07:30 / 01.08.2018
7 889

Жазирамада дарддан фориғ бўлиш сирлари (фото, видео)

Жазирамада дарддан фориғ бўлиш сирлари (фото, видео)
Бухоронинг Олот туманида жойлашган, шифобахш туз кўли ҳақида эшитганмисиз? У Туркманистон чегарасининг яқинида жойлашган. Яна 2 км йўл боссангиз Лебап вилояти чегарасига етиб борасиз. (Электрон харитадан фойдаланадиганлар 39°14’40.84’’ — шимолий кенглик, 69°42’16.00’’ — шарқий узунлик координаталарини киритишлари мумкин).

Бу ерда қадимий кўлнинг тузга айланган қолдиқлари бор. Фақатгина ёз фаслида — саратон ойининг чилласида 40 кунча бу ер шифоталаблар билан гавжум бўлади. Биз июль ойининг 20-санасида бу ерга бордик ва автомобилимиз термометри ҳаво ҳарорати 57 даража эканлигини кўрсатиб турарди. Қуёш нурлари қумга урилиб, атрофни тандирдек қизитган, гармсел эсиб турарди.

Алоҳида қайд этиб жоиз, йилнинг қолган ойларида қум совийди ва керакли самарани бермайди. Шу сабабли бу маскан фақат мавсумий фаолият кўрсатади — 20 июндан 1 августгача гавжум бўлади, холос.

Беморлар шу ердаги кўплаб ўтовлардан бирида ётиб қолиб даволанишлари ҳам мумкин. Айримлар Олот шаҳридаги меҳмонхоналарда тунашади ёки Бухородан қатнаб даволанишади.

Бу ерга республикамизнинг деярли барча вилоятларидан шифоталаб инсонлар келган. Буни тўхтаб турган машиналарнинг авторақамларидан ҳам осонгина билиб олиш мумкин.

Шифо истагида келган беморлар, аввало, 10-15 дақиқа 60-65 даражагача қизиган чўл қумига кўмилишар экан. Қайд этиш жоизки, бунга дош бериш жуда қийин, қизиб турган қумга яланғоч кўмилишни у ёққа қўяверинг, унинг устида пойафзалда туриш ҳам улкан матонат талаб қилади. Ана шундан сўнг 20-30 дақиқагача туз устида ётишади, унга кўмилишади.

Қизиган қум танангизни юмшатади, тер сел бўлиб қуйила бошлайди. Сув ичиш мумкин эмас, гиёҳлардан тайёрланган илиқ чой беришади. Туз эса тер билан танадан чиқаётган дардни ўзига сингдириб олар экан.

Бизга ҳикоя қилиб беришларича, даволаш курси 3–5 кунни ташкил этади. Албатта, қум ё тузга киришдан олдин шифокор ташхис қўяди. Чунки бундай экстремал даволаниш услуби ҳаммага ҳам бирдек тўғри келавермайди.

Биз гапга тутган отахонлардан бири ҳар йили шу ерга келиб 3 кун қум ва тузга кўмилишини, шу билан бир йил давомида — келгуси саратонгача бел оғриғи ва оёқ оғриғи нималигини билмаслигини гапириб берди.

300 йилдан буён бу масканда бўғимлардаги оғриқлар, танага йиғилган тузлар остеохондроз каби дардлар мана шу йўл билан даволаниб келинмоқда.

Олот тумани ҳокимлиги вакилларининг Kun.uz’га маълум қилишларича, мазкур масканга катта инвестиция киритмоқчи бўлган, улкан шифо маскани барпо этиш истагида бўлган инвесторлар бор. Келгусида бу ер юртимизда ва хорижда донг таратувчи тиббиёт туризми учун истиқболли ҳудуд бўлишига шак-шубҳа йўқ.
Шуҳрат Шокиржонов

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Саломатлик » Жазирамада дарддан фориғ бўлиш сирлари (фото, видео)