date

Инсоният тарихидаги энг йирик ракета Starship В3 илк парвозига ҳозирланмоқда

Insoniyat tarixidagi eng yirik raketa Starship V3 ilk parvoziga hozirlanmoqda

SpaceX компанияси Starship В3 конфигурациясидаги ракетанинг илк синов парвози санасини эълон қилди. Парвоз 20-май куни Тошкент вақти билан соат 03:30 да Жанубий Техасдаги Старбасе космодромидан амалга оширилиши режалаштирилган. Ушбу миссия компания учун технологик жиҳатдан муҳим қадам ҳисобланади. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Starship В3 ракетаси такомиллаштирилган Raptor двигателлари, янгиланган биринчи босқич архитектураси ва бошқарув тизимлари билан жиҳозланган. Дастлабки синов давомида Super Heavy тезлатгичини старт майдончасига қайтариш эмас, балки уни очиқ денгизга қўндириш кўзда тутилган. Юқори босқич эса космосга 22 та Starlink сунъий йўлдоши макетларини олиб чиқади.

Миссия давомида SpaceX муҳандислари иссиқликдан ҳимоя қилувчи қопламаларни синовдан ўтказишни мақсад қилган. Бунинг учун кеманинг айрим қисмларидаги ҳимоя плиталари олиб ташланган ва махсус бўёқлар билан қопланган. Шунингдек, сунъий йўлдош макетлари ёрдамида атмосфера қатламига кириш жараёни кузатилади.

Эслатиб ўтамиз, Starship В3 ракетасининг умумий баландлиги 124 метрни ташкил этади. Бу кўрсаткич уни афсонавий Сатурн В ракетасидан ҳам 13,4 метрга узунроқ қилади ва уни инсоният тарихидаги энг йирик учиш аппаратига айлантиради.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Инсоният тарихидаги энг йирик ракета Starship В3 илк парвозига ҳозирланмоқда