Шимолий Америка электр тармоқлари хавфсизлиги бўйича фавқулодда огоҳлантириш

Шимолий Америка электр таъминоти ишончлилиги корпорацияси (НEРК) маълумотлар марказларининг назоратсиз ўсиши энергетика тизими барқарорлигига жиддий хавф солаётганини тан олди. Янги маълумотлар марказларининг электр энергиясига бўлган талаби йирик шаҳарлар эҳтиёжидан ҳам ошиб кетаётгани мутахассисларни хавотирга солмоқда. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.
Май ойи бошида НEРК вазиятни тартибга солиш мақсадида етти банддан иборат "зарурий чоралар" тўпламини эълон қилди. Ушбу ҳужжат маълумотлар марказлари эгаларидан маълумот йиғиш ва синов протоколларини яратишни назарда тутади. Бироқ, ҳозирги кунда ушбу сектор ҳуқуқий "кулранг зона"да қолмоқда ва НEРКнинг мажбурий стандартлари уларга татбиқ этилмайди.
Техник жиҳатдан, анъанавий энергия тизимлари маълумотлар марказларининг сонияда ўзгариб турадиган рақамли юкламаларига мослашмаган. НEРК ҳисоботларида электрон жиҳозлар келтириб чиқарган тебранишлар туфайли генераторларнинг ишдан чиқиш ҳолатлари қайд этилган. Корпорация ҳозирча тавсияларни бажармаганлик учун жарима солиш ваколатига эга эмас.
Мутахассисларнинг фикрича, сунъий интеллект ва булутли ҳисоблаш технологияларининг жадал ривожланиши энергетика секторини оғир аҳволга солиб қўймоқда. IT-гигантлар ўз фаолияти тафсилотларини энергетика компаниялари билан бўлишишни истамаяпти, бу эса тармоқларни модернизация қилиш харажатларини оддий истеъмолчилар зиммасига юклаш хавфини туғдирмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!