12:30 / 05.03.2025
5 493

Шавкат Мирзиёев Фавқулодда вазиятлар вазири нега ишдан олинганини айтди

Шавкат Мирзиёев Фавқулодда вазиятлар вазири нега ишдан олинганини айтди
Фавқулодда вазиятлар вазири ва унинг ўринбосарлари қурилишга рухсат бериш, бинони топширишда ёнғин хавфсизлиги бўйича бюрократия ва қонун бузилиш кўпайиб кетгани учун ишдан олинган. Бу ҳақда президент Шавкат Мирзиёев Коррупцияга қарши курашиш бўйича миллий кенгаш йиғилишида айтиб ўтди.

«Коррупцияни таг-томири билан қуритиш учун аввало инсон омили ва қоғозбозликни камайтиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Масалан, аҳолига ер бериш жараёнида фуқаролар ҳоким ва ўнга яқин идоралар ўртасида сарсон бўлиб юрарди. Умуман, бу соҳа коррупция “ўчоғи”га айланган эди.

Ерни ҳоким қарори билан ажратишдан тўлиқ воз кечилиб, аукцион тизимига ўтилгани натижасида бу тизим халқчил бўлди.

Қурилиш соҳаси энг коррупциялашган соҳалардан бири эди. “Шаффоф қурилиш” дастури жорий этилганидан кейин бу йўналишда ҳам ижобий ўзгаришлар сезилмоқда.

Илгари инвестиция дастурига кирган объектларни қурадиган пудратчилар мингтага ҳам етмасди. Ўтган йили 13,5 мингта объект қурилишида 4 мингдан зиёд пудратчи иштирок этди. Соҳа рақамлашгани ҳисобига ўтган 4 йилда 3,6 триллион сўм бюджет маблағи тежалди.

Лекин қурилишга рухсат бериш, бинони топширишда ёнғин хавфсизлиги бўйича бюрократия ва қонун бузилиш кўпайиб кетгани учун ўтган ҳафта фавқулодда вазиятлар вазири ва унинг ўринбосарлари ишдан олинди», дейилади давлат раҳбари матбуот хизмати хабарида.

2025 йил феврал ойи охирида Абдулла Қўлдошев ФВВ раҳбари лавозимини тарк этди. У 2018 йилдан фавқулодда вазиятлар вазирининг биринчи ўринбосари сифатида амалда вазирлик раҳбари ҳисобланган, 2022 йил мартида расман вазир лавозимига тасдиқланганди. Унинг ўрнини ҳарбий прокурор Ботир Қудратхўжаев эгаллади.

4 март куни эса янги вазирга ўринбосарлар тайинланди: Хуршид Сотиев ФВ профилактикаси бўйича, Нуриддин Қодиров кадрлар масалалари ва маънавий-маърифий ишлар бўйича вазир ўринбосари лавозимларида иш бошлаган.

Фавқулодда вазиятлар вазирининг қурилиш ва муҳандислик муҳофаза ишлар бўйича ўринбосари лавозими ҳозирча бўш қолмоқда. Бу лавозимда 2018 йил августидан буён Шуҳрат Жўраев ишлаб келаётганди.

Шунингдек, 2023 йил майида фавқулодда вазиятлар вазири ўринбосари лавозимига тайинланган Хуршид Алибоев энди ўринбосарлар рўйхатида йўқ. Вазирликнинг олдинги раҳбариятидан фақат бир киши – 2023 йил майидан буён ФВВ раҳбари биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган Санжар Зупаров қолган.

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият