08:17 / 14.02.2020
2 237

Давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш осонлашади

Давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш осонлашади
Фото: my.gov.uz
Ягона интерактив давлат хизматлари портали – my.gov.uz сайтида янги инструмент ишга туширилди. «Ҳаётий вазиятлар» деб номланувчи бўлим давлат хизматларидан фойдаланишни осонлаштириш, норматив ҳужжатларни қулай тарзда топишга ёрдам беради.

Бўлимда инсон ҳаётида энг кўп учрайдиган вазиятлар категорияларга ажратилган ҳолда жойлаштирилган.
Керакли категорияни танлаш орқали фойдаланувчи ўзи тушган вазиятни излаб топиши, бу вазиятда қонунчиликка асосан қандай йўл тутилиши, қайси норматив ҳужжатга асосланиши ва давлат хизматидан қандай фойдалана олиши ҳақида маълумотга фойдаланади.

«Битта масала юзасидан фуқаро бир неча идорага мурожаат қилиши, идоралар ўртасида сарсон бўлишига тўғри келади. Аслида одамлар давлат органлари ўзаро қандай алоқада бўлиши, хизматни қандай кўрсатиши, уни ким қаерда қандай кўрсатишини ўйлаши керак эмас. У шу хизматдан сифатли фойдаланиши керак холос. Бошқа жараёнлар – давлат органларининг иши. Мазкур инструментнинг ишга тушириш айнан шуни мақсад қилади», − дейди лойиҳа координатори Бунёд Ҳошимхўжаев.

Ҳуқуқшунос Дилшод Абдуқодировнинг айтишича, норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар билан ишлаш нафақат оддий фуқаро, балки ҳуқуқ соҳаси вакили учун ҳам қийинчилик туғдиради.

«Бизда норматив ҳужжатлар ниҳоятда тарқоқ ҳолда. Айнан битта муносабатнинг тартибга солиниши 2-3та ёки ундан ҳам кўп норматив ҳужжатга бўлинган. Вазирлик ва идораларнинг ҳам ўз ҳужжатлари бор.

Қайсидир йўналишда норматив ҳужжат борлигини биламиз, лекин уни топиб олишга қийналамиз. Мазкур инструментда дуч келиниши мумкин бўлган ҳаётий вазиятлар жамланиб, энг муҳимлари саралаб олинди
», − дейди ҳуқуқшунос.

UzInfoCom директор ўринбосари Мирсаид Мирмақсудовга кўра, ҳозирда давлат хизматлари реестрида 700дан ортиқ хизмат мавжуд бўлиб, улардан 170таси my.gov.uz порталига жамланган.

«Давлат хизматлари кўпая боряпти, бу билан порталдан фойдаланиш ҳам ноқулайлик туғдиради. Хизмат турини қидириб топиш қийинчилик туғдириши мумкин. Айнан конкрет вазиятдан келиб чиққан ҳолда ўзининг қандай йўл тутиши кераклигини аниқлашга бу инструмент ёрдам беради», − дея таъкидлайди у.

Бўлим 7та категорияни ўз ичига олади:

1. Фарзанд туғилиши – ҳомиладорлик бўйича рўйхатдан ўтиш, ҳомиладорлик ва туғиш таътилига чиқиш, таътил муддати, суюнчи миқдори, туғуруқхона хизматларидан фойдаланиш тартиби.
2. Меҳнат муносабатлари – иш қидириш, ишга киришда ҳужжатларни расмийлаштириш, ишсизлик нафақаси, малака ошириш ва қайта тайёрловдан ўтишда давлат хизматларидан фойдаланиш.
3. Оила қуриш ва оилани тугатиш – никоҳни расмийлаштириш, никоҳ ёшига етмаган шахс билан никоҳ тузиш, никоҳни бекор қилиш.
4. Пенсия расмийлаштириш ва уни олиш – иш стажи ҳисобланиши, тасдиқловчи ҳужжатлар, пенсия турини ўзгартириш, ишловчи пенсионерларга пенсия тўлови.
5. Яшаш жойида прописка ва рўйхатдан ўтиш – доимий пропискани олиш, пропискадан чиқиш, яшаш жойи бўйича вақтинча рўйхатга қўйиш.
6. Таълим – болани боғчага бериш, мактабга қабул қилиш, имтиёзлар, президент мактаблари, олий ўқув юртига кириш, магистратурада ўқиш.
7. Ногиронларнинг ижтимоий ҳимояси – ногиронликни расмийлаштириш, ногиронлиги бор шахслар учун нафақа, пенсия ва имтиёзлар.

Давлат хизматларини «Ҳаётий вазиятлар» мезони асосида категориялаш амалиёти жаҳонда кенг тарқалган. Хусусан, Канада ва АҚШ (17та вазият), Буюк Британия (16та вазият), Австралия ва ЖАР (14та вазият), Франция (11та вазият), Россия (9та вазият), Эстония (6та вазият) мамлакатларида ушбу принцип амал қилади.

Мазкур бўлимни молиялаштириш «Самарали давлат бошқаруви ва рақамли трансформацияни ривожлантиришга кўмаклашиш» дастури доирасида Буюк Британиянинг Ўзбекистондаги элчихонаси томонидан амалга оширилган.

Инструмент ҳозирда тест режимида ишлаётган бўлиб, кейинчалик категорияларнинг кенгайтирилиши, инструментдан фойдаланишни жисмоний имконияти чекланганлар учун ҳам қулайлаштириш кўзда тутилган.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Давлат хизматларидан онлайн фойдаланиш осонлашади