22:06 / 12.11.2024
35

Ўзбекистон—Черногория ҳукуматлараро комиссия тузилиши режалаштирилмоқда

Ўзбекистон—Черногория ҳукуматлараро комиссия тузилиши режалаштирилмоқда
Фото: Президент матбуот хизмати
Боку шаҳрида БМТнинг Иқлим ўзгариши бўйича CОП29 конференцияси доирасида Шавкат Мирзиёев Черногория президенти Яков Милатович билан учрашув ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва туризм соҳаларида ўзаро манфаатли ҳамкорликни йўлга қўйиш масалалари муҳокама қилинди.

Иқтисодий кун тартибини ишлаб чиқиш учун ҳукуматлараро комиссия тузиш ва унинг биринчи йиғилишини келгуси йилда Тошкент шаҳрида бизнес форуми билан биргаликда ўтказиш таклиф этилди.

Бундан ташқари, савдо-иқтисодий ҳамкорлик ва инвестицияларни ҳимоя қилиш бўйича асосий битимлар тайёрланади, устувор йўналишларда саноат кооперациясини ривожлантиришга доир “йўл харитаси” ишлаб чиқилади.

Бўлажак олий даражадаги учрашувлар режаси ҳам кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёевнинг Озарбайжонга ташрифи
Президент Шавкат Мирзиёев 12 ноябрь куни Боку шаҳрида ўтаётган БМТнинг Иқлим ўзгариши тўғрисидаги ҳадли конвенцияси Томонлари конференциясининг 29-сессияси (CОП29) доирасидаги Жаҳон етакчилари саммитининг ялпи мажлисида нутқ сўзлади. Унда давлат раҳбари қатор ташаббусларни илгари сурди.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев иқлим бўйича саммит доирасида Европа кенгаши раиси Шарл Мишел билан учрашди. Ўзбекистоннинг Европа Иттифоқи билан кўп қиррали ҳамкорлигини янада кенгайтириш масалалари кўриб чиқилди.

Ўзбекистон етакчиси CОП29 саммити доирасида Финляндия президенти Александр Стубб билан ҳам учрашув ўтказди. Унда 2025 йил январь ойида Хелсинки шаҳрида бўлиб ўтадиган Ҳукуматлараро комиссиянинг навбатдаги йиғилиши ва бизнес форумига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Ўзбекистон—Черногория ҳукуматлараро комиссия тузилиши режалаштирилмоқда