17:26 / 15.12.2021
2 372

Ўзбекистон армиясида янги «Довюрак жангчи» фарқловчи нишони жорий этилмоқда

Ўзбекистон армиясида янги «Довюрак жангчи» фарқловчи нишони жорий этилмоқда
Фото: Norma
Президентнинг «Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларининг жисмоний тайёргарлигини юқори даражада ташкил этиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарори қабул қилинди, деб хабар беради Norma.

Ҳужжат билан қуйидагилар тасдиқланди:
  • Ўзбекистон Қуролли Кучлари ҳарбий хизматчиларини интенсив синовлардан ўтказиш ва уларни «Довюрак жангчи» фарқловчи нишони билан тақдирлаш тартиби тўғрисидаги низом;
  • «Довюрак жангчи» фарқловчи нишонининг кўриниши ва тавсифи.

Низом Мудофаа вазирлиги, ИИВ, ФВВ, Миллий гвардия ва ДХХнинг контракт бўйича хизмат қилаётган ҳарбий хизматчиларини интенсив синовлардан ўтказиш ва уларни «Довюрак жангчи» фарқловчи нишони билан тақдирлаш тартибини белгилайди.

Интенсив синов деганда ҳарбий хизматчиларнинг жисмонан бақувватлигини, чидамлилигини, экстремал шароитларда турли жисмоний юкламаларга руҳий бардошлилигини синаш бўйича машқлар мажмуи тушунилади.

Шунингдек, низомда мослашувчанлик кўникмаси, пиёда юриш (марш-югуриш), руҳий барқарорлик, куч машқлари, ягона тўсиқли йўлак, ҳарбий қисмлар, ҳарбий хизматчиларнинг жисмоний тайёргарлиги, экстремал шароит каби тушунчалар қўлланилади.

Интенсив синовларни ўтказиш ва «Довюрак жангчи» фарқловчи нишони билан тақдирлаш ҳар йили қуйидаги тартибда амалга оширилади:
  • интенсив синовларда қатнашиш истагини билдирган ҳарбий хизматчилар 15 августга қадар бевосита командирларига (бошлиқларига) билдирги билан мурожаат қилади;
  • номзодларнинг билдиргилари 25 августга қадар ҳарбий қисмларнинг умумий йиғилишида, уларнинг охирги бир йиллик хизмат фаолиятини муҳокама қилган ҳолда кўриб чиқилади ва номзодларнинг рўйхати 1 сентябрга қадар Интенсив синовларни ўтказиш комиссиясига тавсия этилади;
  • комиссия номзодларни тиббий кўрикдан ўтказади ва интенсив синов босқичларида иштирок этишга рухсат беради;
  • интенсив синовлар ҳар йили 15 сентябрдан 30 сентябрга қадар ҳар бир вазирлик ва идоранинг интенсив синовларни ташкил этиш ва ўтказиш тўғрисида ички идоравий ҳужжатига мувофиқ алоҳида-алоҳида ўтказилади. Интенсив синовлар уч босқичда ўтказилади: (I босқич — комплекс куч машқларини бажариш; II босқич — 30 километр масофага пиёда юриш (марш-югуриш); III босқич — ягона тўсиқлар йўлагида умумий назорат машқини, ўқотар қуроллардан (автомат ёки тўппонча) амалий отиш машқини ва пичоқ улоқтириш машқини бажариш);
  • комиссия 30 сентябрга қадар интенсив синовлардан муваффақиятли ўтган иштирокчиларни аниқлайди;
  • интенсив синовлардан муваффақиятли ўтган ҳарбий хизматчилар тегишли вазирлик ёки идора раҳбари томонидан 1 ноябрга қадар «Довюрак жангчи» фарқловчи нишони билан тақдирланади ҳамда ҳарбий унвон ва лавозим маошининг бир баравари миқдоридаги бир йўла тўланадиган бир марталик пул мукофоти билан мукофотланади.

Ҳарбий хизматчиларга берилган «Довюрак жангчи» фарқловчи нишони бутун хизмат фаолияти давомида сақланади ва кўкракнинг ўнг томонига тақилади. Хизмат бурчини қўпол равишда бузган, хизмат фаолияти давомида ҳарбий интизом талабларига зид хатти-ҳаракатлар содир этган, ҳарбий хизматчининг ор-номуси ва қадр-қимматини, ҳарбий бўлинма ёки Қуролли Кучларнинг нуфузини обрўсизлантирган ҳарбий хизматчи мазкур фарқловчи нишондан вазирлик ва идора раҳбари томонидан маҳрум қилиниши мумкин.

Интенсив синовлар натижаларидан норози бўлган иштирокчилар унинг натижалари эълон қилинган кундан эътиборан бир сутка ичида апелляция комиссияларига шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Ҳужжат қонун ҳужжатлари маълумотлари миллий базасида эълон қилинган ва 2021 йил 11 декабрдан кучга кирди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ўзбекистон армиясида янги «Довюрак жангчи» фарқловчи нишони жорий этилмоқда