19:38 / 14.02.2020
2 986

Бош прокурор ўринбосари: Менинг идорам — прокуратуранинг ҳам ваколатлари жиддий қисқарди

Бош прокурор ўринбосари: Менинг идорам — прокуратуранинг ҳам ваколатлари жиддий қисқарди
Эркин Йўлдошев
Фото: «Ҳаракатлар стартегияси» маркази

Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар фаолиятининг ҳуқуқий асослари халқ манфаатларига бўйсундирилди. Бу ҳақда 14 февраль, жума куни, бўлиб ўтган «Ўзбекистон Республикаси Президенти Мурожаатномаси: Ҳаракатлар стратегиясининг 3 йиллик самараси ва 2020 йилга белгиланган устувор вазифалар» мавзусидаги халқаро форумда бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев айтиб ўтди.

«Дарё» мухбири Мусулмонбек Иброҳимовнинг хабар беришича, форум ишида бош прокурор ўринбосари «Қонун устуворлигини таъминлаш ва суд-ҳуқуқ тизимини янада ислоҳ қилиш»нинг иккинчи йўналишидаги вазифаларнинг аксарияти бажарилганини маълум қилган.

- «Ҳаракатлар стратегияси« асосида мамлакатнинг ҳуқуқий қиёфасини янгилашга, янгича бир ёндашувга эришишга муваффақ бўлдик. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идораларнинг қиёфаси янгиланди, улар фаолиятнинг ҳуқуқий асослари халқнинг манфаатларига бўйсундирилиб, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари устувор, деган фаолият кўрсатишга йўналтирилди.

Мана шу тадбирлар жараёнида менинг идорам — прокуратуранинг ваколатлари жиддий қисқарди. Бошқа идораларда ҳам шундай фаолият амалга оширилди ва бу жараён давом этмоқда. Тергов ва одил судлов билан боғлиқ бўлган процессуал нормалар жиддий ўзгарди ва ўзгаряпти.

Айримлари ҳақида айтиб ўтаман. Ушлаб туриш ва дастлабки терговни амалга ошириш муддатлари қисқартирилди. Ижтимоий хавфи катта бўлмаган жиноятларни тергов қилиш процедураси ўзгартирилди ва мамлакатда биринчи марта суриштирув институти жорий этилди.

Йиллар давомида биз учун мамлакат тараққиётига жиддий тўғоноқ бўлиб келаётган масалалар бор эди. У ҳам бўлса, далиллар мақбуллиги билан боғлиқ бўлган муаммолардир. Далиллар мақбуллиги билан боғлиқ нормалар конкретлаштирилди. Ноқонуний тергов усуллари қўлланилгани учун жавобгарлик кучайтирилди ва янги бир норма «далилларни сохталаштириш учун жавобгарлик» жорий этилди.

Инқилобий ўзгаришлардан бирини алоҳида таъкидламасликнинг иложи йўқ. Бу ҳам бўлса, айрим процессуал ҳаракатларни санкциялаштириш ваколатлари прокуратурадан олиниб, судлар ваколатига — ихтиёрига ўтказилди. Суднинг ўзида ҳам одил судловни ҳақиқатдан таъминлаб беришга қаратилган жуда катта процессуал ўзгаришлар рўй бердики, улардан биттаси: тарафларнинг тенглиги ва ҳимоя билан боғлиқ бўлган принципларнинг кучайиши, десам хато бўлмайди.

Эндиликда прокуратуранинг вазифаси нимадан иборат бўлади? Бугунги прокуратура чинакамига халқ прокуратурасига айланиши керак. Бу жараён давом этмоқда. Бугунги вазифаси — инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, халқ манфаатларини ҳимоя қилишдир.

Ўтган уч йил давомида судлар томонидан 1910 та оқлов ҳукми чиқарилган бўлса, шундан 566 таси прокурорларнинг протестлари билан бўлган. Бу бизнинг мамлакатнинг ҳуқуқий ҳаётидаги ўзгаришлардаги иштирокидан далолат берувчи бир омилдир, - дейди бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бош прокурор ўринбосари: Менинг идорам — прокуратуранинг ҳам ваколатлари жиддий қисқарди