date
views 14 884

“Ер бермоқ – жон бермоқ”

“Ер бермоқ – жон бермоқ”
Сўнгги вақтларда Тошкент шаҳрида хитой тилидаги баннер ва рекламалар кўпайиб бормоқда. Бу ҳолат ижтимоий тармоқларда муҳокамаларни келтириб чиқаряпти. Охирги кунларда хитойликлар Тошкентда кўплаб ерларни ҳам сотиб олаётгани ҳақида миш-мишлар ҳам урчиди. 6 март куни Кадастр агентлиги бу миш-мишларни асоссиз деб атаб, баёнот эълон қилди.

Кадастр агентлиги ушбу вазиятда жамоатчиликни тинчлантиришга уринаётганига иқтисодчи Отабек Бакиров “Ер бермоқ – жон бермоқ” дея муносабат билдирди. У турли спекуляцияларни бир четга йиғиштириб қўйган ҳолда, хорижликларга ер ажратиш билан боғлиқ хавотирларни тўғри тушуниш лозимлигини таъкидлаган.

“Албатта, Ер кодексида чет эллик фуқаролар ва юридик шахслар, фуқаролиги бўлмаган шахслар, чет эл инвестициялари иштирокидаги корхоналар ер участкаларига фақат ижара ҳуқуқи асосида эга бўлиши мумкинлиги белгиланган.

Айни пайтда тобора мураккаблашиб бораётган глобал реалликларда, янги ва янги чақириқлар яратаётган хатарлар тўлқинида бу мезон етарли эмаслигини тушуниш лозим. Ижтимоий кайфият ҳам қабул қилиши қийинлашиб бораверади.

Шу маънода, 2021 йилда бошланган Ер ислоҳотининг навбатдаги босқичларида Ер участкасига талабгор чет эл инвестициялари иштирокидаги корхона бўлса, унинг камида 51 фоизи Ўзбекистон фуқароларига бевосита ёки билвосита тегишли бўлишини назарда тутувчи, шунингдек, чет эл юридик шахслари ва чет эл фуқароларининг ер участкаларига ижара ҳуқуқини кескин чекловчи қоидалар киритилиши зарур”,– деб ёзди Бакиров.

Унинг таъкидлашича, Ерга нисбатан хорижликларга оид алоҳида қаттиқ қоидалар қатор мамлакатларда мавжуд ва умуммиллий консенсус ҳисобланади. Ерга оид дискуссия инвестиция муҳитига салбий таъсир кўрсатиши мумкинлиги ҳақидаги хавотирлар ўринга эга эмас, дейди иқтисодчи.

“Зеро Ўзбекистонга келаётган соғлом инвестор, энг аввало инвестицияларидан фойда кўриш мақсадида келади, ер олиб латифундистга айланиш ё ер портфелига эга бўлиш мақсадида эмас. Қолаверса, инвестицион муҳитни (нафақат хорижлик инвесторларга, ўзбекистонликларга ҳам) ўнлаб бошқа омиллар ёмонлаштирмоқдаки, шу ҳақида қайғуриш ўринлироқ бўларди”, – деб ёзди у.

Олтин конлари ва корхоналар

Аввалроқ жорий йилнинг феврал ойида қимматбаҳо металларни олтин изловчилар усулида қазиб олиш учун Навоий вилоятидаги 31 та ер қаъри участкаси электрон аукцион орқали 25,1 млрд сўмга сотилгани ҳақида хабар бергандик. Навоийда олтин излашга инвестиция киритаётганлар орасида хитойликлар талайгина. Сотувга қўйилган 31 та олтин майдонини ўзлаштириш ҳуқуқини олган 12 та компаниянинг аксариятида таъсисчилар қаторида камида бир нафар хитойликни кўриш мумкин.

“Ер қаъридан фойдаланиш маркази” ДМ жамоатчиликда Навоийдаги 31 та кон хитойликларга сотилгани ҳақида хавотирлар асоссиз экани ҳақида баёнот билан чиқди. Марказ олтин конларига инвестиция киритган корхоналар қаторида Хитой фуқароларига тўлиқ тегишли бўлган бирорта ҳам корхона йўқлигини билдирди.

Кейинроқ Тошкентдаги Magic city паркида хитойликлар турли байроқларни кўтариб митинг ўтказгани жамоатчиликда саволлар туғдирди. ИИВ бу митинг эканини рад этиб, Huawei компанияси ходимларининг жамоавий югуриш акцияси эканини маълум қилди. Вазирлик ўз баёнотида бу акцияни “бизнинг ҳам идора ва ташкилотлар ўрнак олса арзийдиган тадбир” деб атади.

2025 йил 1 феврал ҳолатига, Ўзбекистонда хорижий капитал иштирокидаги компаниялар сони бўйича Хитой биринчи ўринга чиқди. Бир йил давомида Ўзбекистондаги Хитой компаниялари сони қарийб 43 фоизга кўпайиб, 3 467 тага етган.
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » “Ер бермоқ – жон бермоқ”