
8-март – Халқаро хотин-қизлар кунини гулсиз тасаввур қилиб бўлмайди. Эҳтимол янгиланиш ойи баҳорнинг боши бўлгани учун ҳамдир. Аммо совға қилинадиган гуллар фақатгина чиройи учун эмас, балки улар орқали билдириладиган рамзий маънолар билан ҳам аҳамиятлидир. Қуйида энг кўп тарқалган гуллар ва уларнинг маънолари ҳақида сўз юритамиз.
Лола – муҳаббат ва ҳурмат
Лола – баҳор ва янги ҳаёт тимсоли. Қизил лолалар муҳаббат ва садоқат рамзи ҳисобланади. Оқ лола эса поклик ва самимийликни ифодалайди. Сариқ лолалар эса қадрлаш ва дўстона муносабатни англатади. Россияда лолалар ва мимоза энг кўп тарқалган 8-март совғаси ҳисобланади.
Мимоза – аёллар куч-қудрати
Айниқса, Италияда 8-мартда аёлларга мимоза гули совға қилиш одатий ҳол. У аёлларнинг нозиклиги билан бирга, чидамлилиги ва иродасини ҳам ифодалайди.
Атиргул садоқат ва меҳр
Қизил рангли атиргуллар – муҳаббат ва садоқат тимсоли. Оқ атиргул эса беғуборлик, поклик ва тинчлик маъносини англатади. Сариқ ранглиси дўстлик ва хушкайфият белгиси, пуштиранг атиргул эса орзу ва ноёблик тимсолидир. АҚШ ва Европада атиргуллар, лилиялар кенг тарқалган бўлиб, улар меҳр ва қадрлаш белгиси сифатида тақдим этилади.
Орхидея – нафислик ва латофат
Орхидея нафосат ва латофат тимсоли сифатида қаралади. У ноёблик, зиёлилик ва табиий гўзалликни ифодалайди. Бу гулни эътибор ва қадрлаш белгиси сифатида ҳадя қилиш мумкин. Хитойда лотос ва орхидея аёлларга мукаммаллик ва поклик белгиси сифатида берилади.
Спатифиллум – аёл бахти гули
Бу гул халқ орасида «Аёл бахти» деб номланади. У оилавий осойишталик ва аёллар учун руҳий тинчлик рамзи сифатида талқин қилинади.
Лилия – поклик ва меҳрибонлик
Оқ лилия – беғуборлик ва ёрқинлик тимсоли, ёрқин рангли лилиялар эса яхши ният ва юксак эҳтиром белгиси сифатида совға қилинади. Францияда лилия ва романтик гуллар совға қилиш кенг тарқалган.
Нарцисс – умид ва ишонч
Нарцисс гули янги умид ва ишонч рамзи бўлиб, ўзини қадрлаш ва мустақиллик ҳиссини англатади. Сабаби у баҳорнинг илк кунларида очилади. Уни кўпроқ ўз-ўзини ривожлантириш ва шахсий куч-қудрат рамзи сифатида кўришади.
Хризантема – узоқ умр ва тинчлик
Хризантемалар асосан қадрлаш ва эҳтиром белгиси сифатида берилса, қизил хризантема муҳаббатни, оқи эса сидқидиллик ва тозаликни билдиради. Японияда сакура (гилос гуллари) ва хризантемалар аёлларга бериладиган энг қадрли гуллар ҳисобланади.
Гул танлашда нималарга эътибор бериш керак?
Гул совға қилиш – бу фақат чиройли анъана эмас, балки инсонга билдирилган эҳтиром ва ҳурмат белгиси ҳамдир. Гул танлашда аёлнинг табиати, қайси рангни исташи ёки яхши кўриши ва гулнинг қандай маънога эгалигини ҳисобга олиш муҳимдир.
Байрамда аёлларга совға қилинган гуллар уларнинг нафақат гўзаллик ва назокатини, балки бор салоҳиятини ҳам намоён қилади. Демак, гул танлашда унинг рамзий маъносини ҳам инобатга олиш орқали янада самимий ва чуқур ҳис-туйғуларни ифодалаш мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар