2 494
Шерзод Шерматов: «Карантин вақтида интернет орқали қонуний пул топишни ўргата оладиган мутахассислар таклиф этилади»

Ҳозирги вақтда кўпчилик уйда эканини инобатга олиб, уйидан туриб интернет орқали пул топишни ўрганиш жуда муҳим. Кўпчиликка бу жуда қийиндек кўриниши мумкин, дейди халқ таълими вазири Шерзод Шерматов.
“Лекин, интернет орқали пул топиш мумкин бўлган платформалардан бири upwork.com га кириб кўрсам, ушбу платформа орқали Ўзбекистонда яшаб 10 минг доллар ва ундан юқори бўлган суммани шу вақтгача топган инсонлар анчагина экан.
Улар нафақат Тошкентда, балки республикамизнинг турли ҳудудларида яшаб, ҳозирги кунда бемалол уйидан туриб, чет элга ўз хизматларини кўрсатмоқдалар. Яъни, бу қўшимча даромад билан бирга, Ўзбекистонга валюта олиб келишга ҳам хизмат қилади. Мана, уларни баъзиларининг шу вақтгача ақлий меҳнати орқали қанча маблағ ишлаганини профилларидан кўчирмаларда кўришингиз мумкин”, - деб ёзади Ш.Шерматов.
Иш йўналишлари таҳлил қилинса, яхши даромад топадиганлар АКТ соҳаси мутахассислари эканлиги кўринади. Лекин, шу билан бирга, дизайнерлар, таржимонлар, иқтисодий таҳлилчилар каби қатор мутахассислар Ўзбекистонда яшаб, интернет орқали ўз хизматларини экспорт қилаётганлигини кузатиш мумкин.
“Бу платформа албатта инглиз тилидан ташқари бирон соҳада юқори малакани ҳам талаб қилади, лекин ундан бошқа камроқ малака талаб қиладиган (шунингдек, камроқ даромад топадиган) платформалар ҳам анчагина, масалан www.mturk.com www.clickworker.com ва бошқалар орқали юқори малака талаб қилмайдиган содда ишларни бажариб қўшимча даромад олиш мумкин.
Шунинг учун, бу каби тизимларда ишлаб тажрибага эга бўлган инсонлар томонидан онлайн дарс сифатида видеоролик тайёрламоқчи эдик. Яхши видеодарс чиқса, уни “онлайн-мактаб” каналларимиздаги дарсдан ташқари эфир орқали кенг тарқатардик.
Бунинг натижасида уйда ўтирган, интернетга уланган ёшларимизнинг қайсидир қисми вақтини бекор кетказмай, жуда бўлмаса 300-400 доллар ойига қўшимча даромад топишни бошласа жуда яхши иш бўлар эди. Бугунги селекторда Давлатимиз Раҳбари томонидан нафақат карантин чораларини кўриш, балки аҳоли даромадларининг кескин пасайиб кетишини олдини олиш зарурлиги ҳақида ҳам алоҳида вазифалар белгилаб берилди. Ушбу йўналишда қандай имкониятлар бўлса, ҳаммасини сафарбар этишимиз, яхши тажрибалар бўлса уларни ўртоқлашиб, бошқаларга ўрнак сифатида кенгроқ ёйишимиз керак.
Агар орангизда кимнингдир шундай тажрибасини видеодарс сифатида ёритишга қизиқиши бўлса, марҳамат, ушбу эълонга топшириши мумкин:
https://www.upwork.com/…/ap…/1248612377679630336/job-details (фақат upwork орқали ҳақиқатда пул топганлар топшира олади ва албатта ушбу видеодарс учун пул тўланади).
Ёки ҳозирги кунда яна бошқа қонуний йўллар орқали интернетда қўшимча даромад топаётган бўлсангиз ва ўз тажрибангиз билан бўлишмоқчи бўлсангиз, ушбу постга изоҳ сифатида қолдирсангиз ҳам бўлади. Сизнинг тажрибангизни кенгроқ оммага ёйишга ҳаракат қиламиз”, - деб ёзади вазир.
Таъкидланишича, яхши билим ва кўникмага эга инсонлар ҳар қандай шароитда ҳам яхшироқ даромад топа олишига бу яна бир мисол, шунинг учун ёшлар уйда вақтини бекор ўтказмай дарсларини қилиб, чет тиллари ва АКТни ўрганишга ҳаракат қилишлари зарур.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар