки Марказий Осиё минтақасидаги биринчи расмий лицензияланган крипто-биржага айланди.

Фото: Bitstamp
Қандай криптовалюта сотиб олинади?

Ўзбекистонда расман криптовалюта сотиб олиш жуда осон. Харид қилиш жараёни дўкон ёки биржага қараб фарқ қилиши мумкин, аммо баъзи умумий жиҳатлар мавжуд. Ўзбекистонда криптовалюта сотиб олиш учун харидор провайдер платформасининг идентификацияланган фойдаланувчисига айланиши керак, бунинг учун у KYC (Knоw Your Customer — Ўз мижозингизни билинг) орқали тизимга ўтади. Жараённинг хусусиятлари ва ўзига хос шартлари хизматларни тақдим этувчи провайдерга боғлиқ. Кейинчалик фойдаланувчи провайдер платформасида сотиб олиш мумкин бўлган криптоактивларни провайдер томонидан белгиланган шартлар ва нархда ёки бозор шароитларидан келиб чиққан ҳолда сотиб олиши мумкин.

Масалан, 2019 йилдан буён Ўзбекистонда лицензияланган UzNех криптобиржасини олайлик. Энди платформада ўзбек сўмларига 10 хил криптовалюта, жумладан, Bitcoin ёки Ethereum сотиб олишингиз мумкин.

Харид қилишни бошлаш учун сиз платформа веб-сайтида рўйхатдан ўтишнинг тўрт босқичидан ўтишингиз керак. Биринчи босқичда сиздан фойдаланиш шартлари, махфийлик сиёсати билан танишишингиз ва маълумотларни қайта ишлашни тасдиқлашингиз сўралади.

Кейинги босқичда Ўзбекистон фуқаролари биржа платформасига ОnеID орқали киришлари мумкин. Бу Ўзбекистондаги Ягона идентификация тизими бўлиб, фойдаланувчиларнинг давлат органлари ва тижорат ташкилотларининг турли веб-сайтлари ва порталларига кириши учун мўлжалланган.

Фото: Idhоw
Рўйхатдан ўтишнинг иккинчи босқичида сиз KYC процедурасидан ўтишингиз керак. Сканерлаш керак бўлган экранда QR коди пайдо бўлади.

Тизим паспортингизни суратга олишни, кейин эса шахсингизни тасдиқлаш мақсадида расмга олишни таклиф қилади.

Учинчи қадам телефон рақамини аутентификация қилишни ўз ичига олади. Қўшимча хавфсизлик учун тўртинчи қадам ҳам мавжуд – Google Аuthenticator орқали аутентификация. Бу тасодифий парол яратадиган дастур.

Сиз уни иловалар дўконларидан юклаб олишингиз ва тизимга кириш учун фойдаланишингиз мумкин.
Ўзбекистонда биржалардан ташқари криптодўконлар ҳам ишлайди. Масалан, Paynet-Crypto дўкони бош директори Улуғбек Муслимов унинг маркетда икки турдаги криптоактивларни сотиб олиш ёки сотиш, шунингдек жўнатиш ёки қабул қилиш имконияти борлигини таъкидлаган.

Ўзбекистонда криптовалюта учун тўлов усули сифатида миллий валюта сўм қабул қилинади, шунингдек, бир қатор ҳолларда, масалан, криптовалютани мамлакатнинг норезиденти сотиб олмоқчи бўлса, банк хизматлари орқали чет эл валютасига сотишга рухсат берилади. Аниқ қоидалар амалдаги қонунчилик талабларига мувофиқ провайдер томонидан белгиланади, дейди Алексей Яковенко.
Ўзбекистонда криптоактивларни харид қилиш бўйича хизматлар кўрсатувчи Paynet-Crypto дўкони Humo ва UzCard карталари билан ишлайди.

Ҳозир Биткоинни сотиб олиш керакми?

Криптовалюталар нархини прогноз қилиш, олтин, кумуш ёки бошқа анъанавий валюталардан фарқ қилиб, жуда мураккаб ҳисобланади. Бунинг сабаби шундаки, криптовалюталар жуда ўзгарувчан ва бозорга ҳар қандай ижтимоий, сиёсий ўзгаришлар таъсир қилиши мумкин.
Агар тарихга назар ташласак, кўпинча активлар фаол ўсишдан сўнг икки ҳолат юз беради: фаол пасайиш бошланади ёки ўсиш тўхтаб, вақтинча барқарорликка ўтади.

Шунинг учун, криптовалюталарга сармоясига фаол пасайиш даврида кириш стратегияси кўплаб таҳлилчилар томонидан тавсия этилади. Бу даврда нархлар паст бўлганда, келажакда ўсиш кутиш мумкин бўлган нархни пасайиш нуқтасидан сотиб олиш имконияти пайдо бўлади. Бу эса узоқ муддатда фойда келтириши мумкин. Шундай қилиб, криптовалюталарга сармоя киритиш ўзига хос ёндашувни талаб қилади.

Эркин Ғайбуллаев

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Биткоин: қандай қилиб оддий тўлов тизими энг қиммат активга айланмоқда?