00:10 / 25.07.2017
9 502

Мардикор бозоридан репортаж...

Мардикор бозоридан репортаж...
Бозор… Деҳқон бозор, кийим бозор, улгуржи бозор… Хуллас, бу чархи дунёда бозордан кўпи йўқ. Бироқ йигирма биринчи асрга келиб, барча соҳалар ўзгариб, ривожланиб, техника тараққиёти даври бошланиши билан бозорлар номи ҳам кенгайди. Эндиликда “мардикор бозори” деган атама ҳам тилимиздан кенг ўрин олди. Негаки, бундай бозорни бугун истаган тумандан топа оласиз. Дейлик, қайсидир ҳудудда кутубхона ё хиёбон бўлмаслиги мумкин, аммо мардикор бозор албатта, топилади.

Тўғри айтасиз, бозорнинг бу тури пайдо бўлганига анча бўлди. Бироқ ана шу бозорда эркаклар билан бир қаторда биз доим ардоқлаб, кўкларга кўтаргувчи, энг ширин ва самимий сўзларимиз билан эътироф этгувчи аёлларимизнинг ҳам борлиги ва улар уйида, соя-салқинда жон сақлаб ўтирган ё бола-чақасини ташлаб аллақаёқларга равона бўлган эркагининг юкини бўйнига олгани ёхуд айрим маъсулларнинг эътиборсизлиги, ўз ишини сидқидилдан бажармагани оқибатида ана шу бозорга кириб қолгани виждони бор одамни ўйлантиради.

Ҳар гал эски шаҳарга йўлим тушганда, кўчадан ўтаётган машинага умид билан кўз тикиб турган ўттиз ёшдан тортиб, элликкача бўлган аёлларни кўриб, виждоним қийналиб кетади. Бу сафар улар билан яқиндан, жонли мулоқот қилиш, дардларига елкадош бўлиш учун мардикор бозорига йўл олдим. Бир ҳафта давомида бу ерда тирикчилик важида юрган опа-сингилларимиз билан суҳбатлашиб, очиқ, аммо аччиқ гапларни ўртага ташлашга тўғри келди. Одатда “мардикор” деганда ёлланиб ишловчи эркаклар назарда тутиларди… Фалакнинг гардишини қарангки, бугун мардикор бозори ожиз жинс вакиллари учун ҳам ишсизликдан қутулишнинг энг сўнгги чорасига айланиб улгурди.

Мардикор аёллар ёнига келган одамга: “Иш борми, ҳамма иш қўлимдан келади, фақат пулини берсангиз бўлди”, дея жавдираб қарашлари, оҳори тўкилган кийимда юришлари, меҳнатдан қаварган қўллари, қуёш тиғида дағаллашган юзларини тасвирлашга кучим етмайди. Ҳолбуки, у ҳам инсон – кимнингдир гулдай қизи, битта оиланинг бекаси, яхши ниятлар билан уч-тўртта фарзандни дунёга келтирган, у ҳам ҳамма қаторида ҳаётда бахтли яшашга ҳақли. Мардикор аёлларнинг кўнглига қўл солиб, ўзимни таништиргач, очиқчасига гаплаша бошладим. Улар суҳбат жараёнида исм-шарифларини ўзгартирмасдан беришимни илтимос қилишди. Эҳтимол, шу билан оғирлари енгил бўлишига умид боғлагандир.

– Қаердан келгансиз, – дейман меҳнатдан толиққан, кўзи маъюс аёлга юзланиб.
– Наманганданман, – дейди Махфират опа Маҳмудова. – Ўн бир йилдан бери мардикор бозорида ишлайман. Ўзим тикувчиман. Ўзимиздаги кўплаб тикувчилик ательелари сотилиб кетди. Хусусий корхоналардан иш тополмадим. Ажрашганман. Ҳозир болаларим йигирма ёшдан ошди. “Она, энди мардикорликни йиғиштиринг, сизга ўзимиз ғамхўрлик қиламиз”, деяпти. Ит азобида ишлаш ўзимга ҳам малол келяпти.

– Мардикорлик аёл кишининг иши эмас. Ўзбек аёли деган номни арзимаган ишлардан баландда тутишимиз керак. Бутунлай қишлоққа қайтиш ҳақида ўйлаб кўрмадингизми? Ҳозир қаерда бўлмасин, қўлида ҳунари бор, ишлайман, деган одамга етарли шароитлар яратилаяпти, ўғилларингиз ҳам бундай носоғлом муҳитдан узоқларда бўларди…

Орага узоқ сукунат чўкди…
– Қачон телевизор қулоғини бурама, фақат шифокорлар, ўқитувчилар ҳаётини муҳокама қиласизлар, нима, мардикорлар одам эмасми?! Бизни ҳам бундоқ эшитинглар-да, – суҳбатга қўшилди самарқандлик Гулмира Самиева. – Мардикор бозорига ҳеч ким ҳавасакига чиқмайди. Турмуш ўртоғим бошқага уйланиб кетган. Алимент тўлаш хаёлига келмайди. Болаларимга ёрдам сўраб, маҳаллагача бордим. У ерда ҳам таниш-билиш. Иш излаб бормаган ташкилотим қолмади, ким ҳам сизга ўз ўрнини бўшатиб беради? Унда-бунда топилганлари ҳужжатдан олдин “шапка”нинг “учи”дан озроқ узатишимни сўрашди. Ўйлаб кўрдим, қўлим узун бўлмаса, бу иш менга тўғри келади, буниси йўқ, деб уйда ўтирсам, икки боламни ким боқади? Оддий битта оёқ кийимнинг ўзи қирқ беш минг сўм туради. Газ, сув тўловлари дегандек, хуллас, ҳаммаси ўзимнинг бўйнимда. Бобо-момом тарихда мардикор бозорига чиқмаган. Менга ҳам чиқиш осон, деб ўйлайсизми? Буни уйимдагилар билмайди. Билса, қандай аҳволга тушаркан? Қишлоғимизда бекорчи кўп, аксарияти аёллар, агар янги иш ўринлари очилса, ўзимизда ишлардик.

– Нима, фаррошлик, офитсиантлик, уй, дала ишлари қишлоқда топилмайди, дейсизми? Ҳар ҳолда, у ернинг об-ҳавосини яхши биласиз, бола-чақангиз ёнида бўласиз, ижарада ўтирмайсиз…
– Мана, биз далада ишлаганмиз. Онам билан бирга, ҳатто фермер хўжаликлари билан келишиб, гектарлаб ер олиб ягана, чопиқ қилдик, пахтасигача териб бердик – қишин-ёзин ишлаган билан фермерлар бир сўм ҳам бермайди, – дейди 22 ёшли қашқадарёлик Феруза Кенжаева. – Умрим мардикор бозорида ўтиб кетмаслиги учун онам тиббиёт коллежида ўқитдилар. Қўлимда ҳамширалик дипломи бор, ўзим тўйларда идиш-товоқ ювиб юрибман. Ойлиги қанча бўлса ҳам, мутахассислигим бўйича бирор жойга илинсам қани? Ҳозир бўш иш ўрнининг ўзи йўқ. Мардикор бозорида кунига 40-50 минг сўм топиш учун ўн, ўн беш соатлаб хонадонларда ишлашга тўғри келади. Зил-замбил қопларни кўтариш, уй анжомларини у ёқдан-бу ёққа суриш ростдан аёл кишига оғирлик қилади. Яна таниган-танимаганлар билан мулоқотга киришиш, куннинг иссиқ-совуғига қарамай, кўчада оч-наҳор иш кутиб ўтириш ва бизга арзон ишчи кучи сифатида атрофдагиларнинг қарашлари одамга оғир ботади.

– Болаларни кимга қолдириб чиқаяпсизлар? Уларнинг соғлиғига ким эътибор беради, тарбияси билан шуғулланадиган одам борми?
– Турмуш ўртоғим фалокат туфайли вафот этган. Узоқ йиллар мактабда ўқитувчи бўлиб ишладим. Соғлиғим кўтармагач, боғчага ишга ўтдим. Кўзим хиралашиб қолгач, у ердан ҳам кетишга тўғри келди. Беш-олти йилдан бери, мардикор бозоридаман. Уйда қарайдиган одам йўқлиги учун ўғлимни ўзим билан бирга ҳар куни мардикор бозорига олиб келаман, – дейди тошкентлик Жамила опа Расулова. – Уйимиз сотилиб кетган. Уй-жой масаласида Учтепа туман ҳокимиятига бир неча марта мурожаат қилдим. “Ерта кел, индин кел” билан ишимни ҳал қилиб беришмади. Паспортимни йўқотиб қўйганим учун нафақага ҳам чиқолмаяпман. Ўғлим мактабга бориши керак, топган пулим шунга кетяпти. Шаҳримиздаги замонавий лойиҳадаги янги қурилган уйлардан кредитга бўлса-да, олиш учун мурожаат қилмаган ташкилотим қолмади. Ҳатто туман халқ таълими бўлимидагилар фахрий ўқитувчи сифатида менга ёрдам беролмаслиги, Меҳнат вазирлигидан соғлиғим кўтарадиган бирор иш сўрашимни айтишди. Шу ҳам инсофданми?

– Орангизда аёл кишининг топган пули эвазига уялмай-нетмай ҳаёт кечираётган танбал, текинхўр эркакларнинг заифалари ҳам борми?
– Турмуш ўртоғим менга фақат фарзанд орттириш учун уйланган экан. Тўрт нафар болам бор. Энг кичиги ҳали иккига кирмаган. Ўзлари аёлларга ўхшаб, уйдан ташқарига чиқмайди. Иложсизликдан мардикор бозорига чиқиб кетдим, – дейди ёшгина оналаримиздан бири Ситора элмуродова. – Тирикчиликдан ортиб болаларимнинг соғлиғига етарлича эътибор беролмаяпман. Мардикор бозоридаги юзлаб аёллар орасидан иш топиб, ишлатгандан кейин меҳнат ҳақини олиш ўлимдан баттар. Устига-устак, эрим уйнинг нотозалиги, болаларнинг кўп касал бўлиши, ошхонада бирор таом бўлмаслигидан нолийди. Ахир, оила бахт-саодати учун кимдир курашиши керак-ку!..

Энди суҳбатимиз қизиган маҳалда қаердандир ички ишлар ходимлари пайдо бўлиб, мардикорларни дўқ-пўписа билан бекатдан ҳайдай бошлади. Эркаклар абжирлик билан йўлнинг ўртасидаги бетон тўсиқлар томонга қочди. Аёллар эса бир неча таҳқирлар остида пана-пастқам жойларга ҳайдалиб, “оҳ, иш…” деб кечки соат бешларгача пайт пойлаб ўтирди. Нозирлар эса кун бўйи мардикорлардан кўзини узмай, мушук-сичқон ўйинини давом эттирди. Ҳа, кейинги пайтда инсоннинг қадр-қиммати пасайиб кетаётгани ҳақ гап. Одамнинг ўз юртида бундай хўрланишига бефарқ қараб бўлмайди. Айтиш керакки, милитсионерларимиз ҳам халқ билан мулоқотга киришганда, маданият билан гаплашишга одатланса, яхши бўларди. Уларнинг бақир-чақиридан қўрққанидан мардикор аёлларнинг болалари ҳам йиғлаб юборишди.

Шу пайтда турмуш ўртоғининг муҳаббатига сазовор бўлиб, у топган пулни эҳтиёжи учун сарфлаб шод-хуррам ҳаёт кечираётган аёллар кўз ўнгимдан ўтди. Ҳозир улар бола-чақаси билан салқинлаш учун тоғларга чиқиб кетган, турмуш ўртоғининг янги машина олгани ёки янги уйга кўчиб ўтганидан бахтиёрлигини атрофдагилар билан бўлишиш учун тайёргарлик кўраётган бўлса, не ажаб!

Аммо мардикор бозорида юпун кийимларда, қоқ жазирамада ҳансираб иш кутиб ўтирган бу аёлларнинг айби нима? Уларнинг ҳам бекаму кўст яшагиси, ойда, йилда бир марта бўлса-да, чиройли либосларни кийиб, кино ёки театрга тушгиси келмайдими? Бу ишчилар ўз-ўзидан мардикор бозорига келиб қолаётгани йўқ. Аввал қишлоқ, тумандаги мутассадилардан иш сўраб бораяпти, ҳеч иложини тополмагач, шунча йўл босиб пойтахтга келаяпти. Демак, у яшаётган қишлоқдаги ҳаёт ҳам асал-қанд эмас. Миллионлаб эгатларга сочилган аёлларимизнинг ишини техника бажарадиган замонлар келган бўлса-да, ҳали ҳам кўпгина опа-сингилларимиз пахта майдонларидан бошини кўтармай меҳнат қиляпти.

Шу ўринда фермер хўжаликлари фаолияти ҳақида икки оғиз аччиқ сўз айтиш керакка ўхшайди.
Савол: Ер фермерларга фақат ўзлари бойиш учун берилганми? Бу саволга жавоб берадиган вақт ҳам яқин қолди.
Ҳеч бўлмаса, пахта йиғим-терим мавсумида теримчиларга яхшироқ ҳақ тўланса, улар икки-уч ой иш билан таъминланган бўларди. Шунда кўпчиликни норози қилаётган – ўқитувчи ёки шифокорларни пахта майдонларига жалб этиш масаласига ҳам ўз-ўзидан ечим топиларди. Шу ўринда, яна бир гап хаёлимдан ўтади. Хўш, маҳалладагилар қаерга қараяпти? Маҳалла раислари ўз фуқароларининг қаерда, нима ишлар билан шуғулланиб юрганини билармикан? Ахир, ҳар бир маҳаллада маънавий муҳит барқарорлигини таъминлаш, аҳолини ижтимоий қўллаб-қувватлаш борасида ҳукуматимиз томонидан озмунча эътибор берилаётгани йўқ.

Нега мардикор аёллар бундай ғамхўрликлардан четда қоляпти, турмуш қийинчиликларини елкасига олиб, қишлоқдан бош олиб кетаяпти? Бундан боқибеғам эркакларимизнинг виждони қийналмасмикин? Никоҳдан ўтаётганда турмуш ўртоғига ҳар қандай вазиятда ҳам ташлаб кетмасликка ваъда берган марду майдонлар қани? Айтишларича, аёл киши эркак кишининг чап қовурғасидан яралган экан. Қовурғангиз синса оғримайдими?

Баъзан матбуот анжуманларида журналистларни йиғиб, катта-кичик раҳбарлар, ишбошиларнинг олис қишлоқларимизда бир йилда қанчалаб цех ишга туширилгани, қанча одам иш билан таъминлангани ҳақида берган ахборотлари фақат ялтироқ ҳисобот учун, амалда эса шунинг ўндан бири ҳам йўқ экан-да! Бу жабрдийдалар фақат ўзи учун яшашга ўрганиб қолган беш-олтита ноинсоф, оёғи ердан узилган раҳбарнинг масъулиятсизлиги туфайли мардикор бозорларида сарғайиб юрибди.

Президентнинг “Аҳоли бандлигини ошириш ҳамда меҳнат ва аҳолини ижтимоий муҳофаза қилиш органлари фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорга мувофиқ Тошкент шаҳрининг ўзида саккизта вақтинчалик иш билан таъминлаш бюроси ташкил этилган. Мазкур қарорда меҳнат бозоридаги одамларни ижтимоий жиҳатдан ҳимоя қилиш, хавфсизлигини таъминлаш, ишга жойлаштириш, ёшлар, аёллар, айниқса, имконияти чекланган шахсларни касб-ҳунарга тайёрлаш, шунингдек, уларнинг талаб-еҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда моддий мадад бериш зарурлиги алоҳида қайд этилган.

Хўш, бу бюролар қандай самара бераяпти? Икки кун Шайхонтоҳур туманидаги вақтинчалик ишларни ташкил этиш бюросидан бунга жавоб ахтардим. Кунига бюрога юзлаб одамлар, аксарияти, хотин-қизлар мурожаат қилишаркан. Лекин натижа яна ўша эски ҳаммом, эски тос. Ёғоч шипларга жимжимадор ҳарфлар билан “Қишлоқ хўжалиги ишларини бажарувчилар, электрогаз пайвандчилар, дурадгорлар, бўёқчилар, ғишт терувчилар” деб ёзиб қўйилгани билан ишчиларга бунинг нафи тегмаса, бюро раҳбарларининг баландпарвоз гапларини келтиришдан нима фойда? Устига-устак, бу ерда хотин-қизларнинг касб-ҳунаридан келиб чиққан ҳолда бирорта иш ўрни эълон қилинмаган. Улардан фақат кўча супуриш, уй тозалаш, ер чопиш ёки юк ташиш учун фойдаланишаркан. Мардикорлар “кўча”дан харидор топиб, ўз кунини ўзи кўраётган бўлса, мазкур бюроларда расмиятчилик юзасидан бўлса ҳам қўшимча иш ярмаркалари ташкил этилмаса, ҳунармандлар билан очиқ мулоқотлар олиб борилмаса, тадбиркорлар билан ҳамкорликда янги иш ўринлари яратилмаса, қуруқ савлат тўкиб турган бундай биноларнинг кимга кераги бор?

Бироқ танганинг иккинчи томони бўлганидек, бугун ҳамма айбни раҳбарларга ағдариб, ўзини оппоқ қилиб кўрсатадиган замон эмас. Зеро, айни пайтда мамлакатимизда ижтимоий, иқтисодий соҳаларда юз бераётган янгиланишларга эътибор берайлик. Бу борада қанча қарорлар, фармонлар ва қонунлар қабул қилиниб, изчил ижроси таъминланяпти. Биргина мисол, оилавий тадбиркорликни йўлга қўйиш мақсадида аҳолига ҳар томонлама қулай услубларда кредитлар берилмоқда. Бунинг маъниси ва аҳамиятини тушунган одамлар аллақачон бундай имкониятдан фойдаланиб қолиш учун ўзининг бизнесини йўлга қўйган. Бугун улар қора-мол боқиш, паррандачилик ва полиз маҳсулотларини етиштириш билан астойдил шуғулланиб, моддий шароитини тиклаб оляпти, ҳеч кимдан кам бўлмай яшаяпти. Чекка-чекка қишлоқлардан пойтахтга иш излаб келиб сарсон-саргардон юрган аёллар ҳам бундай ҳаётбахш ўзгаришлардан унумли фойдаланиши керак-ку?! Бунга нима ҳалақит бераяпти. Улар қуллик, кимгадир муте бўлиб яшайдиган замонлар аллақачон ортда қолганини тушуниб етишларига умид қиламиз.

Бугун замон ўзгарди, бу янгиланишлар бозорларда, одамларнинг муносабатларида ҳам сезилиб турибди. Тўғри, ҳаётимиздаги барча муаммолар бир кунда ҳал бўладиган иш эмас. Лекин мустақиллигимизга йигирма олти йил тўлди. Жамиятимизда катта ўзгаришлар бўлишини яна шунча йил кутиб ўтириш керак эмас, албатта. Демак, ишсизлик муаммосини ҳал қилишда ҳар бир ташкилот катта иш қилиши мумкин. Масалан, республикамиздаги барча вилоят, шаҳар, туманлардаги хотин-қизлар қўмитаси раислари ҳокимнинг биринчи ўринбосари даражасига кўтарилгани бежиз эмас. Биргина, шу қўмита жамиятимизда хотин-қизларнинг ўрни ва фаолиятини кенгайтириш, уларни қийнаётган, ўйлантираётган ёки ташвишга солаётган муаммоларни ҳал қилишда камарбаста бўлса, шуни ўзи катта гап.

Аслини олганда Республика хотин-қизлар қўмитаси ушбу муаммоларни ҳал этишга қатъий бел боғлаганини биламиз. Фақат бу ишларнинг кўнгилдагидек ҳал этилишига жамоа бўлиб, ҳамжиҳатликда барчамиз кўмак беришимиз керак.
Хулоса: нима бўлганда ҳам, аёл бу — она — буюклик даражасига кўтарилган муҳтарам зотдир. Агар улар бахтли бўлса, юртнинг ҳам бахти бутун бўлади. Болажон элмиз. Ўғил уйлантириш, қиз узатишнинг ўзи бўлмайди. Ёш оилаларнинг уй-жойга эга бўлишининг ўзи бир муаммо. Лекин бу ташвишларга кўмилиб, хотин-қизларимиз ижтимоий ҳаётдан четда қолмаслиги керак. Аёл кишига уй ишлари, бола боқиш ва тарбиялашнинг ўзи етиб ортади, бунинг устига мардикор бўлиб пул топиши уят. Буни ҳаммамиз жиддий ўйлаб оладиган вақт келди.

Адиба УМИРОВА, “Ҳуррият” мухбири

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Мардикор бозоридан репортаж...