
"Рома”ни инқироздан қутқариш учун нафақат яна мураббийлик курсисига қайтган Клаудио Раньери юқори савияли мутахассис эканини амалда исботлаб келмоқда.
Жозе Моуриньо даврида олтинчи ўриндан юқорига кўтарила олмаган жамоани қабул қилиб олган клуб афсонаси Даниэле Де Росси ҳам, А Сериядаги муваффақиятли фаолияти билан кўзга ташланган Иван Юрич ҳам “Рома”нинг ишларини ўнглай олмаган эди.
Охирги икки мураббий даврида “бўрилар” жорий мавсумнинг ўзида мусобақа жадвалида аутсайдерлар қаторига яқинлашиб қолганди. Жамоанинг Европа лигасида умумий босқичдан чиқиш имкониятлари жуда паст баҳоланаётган эди. Энг ёмони, ўйинчилар ўзига ва бир бирига бўлган ишончни йўқотганди.
Клаудио Раньери пойтахт жамоасини қабул қилиб олиши билан ички муҳитни соғломлаштирди. Аввалги мураббийлар даврида заҳирага михланган бир неча ўйинчиларга ўзини кўрсатиш имконини берди. Натижада “Рома”да ички рақобат қайта пайдо бўлди. Матиас Суле, Элдор Шомуродов, Лоренцо Пеллегрини, Матс Хуммельс каби ўйинчилар яна порлай бошлади.
Биз учун аҳамиятли томони шундаки, Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори ва тўпурари Элдор Шомуродов “Рома”да керакмас ўйинчидан қаҳрамонга айланди. 29 ёшли форвардимиз нафақат Артём Довбикка ўринбосар бўла олишини, балки қимматбаҳо ҳужумчи билан рақобатлаша олишини ҳам кўрсатиб келмоқда.
Клаудио Раньери келганидан кейин Элдор Шомуродовнинг ўйин вақти кескин ошди. Легионеримиз бир неча маротаба учрашувни бошланғич таркибда бошлади. Элдор айрим жиҳатлар, хусусан, жамоа ҳужумкорлигини ошириш, жамоавий ўйин, Пауло Дибала ва Матиас Суле каби етакчи ўйинчилар билан ҳамкорликда баҳамжиҳат ҳаракат қилишда рақобатчиси Артём Довбикдан устун эканини намойиш қилди.
Элдорнинг ягона камчилиги кўп гол ура олмаётгани бўлиб турибди. Бироқ ҳамюртимизнинг бошқа устунликлари бу камчиликни ёпиб юбормоқда. Бош мураббий Клаудио Раньеридан тортиб, унинг штабидаги мутахассислар, жамоадаги футболчилар ва ҳатто мухлислар ҳам буни тўғри қабул қилмоқда.
Хусусан, “Эмполи”га қарши ўтказилган учрашувдан кейин журналистлар бош мураббий Клаудио Раньеридан ўзбек футболчисининг иккита қулай вазиятни бой берганига муносабат сўради. 73 ёшли мутахассис бунга қуйидагича фикр билдирди.
- Шомуродов ажойиб йигит. Гол уролмаганидан сиқилди. Мен унга энг муҳими – зарур пайтда, керакли жойда пайдо бўлиш эканини тушунтирдим. Голлар уриладиган ва ўтказиладиган нарса холос. Элдор бизга бир неча учрашувлар тақдирини ҳал қилиб берди.
Шомуродовга менинг ёшим катта эканини, бутун учрашув давомида мени босим остида ушлаб турмаслигини айтиб, бу ёшда мени кўп ҳам ҳаяжонлантирмаслигини сўрадим, - деди Клаудио Раньери.
Энди римликлар Европа лигасидаги учрашувга тайёргарлик кўради. Раньери шогирдлари 13 март куни нимчорак финал жавоб ўйинида “Атлетик Бильбао” меҳмони бўлади. Баҳс Тошкент вақти билан соат 23:45 да бошланади.
Эслатиб ўтамиз, биринчи беллашувда Элдор Шомуродовнинг сўнгги сонияда киритган голи “Рома”нинг 2:1 ҳисобдаги устунлигини таъминлаб турибди.
Элдор Шомуродов жорий мавсумда 25 та учрашувда майдонга тушиб, ўз ҳисобига бешта гол ва учта самарали пас ёздириб қўйган. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар